• eye Махсус имкониятлар
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
№1299 Сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз беришини ташкил этиш тўғрисида  
20.06.2023
1309

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг қарори

 

№1299                                                   2023 йил  20 июнь

 

Сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз беришини ташкил этиш тўғрисида

 

Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз беришини ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 16 ва 57-моддаларига асосан Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:

1. Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар учун сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш ўтказилсин.

2. Белгилансинки:

муддатидан олдин овоз бериш 2023 йил 28 июнь куни бошланиб 2023 йил 5 июль куни якунланади;

сайлов участкасида муддатидан олдин овоз бериш вақти иш кунлари соат 9:00 дан соат 18:00 га қадар, дам олиш ва байрам кунлари соат 11:00 дан соат 17:00 га қадар давом этади;

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш ушбу сайлов участкалари жойлашган ердаги маҳаллий вақт билан соат 9:00 дан соат 18:00 га қадар амалга оширилади.

3. Маълумот учун қабул қилинсинки, Сайлов кодексининг 561-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатдаги дипломатик ва бошқа ваколатхонаси ҳузурида тузилган участка сайлов комиссияси сайловчиларнинг турган жойида муддатидан олдин овоз бериш вақти ҳамда жойи тўғрисида қарор қабул қилади ва бу ҳақда сайловчиларни, кузатувчиларни оммавий ахборот воситалари орқали хабардор этади.

4. Марказий сайлов комиссияси Котибияти (Х. Маматов) муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларига сайлов округи ҳудудидаги сайловчилар умумий сонининг 5 (беш) фоизи миқдорида сайлов бюллетенлари ва зарур канцелярия буюмлари 2023 йил 22 июнга қадар етказиб берилишини таъминласин.

5. Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари участка сайлов комиссияларига сайлов участкаси ҳудудидаги сайловчилар умумий сонининг 5 (беш) фоизи миқдорида сайлов бюллетенлари ва зарур канцелярия буюмларини 2023 йил 25 июнга қадар етказиб берсин.

6. Участка сайлов комиссиялари:

сайлов участкаси ҳудудидаги сайловчиларни муддатидан олдин овоз бериш куни, вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилсин;

сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз бериш бўйича мурожаатларини ўз вақтида қабул қилсин;

муддатидан олдин овоз бериш сайлов қонунчилиги талаблари асосида ўтказилишини таъминласин.

7. Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиялари:

участка сайлов комиссияси биносида муддатидан олдин овоз беришни Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 14 апрелдаги 1066-сон қарори асосида;

сайловчиларнинг турган жойида муддатидан олдин овоз беришни Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 22 октябрдаги 966-сон қарори асосида амалга оширсин.

8. Ташқи ишлар вазирлиги мазкур қарорни Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиялари эътиборига етказилишини таъминласин.

9. Мазкур қарор матни Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.

10. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклатилсин.

 

 

Раис                                                                               З. Низамходжаев