• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Ташвиқот - сайловлар мезони
07.10.2019
2884
Сайловолди ташвиқоти – бу сайлов кампаниясининг энг муҳим босқичларидан бири бўлиб, бир ойдан ортиқ вақт давом этади, яъни сайловга 35 кун қолганида бошланади ва бир кун қолганда тўхтатилади.

Сайловолди ташвиқоти – бу сайлов кампаниясининг энг муҳим босқичларидан бири бўлиб, бир ойдан ортиқ вақт давом этади, яъни сайловга 35 кун қолганида бошланади ва бир кун қолганда тўхтатилади.

 

Айнан сайловолди ташвиқоти даврида сиёсий партиялар ва номзодлар сайловчининг овози учун кураш майдонига чиқадилар, ўзаро рақобат қиладилар. Ва айнан сайловолди ташвиқоти натижалари бўйича сайловчиларимиз қайси партия ва номзодга овоз бериш тўғрисида узил-кесил бир тўхтамга келадилар.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомнинг аввалги сайловларда қабул қилинган низомлардан фарқи қуйидагилардан иборат:

 

Биринчидан, аввалги низомлар билан фақатгина Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти олиб бориш тартиби белгиланган бўлса, эндиликда мазкур низомда маҳаллий Кенгашларга депутатликка номзодлар томонидан ҳам сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби белгиланмоқда.

 

Иккинчидан, аввалги низомларда депутатликка номзодларнинг ОАВдан фойдаланиш тартиби белгиланган бўлса, мазкур низомда умуман сайловолди ташвиқотини олиб боришнинг барча турлари батафсил ёритилган.

 

Учинчидан, сиёсий партияларнинг сўровларига асосан сайловолди ташвиқоти бошланмасдан туриб, сайлов кампанияси даврида умумпартиявий ташвиқот-тарғибот тадбирлари учун сиёсий партияларнинг ўз маблағларини ишлатиш масалаларига аниқлик киритилмоқда. Яъни cайловолди ташвиқоти бошлангунга қадар сиёсий партиялар томонидан ўзининг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисида тушунтириш ва тарғибот ишларини ўз маблағлари ҳисобидан, шу жумладан ҳомийлик маблағларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириши мумкинлиги белгиланмоқда.

 

Бунда энг муҳим шарт – ҳали депутатликка номзодлар рўйхатга олинмагани сабабли, сиёсий партияни ёки унинг депутатликка номзодларини ёқлаб овоз беришга даъват этиш ёки чақириш мумкин эмас.

 

Тўртинчидан, ОАВда, шу жумладан ҳамма фойдалана оладиган телекоммуникация тармоқларида депутатликка номзодлар ва сиёсий партияларни ёритиш жараёнининг мониторингини олиб бориш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан амалга оширилиши белгиланмоқда.

 

Бешинчидан, яна бир муҳим янгиликлардан бири бу аввалги сайлов қонунчилигимизда биноларга, иншоотларга ва бошқа жойларга илгари жойлаштирилган сайловолди ташвиқоти материаллари сайловга бир кун қолганида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан олиб қўйилар эди. Мазкур қоида Сайлов кодексидан чиқариб ташлангани сабабли низомда сайловолди ташвиқоти материалларини сайлов куни ва овоз беришдан бир кун қолганида олиб қўйилиши мажбурий ҳисобланмаслиги белгилаб қўйилмоқда.

 

Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан келишилган.

 

Мазкур Низомни тасдиқлаш учун ҳавола этилаётган қарорда эса Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига сиёсий партиялар ва номзодларнинг оммавий тадбирларни ўтказишга рухсатнома бериш тўғрисидаги аризаларини имкон қадар қисқа муддатларда кўриб чиқиш юклатилмоқда.

 

Бунда оммавий тадбирларнинг умумий сонини кўрсатган ҳолда сайлов кампанияси тугагунига қадар амал қиладиган ягона рухсатнома бериш тавсия этилмоқда.

 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардиясига сиёсий партиялар ва депутатликка номзодлар, шунингдек уларнинг ишончли вакилларининг сайловолди ташвиқоти билан боғлиқ оммавий тадбирлар ўтказишда жамоат хавфсизлигини таъминлаш вазифаси юклатилмоқда.

 

Қарорнинг 2-иловасида 3та 2004, 2009 ва 2014 йилги Марказий сайлов комиссиясининг сайловолди ташвиқотига оид қарорларини ўз кучини йўқотган деб топиш таклиф этилмоқда.

 

 

Истамов Махмуд Шухратович

Марказий сайлов комиссияси

раиси ўринбосари