• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Сайлов комиссиялари муҳим сиёсий жараёнга қандай ҳозирлик кўрмоқда?
16.10.2019
2024
Термиз шаҳрида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга жорий йилнинг 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловга вилоят, туман, шаҳар ва округ сайлов комиссиялари томонидан кўрилаётган тайёргарлик ишларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Термиз шаҳрида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга жорий йилнинг 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловга вилоят, туман, шаҳар ва округ сайлов комиссиялари томонидан кўрилаётган тайёргарлик ишларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Халқ депутатлари вилоят кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят сайлов комиссияси раиси Шерпўлат Бойқулов, Марказий сайлов комиссияси аъзоси Суяржон Қурбонқулов ва бошқалар “Янги Ўзбекистон:Янги сайловлар” шиори остида шу йил декабрь ойида ўтказиладиган сайловни вилоятда юксак савияда ташкил этишга алоҳида тайёргарлик кўрилаётганини таъкидлади. Бу жараённинг очиқ ва ошкора ўтишини таъминлашда янги қабул қилинган сайлов кодекси муҳим омил бўлаётганини қайд этди.

Янги сайлов кодексига мувофиқ воҳада вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи 11 та, халқ депутатлари вилоят кенгашига сайлов ўтказиш бўйича 60, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи 409 та округ сайлов комиссияси, комиссия раиси, раис ўринбосари, котиби ва аьзолари тузилиб, матбуотда эьлон қилинди.Уларнинг фаолият юритиши учун барча шароитларга эга замонавий бинолардан жой ажратилди. Комиссиялар таркиби сайлов бўйича етарли кўникма ва билимга, ҳудудда обру-эьтиборга эга фуқаролар ҳамда жамият ҳаётида фаол хотин-қизлардан ташкил этилди.

08.jpg

Халқ депутатлари вилоят кенгашига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари таркибидаги 558 аъзонинг 407 нафари аввалги сайловларда қатнашган фуқаролар, 223 нафари хотин-қизлардир. Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларида фаолият юритадиган 107 аъзонинг 66 нафари муқаддам сайловларда иштирок этган фуқаролар ва 52 нафарини хотин-қизлар ташкил этмоқда.

– Янги сайлов кодекси асосида ташкил этилаётган сайлов компаниясига халқаро ҳамжамият томонидан катта қизиқиш билдирилаётир, – дейди Марказий сайлов комиссияси аъзоси Суяржон Қурбонқулов. – Шу кунларда Марказий сайлов комиссиясининг экспертлар гуруҳи сиёсий партиялар тақдим этган имзо варақаларининг тўғрилигини текширмоқда. Ҳаётимизда муҳим ўрин тутадиган сиёсий жараённинг умумэьтироф этилган халқаро стандартлар асосида ўтиши кўп жиҳатдан вилоят, туман, шаҳар ва округ сайлов комиссиялари фаолиятига боғлиқдир. Шу боис ҳам сайлов округларини замонавий усулда жиҳозлаш ва барча шароитларни яратишга эътиборни янада кучайтириш керак.

 

09.jpg

Йиғилишда вилоят, туман, шаҳар ва округ сайлов комиссияларини жиҳозлаш, уларнинг ваколатлари ҳамда вазифаларни белгиланган муддатларда сифатли ташкил этиш бўйича амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилинди. Мутасаддиларнинг ҳисоботлари тингланиб, тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

– Янги сайлов кодексининг 20-моддасида вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясининг, 22-моддасида округ сайлов комиссияларининг ваколатлари белгилаб қўйилган, – дейди Марказий сайлов комиссияси аьзоси Муҳайё Жўраева. – Шунга асосан сайлов комиссиялари сайлов кодекси ижроси юзасидан назоратни амалга ошириш баробарида кўплаб муҳим вазифаларни бажариш ваколатига эгадир. Мавжуд округ сайлов комиссияларининг замонавий ахборот коммуникация технологиялари билан жиҳозланиши, комиссия аъзолари учун етарли қулайликларни яратиш ана шу вазифаларни самарали бажаришга кўмаклашади. Йиғилишда шу ҳақда ҳам атрофлича фикр алмашганимиз айни муддао бўлди.

Тадбир иштирокчилари Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи 78-Термиз сайлов округи ҳамда ҳамда халқ депутатлари шаҳар кенгашига сайлов ўтказувчи Термиз шаҳар сайлов комиссияси билан яқиндан танишди.

 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА