Жорий йилнинг 17 октябрь куни Халқаро матбуот маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлимида Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Е.Джуманазаров раҳбарлигида маҳаллий оммавий ахборот воситалари ва барча партиялар вакиллари иштирокида брифинг ташкил этилди.
Тадбирда Марказий сайлов комиссияси раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси “Сайлов кодекси”, Қорақалпоғистон Республикаси “Сайлов тўғрисида”ги Низоми ва жорий йил 22 декабрда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари туман, шаҳар кенгашларига сайловларни ўтказиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси марказий сайлов комиссияси томонидан олиб борилаётган ишлар хусусида батафсил маълумотлар берилди.
Таъкидланганидек, айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига сайлов ўтказувчи 65 та округ ва округлик сайлов комиссиялари ташкил этилди ва Марказий сайлов комиссиясининг бу ҳақдаги қарори матбуотда эълон қилинди. Шунинг билан бирга, яқин кунларда режадаги 622 та сайлов участкалари фаолиятини йўлга қўйиш бегиланган.
Брифинг давомида Халқаро матбуот маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раҳбари А.Ембергенов томонидан матбуот марказининг ташкил этилиши ва марказда халқаро кўзатувчилар ва ОАВлари учун яратилаётган шароитлар ҳақида нутқ сўзлаб, маҳаллий ОАВлари вакилларини сайлов жараёнларини тезкор ва ишончли ёритишда ҳамкорликга чақирди.
Тадбир сўнгида Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Е.Джуманазаров томонидан ОАВ вакилларининг сайлов жараёнига оид бошқа маълумотлар юзасидан сўровларига батафсил маълумотлар берилди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Вазирлар Кенгашининг Ахборот хизмати