• eye Махсус имкониятлар
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Фаолият сарҳисоб қилиниб, истиқболдаги режалар белгилаб олинди
17.07.2021
2743
2021 йил 7 июль куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишни Комиссия раиси З.Низамходжаев олиб борди.

2021 йил 7 июль куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишни Комиссия раиси З.Низамходжаев олиб борди.

Тадбирда Марказий сайлов комиссияси томонидан 2021 йил биринчи ярим йилликда амалга оширилган ишлар атрофлича сарҳисоб қилиниб, Комиссиянинг иккинчи ярим йилликга мўлжалланган иш режаси муҳокама қилинди.

Кун тартибидаги масала юзасидан Комиссия котиби Х.Маматов маъруза қилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси 2021 йил биринчи ярим йилликда ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Сайлов кодекси, Марказий сайлов комиссиясининг регламенти, Марказий сайлов комиссиясининг Котибияти тўғрисидаги низом, шунингдек, Комиссиянинг 2021 йил 6-январдаги қарори билан тасдиқланган Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил биринчи ярим йиллигига мўлжалланган иш режасига мувофиқ амалга оширди.

Ҳисобот даврида Комиссиянинг 14 та йиғилиши ўтказилиб, 33 та қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ Комиссия фаолиятига оид 11 та янги низом тасдиқланди, 1 та низом ва 1 та йўриқномага ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Қолаверса, Комиссия Раисининг 73 та Фармойиши қабул қилинди.

Марказий сайлов комиссияси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ва бошқа қатор қарорлар қабул қилинган.

Бундан ташқари, ҳисобот даврида Комиссия томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2 нафар депутати ва Сенатнинг 6 нафар аъзосининг муддатидан олдин ваколатлари тугатилиши муносабати билан қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатдан чиқарилди. Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорлари билан 4 нафар янгидан сайланган Сенат аъзолари рўйхатга олинди.

Марказий сайлов комиссияси ҳамда Давлат бошқаруви академияси, Тошкент давлат юридик университети, Бош прокуратура академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси ҳамда Ногиронлар жамияти, Кўзи ожизлар жамияти, Карлар жамияти ва Ногиронлар ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида келишувлар  имзоланди.

“Сайлов қонунчилиги ва амалиёти бўйича ўқув-амалий қўлланма”, “100 саволга – 100 жавоб”, “Сайловга тайёргарлик кўриш жараёнини моллиялаштириш”, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмлари” мавзуларида рисолалар тайёрланди.

2021 йил 27 апрель–1 май кунлари ЕХҲТ ДИИҲБ директори Маттео Мекаччи бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ташриф доирасида МСК раҳбарияти, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ вакиллари билан тадбирлар ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси вакилларининг хорижий давлатларда бўлиб ўтган сайловларда кузатувчи сифатида, халқаро ташкилотлар миссиялари таркибида иштирок этиши таъминланди.

Комиссия ходимлари томонидан ҳисобот даврида оммавий ахборот воситаларида 200 дан ортиқ чиқишлар қилинди, жумладан 80 маротаба телерадиоканалларда, 50 маротаба газета ва журналларда ҳамда юздан ортиқ интернет нашрларида турли мавзуларда материаллар ёритилди.

“Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Котибиятида иш юритиш ва ҳужжатлар ижросини назорат қилиш тўғрисида”ги Йўриқнома лойиҳаси ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.

2021 йилнинг биринчи яримида Комиссияга жами 152 та мурожаат келиб тушиб, қонунчиликка белгиланган тартибда кўриб чиқилди.

Яна бир жиҳат. Covid-19 пандемиясига қарамасдан, Марказий сайлов комиссиясида ишларнинг тўғри ва самарали ташкил этилган, Комиссиянинг 2021 йил биринчи ярим йилликга мўлжалланган иш режаси, белгиланган вазифа ва топшириқлар ижроси таъминланган.

Шунингдек, йиғилишда Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил иккинчи ярим йилликга мўлжалланган – норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказишни самарали ташкил этиш, Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, унинг ахборот маконида иштирокини кенгайтириш, комиссия фаолиятида ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш, халқаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, сайлов комиссияларини моддий-техника жиҳозлари билан таъминлаш ва Марказий сайлов комиссияси фаолиятини молиялаштириш каби еттита бўлим, 37 та банддан иборат иш режаси муҳокама марказида бўлди.

Қизғин муҳокамалардан сўнг Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил биринчи ярим йиллигида амалга оширган ишлари юзасидан ҳисоботи ҳамда 2021 йил иккинчи ярим йиллигига мўлжалланган иш режасини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.