• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИНИНГ НАВБАТДАГИ МАЖЛИСИ
15.11.2019
7193
15 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди.

15 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди.

Видеоконференц алоқа шаклида ўтказилган мажлисда Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари ва масъул ходимлари билан бирга округ сайлов комиссиялари раҳбарлари, тегишли вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши,  барча вилоятлар ҳокимликлари, жамоат ташкилотлари, жумладан,  сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари  вакиллари иштирок этди.

Марказий сайлов комиссияси Раиси М.Абдусаломов  2019 йил 22 декабрь куни бўладиган сайловларга тайёргарлик ишлари  Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сайловларига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастури”га биноан изчиллик билан давом эттирлаётгани алоҳида таъкидлади. Бунда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар муҳим омил бўлаётир.  

Мажлисда Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни рўйхатга олиш ҳамда  Марказий сайлов комиссиянинг шу йил 11 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлигини ташкил  этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларнинг ижросига доир масалалар кўриб чиқилди.

 Қонунчилик палатаси депутатлигига бўладиган сайловда иштирок этишга ижозат берилган жами бешта сиёсий партия қонунда белгиланган муддатларда ўзининг қурултой ва съездларини ўтказди. Мазкур тадбирларда партиялар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 150 депутатлик ўрни учун ҳар бир партиядан 150 номзод кўрсатилди.

Шундан сўнг, сиёсий партияларнинг раҳбарлари депутатликка номзодларни рўйхатга олишни сўраб, Марказий сайлов комиссиясига мурожаат қилди. Марказий сайлов комиссияси экспертлари томонидан депутатликка номзодларни рўйхатга олиш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг қонунчиликка мувофиқлиги Сайлов кодексида белгиланган муддатларда синчиклаб текшириб чиқилди.

Таъкидландики, сиёсий партиялар томонидан Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни кўрсатиш бўйича барча тадбирлар қонунчилик талабларига қатъий мувофиқ ҳолда, ошкоралик ва очиқлик муҳитида амалга оширилган.

Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексининг 14-моддасига мувофиқ ва ҳужжатларни текшириш якунларига кўра, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон Экологик партияси  томонидан кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Ҳар бир партиядан 150 нафардан рўйхатга олинган жами 750 номзоднинг барчаси олий маълумотли. Шулардан 310 нафари ёки 41,3 фоизи хотин-қизлардир. Бу 2014 йилнинг декабрида ўтган парламент сайловларидагидан қарийб 10 фоиз (31,8) кўпдир. Номзодлар орасида ҳуқуқшунослар - 6,9, иқтисодчилар – 19,1, шифокорлар – 12,4 фозини ташкил қилади. Депутатлик мандати учун бир академик, 22 фан доктори ва 52 фан номзоди кураш олиб боради. Номзодлар сафида навқирон авлод вакиллари илгаргига нисбатан сезиларли даражада кўпайган. 25-40 ёшлар орасидагилар  – 32,2  фоизни ташкил қилади.

Рўйхатга олинган депутатликка номзодларнинг рўйхати матбуотда эълон қилинади.

Мажлисда депутатликка номзодлар рўйхатга олиниши билан сайлов жараёнининг янги, янада муҳим босқичи – сайловолди ташвиқоти бошланиши таъкидланди. Бу жараён сайлов қонунчилиги талаблари асосида амалга оширилади.

Мамлакатимиз сайлов қонунчилигига биноан сайловолди ташвиқотини олиб бориш учун барча шарт-шароитлар таъминланган. Сиёсий партияларга, депутатликка номзодларга сайловолди ташвиқоти даврида оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг шарт-шароит яратиш, сиёсий партиялар ўзининг истиқболдаги фаолият дастурини тарғиб қилиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида, уларнинг оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлари қонунчиликда назарда тутилган тартибда белгилаб қўйилди. 

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Давлетовнинг вазирлик томонидан Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ахбороти тингланди.

Ўзбекистонда биринчи марта кенг кўлам ва юксак уюшқоқлик билан ўтказилаётган Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги тадбирлари  самарали бўлаётгани алоҳида такидланди. Бунда, аввало, фуқароларни ўзларининг муҳим ҳуқуқларидан бири – сайловларда овоз бериш ҳуқуқидан фаол фойдаланишга жалб этишга муҳим эътибор қаратилмоқда.

Шу мақсадда вазирлик тизимида “Адлия чорлови” мавзуидаги лойиҳанинг амалга оширилиши алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бунда аҳоли гавжум жойлар ва оммавий ахборот воситалари имкониятларидан, сайловга чорловчи ижтимоий рекламалар, баннерлар ва билбордлардан кенг фойдаланилади. Айни пайтда вазирликнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва “Ҳуқуқий ахборот” телеграм канали орқали “Сайлов алифбоси” рукни ташкил этилиб, сайловга оид тушунчалар изоҳининг содда, лўнда ва тушунарли тарзда мунтазам бериб борилиши ҳам самаралидир.

454 нафар адлия ходими мазкур йўналишдаги ишларга сафарбар этилган. Аҳоли ўртасида сайлов қонунчилигини тарғиб қилиш “Республика-вилоят-туман-маҳалла-хонадон” тамойили асосида ташкил этилгани туфайли олти мингдан ортиқ тарғибот тадбири ўтказилди. Марказий сайлов комиссияси билан ҳамкорликда “Янги Ўзбекистон. Янги сайловлар” мавзуида кўплаб матбуот анжуманлари, учрашувлар ва семинарлар ўтказилмоқда. Улар барча ҳудудларни қамраб олган.  Бу борадаги ишлар сайлов кунигача изчил давом эттирилади.  

Марказий сайлов комиссияси
матбуот хизмати