• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
МДҲ кузатувчилар миссияси Ўзбекистонга келди
26.11.2019
3950
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг (МДҲ) Ижроия қўмитаси узоқ муддатли кузатувчилар миссияси ўз ишини бошлади.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг (МДҲ) Ижроия қўмитаси узоқ муддатли кузатувчилар миссияси ўз ишини бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси таклифига биноан МДҲ Ижроия қўмитаси кузатувчилари миссияси 2019 йилнинг 22 декабрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатиб боради.

Марказий сайлов комиссиясида Кузатувчилар миссияси аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломов экспертларга жорий йил бўлиб ўтадиган парламент сайловлари “Янги Ўзбекистон - янги сайловлар” шиори остида ташкил этилаётганлигини, хусусан, сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов қонунчилиги ҳақидаги назарий билимлари ва амалий тажрибасини ошириш, сайлов жараёнига замонавий АКТни жорий этиш, сайлов қонунчилигини тарғиб қилиш ойлигини ташкил қилиш ва ўтказиш, сиёсий тадбирларда ёшларнинг фаоллигини, хотин-қизларнинг сайловлардаги ролини кучайтириш, имконияти чекланган фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтди.

Айтилганидек, кодексга мувофиқ Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун 150 та ҳудудий сайлов округи, 10260 та сайлов участкаси тузилди.  Барча амалий ишлар замирида сайловларни тенглик принципи асосида, шаффоф ўтказиш мақсади ётади. Жорий йил сайловларда 20 миллион 500 минг нафардан зиёд фуқаронинг овоз беришда қатнашиши кутилмоқда. Мулоқот давомида шу каби кўплаб мисоллар келтирилди.

Учрашув давомида таъкидланганидек, МДҲ кузатувчилари фаолиятини мувофиқлаштириш учун Тошкент шаҳрида миссиянинг штаби иш бошлайди ва кузатувларни ташкил этиш билан боғлиқ барча тадбирларни ўтказади. Миссия штаби вазифаларига сайлов жараёни бориши ҳақида материалларни тўплаш, уларга ишлов бериш ва таҳлил қилиш, сайлов қонунчилигини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва телевизион дастурлар ҳамда босма ОАВда чиқаётган сайловга оид материалларни мониторинг қилиш киради.

Шу ўринда халқаро кузатувчилар фаолиятига оид ҳужжатларга тўхталиб ўтадиган бўлсак энг аввало “Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси”, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пакт ва бошқа бир қатор халқаро ҳужжатларни киритиш мумкин. Шунингдек, халқаро кузатувчиларнинг мақоми ва ваколатини белгилаш юзасидан тавсиялар Бирлашган миллатлар ташкилоти томонидан 2005 йилда қабул қилинган Сайловлар устидан халқаро кузатиш принциплари декларациясида берилган. Унга мувофиқ, халқаро кузатув сайлов ўтказилаётган мамлакат аҳолисининг манфаатларини, шу билан бирга, халқаро ҳамжамият манфаатларини кўзлаган ҳолда амалга оширилади.

Кузатув сайлов жараёнига қаратилган бўлиб, овоз бериш натижаларига ўз таъсирини ўтказиши мумкин эмас. Бундан ташқари, кузатувчилар, уларни қабул қилган тегишли мамлакат қонунларини ва сайлов жараёнини бошқариш учун масъул бўлган идораларни ҳурмат қилишлари кераклиги халқаро ҳужжатда аниқ белгилаб қўйилган.

2002 йил Кишинёв шаҳрида МДҲга аъзо бўлган давлатларда Демократик сайлов, сайлов ҳуқуқлари ва эркинликлари стандартлари тўғрисидаги Конвенция қабул қилинган. Ушбу ҳужжат сайлов соҳасидаги кузатув ва халқаро ҳамкорликни таъминлаш учун халқаро ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Айтиш лозимки, сайловларда халқаро кузатувга оид қоидаларнинг бевосита миллий қонунчиликда акс эттирилганлиги, Ўзбекистонда сайлов тизимининг очиқ, ошкора ва демократик тамойилларга тўла мос келишини яққол кўрсатади.

Таъкидлаш лозимки, юртимизда ўтказиладиган сайловларда дунёнинг турли мамлакатларидан кузатувчиларнинг келиб иштирок этиши, сайловларни сифат жиҳатдан юқори босқичга кўтаришда, сайлов жараёнининг очиқ ва ошкоралиги, фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқидан тенг ва эркин фойдаланишлари учун Ўзбекистонда яратилган шароитлар ҳақида бутун дунё ҳамжамиятини холис хабардор этишда ижобий самара беради.

 

Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмат