• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Сайлов масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Олий суди ва Бош прокуратурасига келиб тушган мурожаатлар тўғрисида МАЪЛУМОТ
15.12.2019
1584
Айни вақтларда юртимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлигига сайловларни ўтказиш бўйича кенг кўламда тайёргарлик ишлари кетмоқда.

Айни вақтларда юртимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлигига сайловларни ўтказиш бўйича кенг кўламда тайёргарлик ишлари кетмоқда.

Бу жараёнларда ҳеч бир ҳолат эътибордан четда қолмаяпти.
Шу қаторда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ҳам қонун талаблари доирасида ўрганиб чиқилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 20 сентябридан 10 декабрига қадар сайлов масалаларига оид жами 365 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг
242 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси орқали юборилган. Мурожаатларнинг 338 таси Марказий сайлов комиссиясига, 3 таси Олий судга ва 24 таси Бош прокуратурага тегишлидир.

Мурожаатларнинг барчасини ваколатли идоралар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши таъминланмоқда.

Хусусан, Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатларнинг 15 таси асосли деб топилиб, мурожаат этган фуқаролар фойдасига ижобий ҳал этилди. 145 та мурожаат муаллифига қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Ушбу мурожаатларнинг 12 таси дубликат, яъни айни бир жисмоний ёки юридик шахс мурожаатининг кўчирма нусхаси бўлиб, бир вақтнинг ўзида ҳам Президент виртуал қабулхонасига, ҳам Марказий сайлов комиссиясига юборилгани боис умумлаштирилган ҳолда ўрганиб чиқилди ва мурожаат муаллифларига жавоб хатлари юборилди.

Ушбу мурожаатлар натижаси бўйича такрорий мурожаатлар келиб тушмаганлиги, мурожаатлар муаллифлари ўрганиш натижасидан қониқиш ҳосил қилган деган хулосага келса бўлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунининг 25-моддасига мувофиқ 83 та мурожаат тааллуқлилиги бўйича тегишли ташкилотларга юборилди. Қолган мурожаатлар эса айни вақтда ўрганиш жараёнида.

Бундан ташқари, сайлов масалаларига оид мурожаатлар суд тартибида ҳам кўриб чиқилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий судига
3 та мурожаат келиб тушган бўлиб, улардан 1 та аризани қаноатлантириш
рад этилган, 1 таси мурожаатчи шикоятидан воз кечганлиги сабабли иш суд ажрими билан тугатилган, 1 та мурожаат ҳозирда кўриб чиқилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, рад этилган ариза бўйича мурожаат муаллифи суднинг ушбу қароридан норозилигини билдирмаган, юқори инстанция судига шикоят қилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан 24 та мурожаатнинг 2 таси ижобий ҳал қилинган, 1 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган, 1 та мурожаат тегишлилиги бўйича бошқа ташкилотга юборилган ҳамда 1 та мурожаат аризачининг ташаббуси билан кўриб чиқиш жараёнидан тўхтатилган. Қолган барча мурожаатлар айни вақтда ўрганиб чиқилмоқда.

Шу билан бирга, ОАВларда эълон қилинаётган сайлов масалаларига оид мақолаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, “Daryo.uz” сайтида фуқаролар Д.Саидова ва Ч.Мирзаевларнинг партиядан ўз номзодини кўрсатиш юзасидан қилган мурожаатлари эътиборсиз қолдирилганлиги тўғрисида мақола эълон қилинди. Ушбу мақолага прокуратура органлари муносабат билдириб, ўрганиш ўтказган. Натижада фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиб, айбдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.

Ўз навбатида, қилинган умумий мурожаатларни мазмун жиҳатидан таҳлил қилинса, мурожаатларнинг аксарияти сайлов жараёнларига боғлиқ бўлмаган ҳамда асоссиз масалалардан иборат эканлиги аниқланди.

Жумладан, мурожаатларнинг 32 тасида фуқаролар йиғинларидаги айрим камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалий ёрдам бериш сўралган, 36 та мурожаатда турли ижтимоий-иқтисодий масалалар, яъни йўлларни асфальт қилиш, кўприклар, мактаб ва шифохоналарни таъмирлаш ҳамда янгисини қуриш каби масалалар кўтарилган.

Ваҳоланки, қайд этилган масалалар Марказий сайлов комиссияси ваколатига кирмайди.

Шундай бўлсада, фуқароларнинг ижтимоий ҳаётидаги муаммолар ҳал этилмаслиги, ушбу масалалар эътиборсиз қолиши аҳолининг кайфиятига салбий таъсир қилиши эътиборга олиниб, барча мурожаатлар назоратга олинган ҳолда тегишлилиги бўйича бошқа давлат ташкилотларга юборилди.
Шу орқали уларда акс этган муаммоларни ҳал этишга аҳамият берилди.

Бундан ташқари, ноқонуний талаблар акс этган мурожаатлар ҳам келиб тушмоқда. Хусусан, Марказий сайлов комиссияси ваколати доирасига кирмайдиган, қонунга зид бўлган масалаларни кўриб чиқиш сўралган. Жумладан, 75 та мурожаатда мурожаат муаллифлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод киритилиши юзасидан сиёсий партияларга тегишли топшириқлар беришни, 35 та мурожаатда эса тергов
ва суд жараёнларига аралашиш сўралган.

Мазкур мурожаатлар ҳам тегишли тартибда кўриб чиқилиб, уларнинг муаллифларига қонун ҳужжатлари талаблари тушунтирилган жавоб хатлари юборилмоқда.

Юқоридаги қайд этилганлардан республикамизда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ўз вақтида ўрганилиб, қонун талаблари доирасида ҳал этилаётганини кўришимиз мумкин.