• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Сайлов қонунчилиги ва амалиётини ўрганиш кўлами тобора кенгаймоқда
17.05.2021
1606
Бугун, 17 май куни Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида ҳудудий тренерлар учун ўқув машғулотлари бошланди.

Бугун, 17 май куни Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида ҳудудий тренерлар учун ўқув машғулотлари бошланди.

Марказий сайлов комиссиясининг жорий йил 27 апрелдаги мажлисида Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш концепцияси тасдиқланган эди. Мажлис сўнгида мазкур концепция ижросини белгиланган муддатларда ва сифатли таъминлаш мақсадида Марказий сайлов комиссияси ҳамда Давлат бошқаруви академияси, Тошкент давлат юридик университети, Бош прокуратура академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланган.

 

Концепция асосида жорий йилнинг 28 апрелидан 6 майигача Давлат бошқаруви академиясида сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар ва сайлов жараёни бошқа ташкилотчиларининг малакасини оширишда масъул бўлган республика тренерлари ҳамда масъул шахслар учун семинар-тренинглар ўтказилди.  

 

Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишда “Бир сайловчи – бир овоз” тамойилига қатъий амал қилиш, сайловчи шахсан ўзи овоз беришининг аҳамиятини кенг тушунтириш, шунингдек, сайловчилар рўйхати билан ишлаш, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ва сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимидан фойдаланиш тартибини атрофлича ёритиш каби муҳим масалалар шулар жумласидандир.

 

Шундан келиб чиққан ҳолда, Андижон вилоятида бугун бошланган иккинчи босқичда Давлат бошқаруви академиясида таҳсил олган 4 нафар республика тренери вилоятдаги 72 нафар ҳудудий тренер учун 17-22 май кунлари машғулотлар ўтказади.

 

Келгусида эса тайёрланган ҳудудий тренерлар туман ва шаҳарларга тақсимланиб, июнь-сентябрь ойларида, Марказий сайлов комиссияси билан келишилган ҳолда тасдиқланган режа-графикка биноан, участка сайлов комиссияси раиси, раис ўринбосари ва котиблигига 2796 нафар номзод учун семинар-тренинглар ўтказилади. Мазкур ўқувлар туман (шаҳар) марказларида танлаб олинган сайлов участкалари учун ажратилган биноларда 15-21 нафарлик кичик гуруҳларда интерактив усулларда икки кун мобайнида ташкил этилади.

 

Бутун мамлакатимиз бўйлаб бошланган бундай кенг қамровли семинар-тренерларнинг ўқув машғулотларига юксак  самаралар  ва улкан муваффақиятлар тилаймиз.

 

Ферузахон АҲМЕДОВА,

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси аъзоси