• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Сайловлар демократик тамойиллар асосида, янгича руҳда ўтади
17.10.2019
6966
Ўзбекистон катта сиёсий жараён - Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови арафасида турибди. Сайловлар мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, яқин ва олис истиқбол учун белгилаб олинадиган стратегик тараққиётнинг дастурий вазифаларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон катта сиёсий жараён - Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови арафасида турибди. Сайловлар мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, яқин ва олис истиқбол учун белгилаб олинадиган стратегик тараққиётнинг дастурий вазифаларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 20 сентябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлиси ана шу йирик воқеага бағишланди.

Мажлисда Марказий сайлов комиссияси 2019 йил 22 декабрни - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови куни деб белгилади. Сайлов кампанияси 20 сентябрдан бошланиши эълон қилинди.

2019 йилнинг 22 декабрида бўлиб ўтадиган сайловлар илгарги сайловлардан тубдан фарқ қилади. Энг аввало, бу йилги сайловларда конституциявий қоидалар ва халқаро сайлов стандартларига биноан Ўзбекистоннинг қонун чиқарувчи ҳокимияти ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг таркиби даврийлик принципи асосида янгиланиши таъминланади.    

 Сайловларнинг янгича ўтиши, биринчидан, фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий онги ва маданияти юксалиб бораётганлиги, иккинчидан, сиёсий партияларнинг сайловолди платформалари ранг-баранглик касб этиб, жамият ва давлат ҳаётидаги муҳим муаммоларни ечишга қаратилаётгани, учинчидан, оммавий ахборот воситаларининг том маънодаги “тўртинчи ҳокимият” сифатидаги ўз ўрнини эгаллаётгани, энг муҳими, мамлакатимизда барча соҳалар ривожида очиқлик, ошқоралик тамойилларига катта этибор қаратилаётгани билан бевосита боғлиқдир.

Ўз тараққиётининг янги, демократик босқичига қадам қўйган Ўзбекистонда янги парламентга ва янги маҳаллий кенгашларга депутатларни сайлаш учун янгича руҳдаги сайловлар кампанияси бошланди. Жорий йилдаги сайловлар мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта муҳим устивор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида  ўз ифодасини топган илғор демократик ғояларнинг амалдаги яна бир ёрқин ифодаси бўлади. Айни пайтда, ушбу сайловлар Ўзбекистонда барча соҳаларда, жумладан, сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий, маданий, маънавий-маърифий йўналишларда  амалга оширилаётган кенг кўламли, жадал ислоҳотларнинг узвий қисмидир.

Давлатимиз юритаётган  бундай изчил ва дадил сиёсат ўзининг юксак  самараларини бермоқда. Дунё ҳамжамияти Ўзбекистоннинг тобора юксалиб бораётган нуфузини кенг эътироф этмоқда ва юртимиз билан ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга интилмоқда. Жамиятимиз ҳаётидан кўппартиявийлик, сиёсий плюрализм, фикрлар ранг-баранглиги, очиқлик ва ошкоралик, бағрикенглик тамойиллари тобора мустаҳкам   ва кенг ўрин олмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон Республикаси  Президенти томонидан 2019 йил 25 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексини амалиётга жорий этишга оид қонуннинг имзоланиши мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий-маърифий ҳаётидаги улкан воқеа бўлди.

Бу йил мамлакатимиз парламенти ва халқ депутатлари маҳаллий   кенгашларига сайловлар илк бор Ўзбекистон Республикасининг янги Сайлов кодекси асосида ўтади ва сайловларда биринчи марта бешта сиёсий партия ўз номзодларини кўрсатиш ҳуқуқига эга. Булар  – “Миллий тикланиш” демократик партияси, Халқ демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси ва Ўзбекистон Экологик партияси.

Сайловларга тайёргарлик жамиятни демократлаштириш жараёнлари тобора кенгайиб, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги юксалаётган, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтларининг роли ошиб бораётган, шунингдек, мамлакатимизнинг сайлов тизимини модернизация қилиш ишлари жадаллашган шароитда амалга оширилмоқда. Бунда халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ,  ШҲТ, МДҲ, айниқса, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси билан ҳамкорлик ўз самараларини бераётир. Бўлажак сайловлар мазкур Бюро томонидан мамлакатимизнинг демократияга ўтишидаги муҳим сиёсий воқеа сифатида баҳоланди.

Ўзбекистондаги бу йилги сайловлар умумэтироф этилган халқаро сайлов принциплари - универсаллик, тенглик, эркинлик, адолатлилик, яширинлик, очиқлик ва ҳисобдорлик асосида ўтказилади.  Бу - ҳар бир овоз эътиборга олинади ва ҳар бир фуқаро давлат ҳокимияти вакиллик органларини шакллантиришда бевосита иштирок этади, бир сайловчи – бир овоз, демакдир. Бу - Ўзбекистонда сайловларда очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик амалда кенг таъминланади  демакдир. Бу - участка сайлов комиссияларидан то Марказий сайлов комиссиясигача – барча даражадаги сайлов комиссиялари ўз ишини энг юксак демократик принциплар асосида амалга оширади демакдир.

 Бунинг учун Ўзбекистонда барча ҳуқуқий асослар ва имкониятлар яратилган: умумэътироф этилган асосий халқаро сайлов стандартлари ва нормалари имплементация қилинган миллий сайлов қонунчилиги ҳам,  сайловларни ўтказиш борасида кўп йиллик миллий тажриба ҳам, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳам, малакали кадрлар ҳам бор.

Энг муҳими, Ўзбекистон раҳбариятининг миллий анъаналар ва замонавий демократия ғояларига улкан садоқати, кучли сиёсий иродаси мавжуд. Жамиятда ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий-маърифий, демократик муҳит ва тамойиллар мустаҳкам қарор топган.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва барча даражадаги сайлов комиссиялари сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш жараёнида ўз ишини очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик тамойилларига биноан ташкил этади. Бунинг яққол далили – сайлов кампанияси бошланган куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг замонавий ахборот коммуникация технологиялари билан жиҳозланган Халқаро матбуот марказининг ишга туширилганидир. Марказнинг очилишида  турли даражадаги сайлов комиссиялари аъзолари,  сиёсий партияларнинг  раҳбарлари, мамлакатимиз  ва хорижий оммавий ахборот воситалари,  фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди.  Таъкидламоқ зарурки, Халқаро матбуот марказининг ҳудудий бўлинмалари ҳам ишга киришди. Улар ҳам замонавий ахборот коммуникация технологиялари билан жиҳозланган. Уларда ҳам сайловлар соҳасида катта тажрибага эга журналистлар, олимлар ва  эксперт-мутахассислар фаолият юритади. Оммавий ахборот воситалари вакиллари, кузатувчилар, жумладан, халқаро кузатувчилар, оддий сайловчилар – истаган киши - Халқаро матбуот марказидаги туну кун ишлайдиган колл-центрдан, нафақат сайлов жараёнлари, балки мамлакатимизнинг бугунги тараққиёти, тарихи ва истиқболи билан боғлиқ ўз саволларига жавоб олиши мумкин.

Шу ўринда мамлакатимизда бўлажак сайловларга тайёргарлик ишлари қандай йўлга қўйилганига қисқача тўхталиб ўтсам. Аввало, сайлов соҳасидаги қонунлар  яхлит бир ҳужжат шаклига келтирилиб, халқаро норма ва стандартларга жавоб берадиган пухта, ихчам ва ягона Сайлов кодекси ишлаб чиқилди. Лойиҳа кенг жамоатчилик, миллий ҳамда халқаро экспертлар иштирокида батафсил муҳокамадан ўтказилганидан сўнг, мамлакатимиз парламенти томонидан 18 боб ҳамда 103 моддадан иборат Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси қабул қилинди.

Яна бир муҳим янгилик - Ўзбекистоннинг миллий сайлов тизимига Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими (СЖБАТ) ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати (СЯЭР) жорий этилмоқда. Сайлов органлари бўйича кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ишлари ҳам замон талаблари даражасида такомиллаштирилмоқда. Мазкур ахборот тизими ҳуқуқий тажриба тартибида 2017 йил декабрь ойида Тошкент шаҳрида Халқ депутатлари туман кенгашлари сайловида синовдан ўтказилган ва маҳаллий ҳамда хорижий экспертлар томонидан юксак баҳоланган эди.

Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 27 майдаги  913-қарори билан тасдиқланган Олий Мажлис, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига 2019 йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастурига биноан барча даражадаги сайлов комиссиялари аъзолигига номзодларнинг билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган ишлар  8 босқичли “каскад” услубида, яъни юқоридан қуйига кенгайиб, такомиллашиб борадиган йўсинда ташкил этилганини ҳам таъкидлаш ўринли. Зеро, сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнида бевосита иштирок этадиган сайлов фаолларини бундай тизимли ва кенг кўламли ўқитиш  мамлакатимиз тарихида биринчи марта йўлга қўйилди. Бу йилги сайловларда 16 мингдан зиёд сайлов округлари  ва сайлов участкалари тузилиши режалаштирилган. Шу вақтгача 70 нафар республика тренерлари ва ҳудудларда 748 нафар “туман тренерлари” гуруҳи шакллантирилди. Ҳозиргача ушбу тренерлар томонидан 51 мингга яқин сайлов комиссияларининг раислари, ўринбосарилари ва котиблари ўқитилди.  Сайловларни ташкил қилиш ва ўтказиш бўйича семинар-тренингларда жами 170 минг нафарга яқин сайлов комиссиялари аъзолари ўз билими ва кўникмаларини оширади.

Қайд этиш лозимки, семинар-тренгларга пойтахтимиздаги сайлов ҳуқуқига ихтисослашган илм-фан марказларининг етакчи олимлари ва экспертлари, ҳудудлардаги маҳалий олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, адлия соҳасининг тажрибали мутахассислари жалб этилган. Семинар-тренингларда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг масъул ходимлари томонидан сайлов қонунчилигдаги янгиликлар ва уларни амалиётда қўллаш масалалари юзасидан кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Айни пайтда, сайлов комиссиялари аъзолари тезкорлик билан фойдаланиши учун махсус “Сайлов-2019” мобиль илова ишлаб чиқилди ва зарур маълумотлар билан тўлдирилмоқда. Махсус Телеграм-бот мессенджер канали ишлаб турибди.

Жорий йилда қабул қилинган Сайлов кодекси бўйича сайловларни ташкил қилиш ва ўтказиш бўйича янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар - йўриқнома, регламент ва низомларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш Марказий сайлов комиссияси томонидан амалга оширилаётган ишларнинг энг муҳим йўналишларидандир. Сайлов кампанияси бошлангунича бу борада ўндан ортиқ ҳужжат қабул қилинди. Шуни билан бирга, Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги - ЎзА, “Дунё” ахборот агентлиги, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, “Uzreport” ахборот агентлиги билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш жараёнларини кенг ёритишга доир икки томонлама битимлар имзоланди.

Шундай ўзаро ҳамкорлик келишувлари Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши билан ҳам имзоланди. Келишувлар аёлларнинг ва ёшларнинг, айниқса, биринчи марта овоз берадиган йигит-қизларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, сайловларда фаол иштирок этишини, овоз беришини таъминлашга доир аниқ тадбирлар белгиланган.   

Имконияти чекланган фуқароларнинг овоз бериш жараёнидаги фаоллигини ошириш учун барча зарур чоралар кўрилаётгани ҳам бу йилги сайловларда алоҳида эътибор қаратилаётган жиҳатлардан. Участка сайлов комиссиясининг жойлашган ери ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг овоз бериш жойига келиб-кетиши, жумладан, транспортда келиб-кетиши, кириб-чиқиши, бино ичида ҳаракатланиши, эркин ва тўсиқларсиз овоз бериши учун ҳар томонлама қулай (қиётексйўлакчалар ёки махсус қурилмалар ўрнатилган, махсус кабиналар) бўлишига, сиёсий партиянинг ва депутатликка номзодларнинг босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини тайёрлаш ва тарқатиш, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали сайловолди ташвиқотини олиб боришда ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг алоҳида эҳтиёжларига (имо-ишора тили, субтитр ёзуви, брайль алифбосида чоп этишга) алоҳида эътибор қаратилади.  

Мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ ишларни, жумладан, сайловчиларнинг сайловда овоз бериш жараёнини  юртимизда фаолият юритаётган  сиёсий партияларнинг, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг вакиллари, журналистлар, жумладан хорижлик журналистлар - минглаб одамлар бевосита кузатиб боради.

 Халқаро ташкилотларнинг кузатувчилари ҳақида гап кетар экан, бир рақамни айтиб ўтишимиз зарур. Аввалги парламент сайловларида ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси чекланган миссиясининг ўттизга яқин кузатувчиси иштирок этган бўлса, бу йил ўтажак сайловларимизни Бюронинг уч юзга яқин вакили кузатиб бориши кутилмоқда. Дастлабки маълумотларга қараганда, миссия асосий гуруҳни, шунингдек, 30 нафар узоқ муддатли ва 250 нафар қисқа муддатли кузатувчини ўз ичига олади. Узоқ муддатли кузатувчиларнинг функциясига сайлов жараёнининг турли босқичларини ҳудудларда кузатиш кирса, қисқа муддатли кузатувчилар сайлов куни бириктирилган туманларда овоз беришни кузатади.

Сайлов - ҳамиша ўзига хос синов. Мамлакат учун, сайланувчи ва сайловчилар учун, уни ўтказувчи ташкилотчилар учун, журналистлар учун ҳам. Чунки, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек,  “сайлов жараёнларида барчамизнинг, аввало, дунёқарашимиз, сиёсий ва ҳуқуқий маданиятимиз, гражданлик позициямиз яна бир бор намоён бўлади”.

 

Мирзо Улуғбек АБДУСАЛОМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Марказий

сайлов комиссияси раиси.