• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Ўзаро ҳамкорлик ва бирдамликнинг самарали натижалари
14.12.2020
4070
Жорий йилнинг 14 декабрь куни Марказий сайлов комиссиясида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликдаги “2019-2021 йилларда Ўзбекистонда сайлов жараёнини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси бошқарув қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.

Жорий йилнинг 14 декабрь куни Марказий сайлов комиссиясида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликдаги “2019-2021 йилларда Ўзбекистонда сайлов жараёнини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси бошқарув қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.

Унда МСК раиси М.Абдусаломов, раис ўринбосари. М.Истамов, МСК доимий аъзоси Г.Раҳимова, БМТнинг юртимиздаги доимий вакили Хелена Фрейзер, Швеция Қироллигининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Ингрид Терсман, Швецария Конфедерациясининг Ўзбекистондаги элчиси Оливье Шав, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска ва унинг ўринбосари Дойна Мунтяну ҳамда БМТ ТДнинг бошқа вакиллари иштирок этишди.

Тадбирдан кўзланган мақсад - Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “2019-2021 йилларда Ўзбекистонда сайлов жараёнини қўллаб-қувватлаш” лойиҳасининг бу йилги сарҳисоби ҳамда келгуси, 2021 йилги иш режасининг муҳокамасидан иборат бўлди.

Муҳокамаларда таъкидланганидек, Ўзбекистонда сайлов жараёнини ҳар томонлама такомиллаштиришда шубҳасиз халқаро ташкилотларнинг тажрибаси, улар билан ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.

Марказий сайлов комиссиясининг БМТ Тараққиёт Дастури билан ҳамкорлиги айнан 2019 йилдаги парламент сайловларига тайёргарлик кўриш - сайлов кампанияси даврида фаоллашган эди.

Айнан шу даврда, ҳамкорликда уч йилга мўлжалланган сайлов қонунчилигини такомиллаштириш, сайлов иштирокчиларининг салоҳиятини ошириш ҳамда сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган тадбирларни ўзида мужассам этган лойиҳа ишлаб чиқилди.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, ушбу лойиҳа икки ташкилот ўртасидаги ҳамкорликнинг илк маҳсули бўлди.

Бундан ташқари, Сайлов комиссиялари ходимларининг малакасини, шунингдек, сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган ўқув ва тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш долзарб масала эди. Шу мақсадда БМТТД билан ҳамкорликда халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда сайлов жараёни иштирокчилари учун қатор семинар-тренинглар ўтказилди.

Сайловдан кўп ўтмай, лойиҳа доирасида мамлакатимизнинг 14 та ҳудудида сайлов комиссиялари аъзолари, экспертлар ва мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида давра суҳбатлари ўтказилиб, уларнинг фикрлари, халқаро кузатувчилар тавсиялари ва ОАВларида баён этилган ахборотлар асосида бўлиб ўтган сайловлар давомида эришилган ютуқлар ва йўл қўйилган айрим камчиликлар чуқур таҳлил қилинди.

Тадбирлар якунларидан келиб чиқиб, Марказий сайлов комиссияси илк бор сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш борасидаги ўз фаолиятини танқидий нуқтаи назардан ўрганган ҳолда мавжуд муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари бўйича таклифларини ишлаб чиқди ва “Сайлов – 2019: ютуқлар, муаммолар, таклифлар” номли таҳлилий ахборотини кенг жамоатчиликка тақдим этди.

Мажлис якунида келгусидаги сайлов жараёнлари шаффофлиги ва инклюзивлигини таъминлаш ва уни ўтказиш бўйича манфаатдор томонларнинг салоҳиятини ошириш, сайловчиларнинг, айниқса, аёллар ва ёшларнинг сайловларда фаол иштирокини қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирларни ўз ичига олган иш режаси ишлаб чиқилганлиги қайд этилди.

Аҳамиятлиси мазкур ҳамкорлик сайлов соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, сайлов жараёнига жалб этилган мутахассислар билимини ошириш, шунингдек, сайловчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги хабардорлигини оширишига хизмат қилади.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати