Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2020 йил 26 августдаги 1033-сонли қароридан келиб чиққан ҳолда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларнинг бўшаб қолган депутатлик ўринларига бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга бағишланган онлайн семинар ўтказилди.
Семинарда вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари, округ ва участка сайлов комиссия раислари ва аъзолари, шунингдек, алоқадор ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Унда сайловларни Сайлов кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2020 йил 26 августдаги 1033-сонли қарори билан тасдиқланган Низомда белгиланган меъёрларга мувофиқ, шунингдек, карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, сайловчилар ва сайлов ташкилотчиларини ҳимоя воситалари билан таъминлаш, уларни касаллик юқтириб олишини олдини олишга қаратилган ҳамда сайлов қонунчилиги бўйича муҳим вазифалар ҳам муҳокама қилинди.
Ҳозирга қадар Халқ депутатлари вилоят Кенгашида 3 нафар, шаҳар ва туман Кенгашлари бўйича 9 нафар депутатлик ўринлари турли сабабларга кўра бўшаган. Бўшаб қолган депутатлик ўринларига сайлов 45 та сайлов участкасида жорий йилнинг 18 октябрь куни ўтказилади.
Сайлов куни ўз турар жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган ва сайлов учаткасига кела олмайдиган сайловчилар учун 13 октябрдан муддатидан олдин овоз бериш бошланади.
Эслатиб ўтамиз, сайловни тайинлаш ҳақидаги қарор қабул қилинишидан аввал 12 та сайлов округи ҳудудининг эпидемиологик харитаси ишлаб чиқилиб, махсус комиссиянинг хулосаси олинган. Эпидемиологик ҳолат ҳақидаги хулосага кўра сайловни ўтказиш мақсадга мувофиқ эмас деб топилса, сайловни ўтказиш муддатини белгилаш эпидемиологик осойишталик юзага келгандан сўнг кўриб чиқилади.