Нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) Ўзбекистонда замонавий фуқаролик жамиятини шакллантиришда, демократияни қарор топтиришда, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда жуда муҳим бунёдкорлик ролини ўйнайди. Шундай экан, бу йилги сайловлар жараёнида нафақат сиёсий партиялар ва масъул давлат органларининг вакиллари, балки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари ҳам бевосита фаол иштирок этишлари ҳамда жамоатчилик назорати ҳуқуқидан самарали фойдаланишлари учун норматив-ҳуқуқий асослар яратилди.
Шу муносабат билан, жорий йилнинг 4 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Меморандум доирасида самарали ҳамкорлик қилишга қаратилилган бир қатор ишлар амалга оширилади:
- Сайлов кодексининг 8-моддасига асосан, сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан муносиб номзодлар кузатувчи сифатида иштирок этиши таъминланади;
-Участка сайлов комиссияларига сайловчилар рўйхатини аниқлаштиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари яқиндан кўмаклашади;
-Фуқароларга участка сайлов комиссияси биносида сайловчилар рўйхати билан танишиш, заруратига кўра аниқлаштириш ишларига кўмаклашиш ташкил этилади;
- Тегишли сайлов комиссиялари аъзолигига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўзларининг фаол аъзолари орасидан номзодларни тавсия этадилар.
Бундан ташқари, томонлар ўзаро ҳамкорлида сайлов жараёнига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга оид масалаларни ўрганиш мақсадида малакали мутахассисларни жалб қилиш ҳамда сайлов кодексига киритилган демократик сайлов стандартларининг моҳиятини очиб беришга қаратилган тадбирлар, семинарлар, тренинглар, давра суҳбатлари ўтказадилар. Ҳамкорликдаги лойиҳаларини амалга оширишда, тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқадилар.
Шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан эълон қилинган 2019 йил 20 октябрдан 20 ноябргача “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги” даврида тизимли равишда ҳамкорликда тадбирлар ўтказиб борилади.
Қайд этиш жоиз, Президент Ш.Мирзиёев томонидан 2017 йил 3 февралда имзоланган “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” Фармони Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, маҳалла институтини аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айлантириш, фуқаролар йиғинларининг муштарак манфаатларини ифода этадиган уюшмага бирлашиш ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда кенг йўл очди.
Янги Сайлов кодексига биноан 22 декбарда бўлиб ўтажак сайловларда ўзини-ўзи бошқариш органларидан кузатувчиларнинг иштирок этишига рухсат берилиши маҳаллага бўлган эътиборни янада ортганлигидан далолат.
Шунингдек, 2019 йилнинг 30 октябрида қабул қилинган «Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» Президент қарори билан Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази этиб қайта ташкил этилди.
Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнларини, аҳолининг ижтимоий кайфиятига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва бошқа вазифаларни ҳал этишда фуқаролик жамияти институтлари иштирокини, улар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини ўрганиш ва тизимли таҳлил қилиш, рақобатдош кўп партияли тизимнинг ривожланиш даражасини тизимли таҳлил қилиш, сиёсий партиялар томонидан ўз электорати манфаатлари йўлида ўтказиладиган тадбирларнинг самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, фуқаролар фаоллигини ошириш кабилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланди. Бу ўз навбатида сайловларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда, халқаро стандартлар асосида ташкил этилишида мазкур янги тузилма билан ўзаро ҳамкорликни янада кучайтиришни тақозо этади.
Тадбирда эндиликда аввалги сайловларда иштирок этган халқаро кузатувчиларнинг тафсиялари асосида мамлакатимиз демократик сайлов тизимида илк маротаба фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан ҳам кузатувчилар иштирок этиш мумкинлиги алоҳида қайд этилди. Марказий сайлов комиссиясининг “Сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ маҳаллий кузатувчиларга ҳам халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатлар кузатувчилари билан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятлар белгиланган.
Кузатувнинг мақсади - сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шу жумладан сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида сайлов қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдан иборат.
Тадбир иштирокчилари ҳақли равишда қайд этганларидек, Меморандум замирида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларининг Сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш ва сайлов жараёнини янада демократлаштириш соҳасида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, шунингдек, қўшма лойиҳа ва тадбирларни амалга ошириш мақсади мужассам.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати