Марказий сайлов комиссиясининг “Бухоро вилоятида бўшаб қолган ўринга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзоси сайловини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 4 февраль куни Бухоро шаҳридаги Ёшлар маркази биносида Бухоро вилояти давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг бўшаб қолган ўринга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзоси сайлови бўйича қўшма мажлиси бўлиб ўтди.
Қўшма мажлисни Марказий сайлов комиссияси Котибият раҳбари Худоёр Маматов кириш сўзи билан очди ва Сайлов кодексининг 78-моддасига мувофиқ энг обрў-эътиборли, тажрибали, ёши улуғ депутатлар орасидан мажлисга раислик қилувчи тўғрисида таклиф киритди.
Қўшма мажлисда 59-Чандир сайлов округидан Бухоро вилояти кенгаши депутати Сайитқули Оққиев, 36-Зандани сайлов округидан Бухоро вилояти кенгаши депутати Санам Жумаева, 29-Ғовшун сайлов округидан Бухоро вилояти кенгаши депутати Абдулла Назруллаев, 24-Ромитан сайлов округидан Бухоро вилояти кенгаши депутати Марҳабо Пардаева сўзга чиқиб, вилоятда амалга оширилаётган ислоҳотлар бераётган самаралар ҳақида гапирдилар. Амалга оширилаётган изчил ишларда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зариповнинг муносиб ҳиссаси бор. Ташаббускор, замонавий фикрлайдиган ва халқ билан бамаслаҳат ишлайдиган раҳбарлардан.
Йиғилишда Сенат аъзолигига бўладиган сайлов бўйича депутатларга зарурий тушунчалар берилди. Шундан сўнг яширин овоз бериш йўли билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзосини сайлаш бўйича сайлов ўтказилди. Бухоро вилояти хокими, 51-Халкобод округидан Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Ботир Комилович Зарипов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси этиб сайланди.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати