29 январь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси М.Абдусаломов Халқаро сайлов тизимлари фондининг Европа ва Евроосиё бўйича бошқарув дастурлари бош менежери Энтони Бойер билан онлайн музокаралар олиб борди.
Тадбирда Марказий сайлов комиссияси (МСК) аъзоси Г.Раҳимова, МСК котиби Х.Маматов, МСК Котибияти Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Б.Исмоилов, Фонднинг Европа ва Евроосиё бўйича минтақавий директори ўринбосари А.Козлова, Дастурнинг катта ходими Д.Азарьев, Дастур координатори Шерри Грирсон ҳамда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Ж.Вахобов ва элчихона котиби А.Султонов иштирок этди.
Музокаралардан кўзланган мақсад – Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси билан Халқаро сайлов тизимлари фонди ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат.
Халқаро сайлов тизимлари фонди 1987 йилда ташкил этилган халқаро нотижорат ташкилотдир. Вашингтонда жойлашган ушбу ташкилот ривожланаётган демократик давлатларга сайловларни ўтказишда ёрдам беради ва қўллаб-қувватлайли. Фонд томонидан 1987 йилдан бери 145 мамлакатга ёрдам кўрсатилди. Ҳозирги кунда Осиё-Тинч океани, Африка, Евроосиё, Яқин шарқ ва шимолий Африка ва Америка бўйлаб ўттиздан ортиқ мамлакатда ўз дастурларини амалга оширмоқда.
Тадбирда Ўзбекистонда 2019 йили ўтган парламент сайловларидан буён сайлов жараёнларини янада демократлаштириш, миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштириш борасида тизимли ва самарали ишлар олиб борилаётгани таъкидланди. Шу мақсадда Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш натижалари танқидий кўриб чиқилди. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ишларнинг натижалари билан кенг жамоатчиликни таништириш, аниқланган муаммолар ва камчиликларни бартараф этиш учун биринчи марта таҳлилий ҳисобот тайёрланди.
ЕХҲТ / ДИИҲБ Миссияси томонидан тақдим этилган Якуний ҳисоботда сайловлар такомиллаштирилган қонунчилик ва мустақил фикрларга нисбатан бағрикенглик тамойилларига биноан ўтказилгани таъкидланган. 2021 йил Ўзбекистоннинг сиёсий ҳаётида муҳим сиёсий воқеа – президент сайлови бўлиб ўтади. Бу эса сайлов қонунчилигини такомиллаштириш борасидаги ишларнинг аҳамиятини янада оширади.
МСК томонидан бу борада кўплаб йўналишларда самарали ишларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сайловчиларни рўйхатга олиш, сайловчиларга оид маълумотларни қайта ишлаш, сайловларнинг хавфсизлигини таъминлаш, овозларни ҳисоблаш ва натижаларини эълон қилиш, шунингдек, ногиронлиги бўлган сайловчилар ва сайлов кузатувчилари билан ишлашни ўз ичига олган сайлов тартиб-таомиллари бўйича сайлов органлари ходимларининг салоҳиятини ошириш шулар жамласидан.
Сайловчиларнинг аниқ ва тўлиқ рўйхатини шакллантириш сайлов жараёнлари учун жуда муҳимдир. Шунинг учун ҳам сайловчиларни рўйхатга олиш тизими фуқароларнинг овоз бериш ҳуқуқларини аниқлашнинг асосий воситаси ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш жоиз, МСК учун сайловчиларни рўйхатга олиш тизимидаги бўшлиқларни аниқлаш, сайловчилар рўйхати маълумотларининг яхлитлиги, шу жумладан маълумотларнинг текширилиши ва аҳолининг тизимга бўлган ишончини ошириш бўйича ишларни олиб бориш долзарб аҳамиятга эга.
Босма ва электрон оммавий ахборот воситалари орқали аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, сайлаш ва қарорлар қабул қилиш жараёнидаги иштирокига оид ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида хабардор қилиш, сайловларда иштирок этишга ва сайлов куни онгли қарор қабул қилишига даъват этиш ҳам долзарб масалалардандир. Барча сайловчилар, шу жумладан аёллар, ногиронлар ва миллий озчилик гуруҳлари учун тенг ҳуқуқларни таъминлаш доимий эътиборда.
Тадбирда Марказий сайлов комиссияси билан Халқаро сайлов тизимлари фонди ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба ва фикр алмашиш мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада жадаллаштириш ва ривожлантиришга муҳим ҳисса қўшиши таъкидланди.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати