2021 йил 16 март куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси З.Низамходжаев ҳамда Литва Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси Лаура Матйошайтите ўртасида видеомулоқот тарзидаги учрашув бўлиб ўтди.
Тадбир кун тартибидан томонлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш ва музокараларни йўлга қўйиш, шунингдек, Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг янги раҳбарияти билан яқиндан танишув масалалари ўрин олди.
З.Низамходжаев “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинганлиги ва ушбу ҳужжат билан қонунчиликка қатор ўзгартиришлар киритилгани қайд этиб ўтди.
Л.Матйошайтите хоним мазкур учрашув ташкил этилганлиги учун ўз миннатдорчилигини билдирди ва З.Низамходжаевни Ўзбекистон Республикаси МСК раиси лавозимига сайлангани билан табриклади. У Ўзбекистон сайлов тизими ҳақида гапирар экан, 2019 йилги парламент сайловларида халқаро кузатувчи сифатида шахсан ўзи иштирок этганлиги, қабул қилинган Сайлов кодекси асосида ўтказилган сайловлар унда яхши таасурот қолдиргани ва сайловчилар ягона электрон рўйхатнинг шакллантирилганини юқори баҳолади.
Л.Матйошайтите Литва МСК томонидан амалга оширилаётган ишлар, жумладан жорий йилнинг апрель ойида маҳаллий ҳокимият органлари сайловларига тайёргарлик борасида маълумот берди.
Учрашув сўнгида томонлар ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш ва ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олинди.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати