• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси ҳақида
22.10.2019
4750
Мамлакатимизнинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари қай тартибда ташкил этилади? Уларни тузиш ва тегишли округларга бириктириш қандай амалга оширилади?

Мамлакатимизнинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари қай тартибда ташкил этилади? Уларни тузиш ва тегишли округларга бириктириш қандай амалга оширилади?

Жорий йилнинг 22 октябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида шу каби масалалар ўртага ташланди. Йиғилишда МСК аъзолари, ОАВ ва сиёсий партиялар вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, Сайлов кодексининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари тузилиши, уларни округга бириктириш тўғрисидаги масала Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳал этилиши белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади.

Сайлов участкалари сайловга камида олтмиш кун қолганида, қоида тариқасида, сайловчилар сони камида йигирма нафардан ва кўпи билан уч минг нафардан ошмаган ҳолда тузилади. Сайлов участкаларининг сони округлар сонидан кам бўлиши мумкин эмас.

Округ сайлов комиссияси сайлов участкаларининг тартиб рақамини белгилайди ҳамда тегишли участка комиссиясининг телефон рақамларини, жойлашган ерини ва овоз бериш биносини кўрсатган ҳолда сайловчиларни ҳар бир участканинг чегаралари тўғрисида хабардор этишни ташкил қилади.

Қонунчилик палатаси, маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бир вақтда ўтказилган тақдирда, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари томонидан ягона сайлов участкалари тузилади.

Шунингдек, хорижда вақтинча ёки доимий яшаётган фуқаролар, уларнинг мурожаатларига асосан хориждаги сайлов участкаларидаги сайловчилар рўйхатига киритилади.

Бундан ташқари, фуқаролар ТИВ расмий веб-сайти орқали электрон шаклда хориждаги сайлов участкасининг сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисидаги мурожаатини сайловга ўн беш кун қолгунга қадар бериши мумкин.

Шунингдек, мажлис доирасида Оммавий ахборот воситалари вакилларининг аккредитациядан ўтказиш масаласи кўриб чиқилди. Сайлов кампанияси даврида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ шу кунга қадар МСКга аккредитациядан ўтказиш юзасидан мурожаат қилган бир қатор ОАВ вакилларига мандатлар топширилди.

Йиғилиш сўнгида “SAYLOV-2019” мобиль иловасининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Мазкур мобиль илова сайлов комиссияларининг самарали фаолияти учун қўшимча қулайлик ва имкониятлар яратади. Ундан сайловга оид қонун ҳужжатлари, сайлов комиссиялари фаоллари ҳақида маълумотлар, сайловчилар, комиссия аъзолари, сиёсий партиялар ва номзодлар ҳамда кузатувчилар учун услубий тавсиялар, сайлов фаолларининг билимини оширишга доир ўқув материаллари, китоблар ва мақолалар, сайлов мавзуси бўйича савол-жавоблар ўрин олган.

Шунингдек, сайловчиларга ўз сайлов участкасини топишида кўмаклашиш учун махсус ҳавола ҳам жойлаштирилган.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати