3 февраль куни Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг парламент юқори палатасининг ўн иккинчи ялпи мажлиси олдидан видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган мажлисида Сенат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлисда парламент юқори палатасининг ўн иккинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган масалалар кўриб чиқилди. Хусусан, “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, шунингдек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2020 йилдаги ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда сўнги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ҳамда давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларни очиқ, шаффоф ва мустақиллик принциплари асосида ўтказишда халқ ҳокимияти ва сиёсий плюрализмнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва сайлов тизимини босқичма-босқич модернизациялаш бўйича бир қатор амалий чоралар кўрилди.
Бироқ 2019 йилда бўлиб ўтган парламент сайловларида юзага келган бир қатор камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, халқаро ташкилотларнинг айрим мақбул тавсияларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш орқали мамлакатимизда ушбу соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар моҳиятини халқаро ҳамжамиятга етказиш зарурати туғилди.
Қонун сайлов жараёнига нисбатан ягона шаффоф ва самарали ёндашувларни назарда тутган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, у билан бир қатор ўзгартишлар киритиляпти.
Жумладан, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти тугатилмоқда ва уларнинг ваколатлари туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юкланмоқда. Хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, чет давлатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма сайлов қутилари орқали овоз беришнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ Президентлик сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда маҳаллий вакиллик органларига сайловлар тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади. Киритилаётган ўзгартишлар билан эса сайловларни октябрь ойида ўтказиш таклиф қилинмоқда.
Мажлисда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2020 йилдаги ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи ҳам кўриб чиқилди.
Шунингдек, мажлисда сенаторлар томонидан Дастурда белгиланган вазифаларнинг ҳудудлар кесимида ўз вақтида ва сифатли бажарилганлиги бўйича ўрганишлар ўтказиш зарурлиги таъкидланди.
Қўмита йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси Б.Юнусов, МСК Сайлов қонунчилиги ва замонавий технологиялар бўйича ўқув маркази директорининг ўринбосари Х.Палуаниязов иштирок этди.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати