• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Ўзбекистон катта сиёсий жараён арафасида
27.09.2019
2698
2019 йилнинг 22 декабрида мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади. Айни пайтда сайлов кампанияси бошланган. Ушбу муҳим воқелик ҳақида хорижий оммавий ахборот воситаларида қатор хабар ва янгиликлар бериб борилмоқда.

2019 йилнинг 22 декабрида мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади. Айни пайтда сайлов кампанияси бошланган. Ушбу муҳим воқелик ҳақида хорижий оммавий ахборот воситаларида қатор хабар ва янгиликлар бериб борилмоқда.

Хусусан, Хитойнинг “Синьхуа” ахборот агентлиги томонидан мазкур сиёсий жараёнга бағишлаб тарқатилган махсус хабарда Ўзбекистонда сайлов кампанияси бошланганлиги айтилади.

Унда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот марказида бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида сайлов кампанияси 20 сентябрдан бошланиши эълон қилинди, 2019 йил 22 декабрь куни эса Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови куни бўлиб ўтади. Мазкур муҳим сиёсий тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни юқори даражада ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури тасдиқланди.

Туркиянинг “Anadolu” янгиликлар агентлиги мухбирларининг фикрича, Ўзбекистон сўнгги йилларда тараққиётнинг янги, жадал демократик босқичига қадам қўйди. Шу сабабли, сайловлар ҳам янгича руҳ ва замонавий тамойиллар асосида ўтказилиши кутилаётир.

Агентлик 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловлар мамлакатни ривожлантиришнинг бешта муҳим устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган демократик ғоя ва тамойилларнинг амалдаги ёрқин ифодаси бўлишига ишонч билдиради. Замонавий Ўзбекистон сиёсий ҳаётида, “Anadolu” ёзганидек, кўппартиявийлик, сиёсий плюрализм, фикрлар хилмахиллиги, очиқлик ва ошкоралик, бағрикенглик тамойиллари тобора мустаҳкам ва кенг ўрин олмоқда.

Америка Қўшма Штатларининг “MENAFN” агентлиги томонидан “Бўлажак парламент сайловларини ЕХҲТ ДИИҲБнинг тўлақонли мис¬сияси кузатиб боради” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Материалда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Ўзбекистонда сайловолди муҳити ва уларга тайёргарлик жараёнини, мамлакатда эркин ва демократик сайловлар ўтказилишини таъминлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирларни ижобий баҳолаб, парламент сайловларига тўлақонли кузатув миссиясини юбориш ниятини билдиргани хабар қилинади. Бюро тарқатган ҳисоботга таянган ҳолда, Агентлик Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида республикада иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳасида, шу жумладан, валютани тартибга солишни либераллаштириш, виза режимини соддалаштириш ва қўшнилар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, бир қанча сиёсий маҳбусларни озод этиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётгани таъкидланади. Айниқса, сайловлар сайлов қонунчилиги сезиларли даражада янгиланган шароитда ўтиши алоҳида эътироф этилади.

“UrduPoint” газетасидаги (Покистон) “Янги Ўзбекистон — янги сайловлар” сарлавҳали репортажда маълум қилинишича, 2019 йилнинг 25 июнида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Сайлов кодексини амалиётга жорий этишга оид Қонун мамлакат тарихида илк бор имзоланди.

Мазкур Кодекс Президент, Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш тартибини белгилайди.

“Илгари сайловларни ўтказиш тартиби алоҳида-алоҳида қонун ҳужжатлари билан тартибга солинган эди. Эндиликда 26 та ҳужжат, хусусан, Ўзбекистон Президенти сайлови, Олий Мажлисга сайлов, Марказий сайлов комиссияси тўғрисидаги қонунлар ўз кучини йўқотди. Бу ҳужжатлар ўрнига сайловлар билан боғлиқ соҳани ягона Сайлов кодекси тартибга солади”, деб ёзилади нашрда.

Жорий йилда Сайлов кодексига биноан, сиёсий партиялар Қонунчилик палатасига бўлажак сайловларда 135 эмас, балки тўлиқ 150 сайлов округидан номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлди. Ўзбекистон экологик ҳаракатига берилган квота чиқариб ташлангани партиялараро рақобатни кучайтиришга хизмат қилади.

“Economic Times” газетаси (Ҳиндистон)да ўқувчилар замонавий Ўзбекистон партиявий тизими билан таништирилади:

“Бу йил бешта сиёсий партия ўз номзодларини илгари суриш ҳуқуқига эга. Булар — Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партиясидир. Сайловларда 20 миллиондан ортиқ сайловчилар, шулардан икки миллиондан зиёд ёшлар илк бор овоз беради”.

Ҳиндистонлик журналистларнинг фикрича, Ўзбекистондаги демократик жараёнлар энди ортга қайтмайдиган, муқаррар тус олди. 2019 йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган мамлакат парламенти ва маҳаллий Кенгашларига сайловлар Ўзбекистоннинг янги тараққиётидаги муҳим босқич бўлади.

 

Анвар МИРЗАЕВ
(«Халқ сўзи») тайёрлади.