• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
СЕМИНАР-ТРЕНИНГЛАР: ҚАТЪИЙ ИЗЧИЛЛИК ВА КЕНГ ҚАМРОВ
26.05.2021
1649
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 17 май куни бошланган сайлов комиссиялари аъзолари ва сайлов жараёнининг бошқа иштирокчиларининг малака ва кўникмасини оширишга қаратилган семинар-тренинглар Бухоро вилоятида ҳам изчил давом этмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 17 май куни бошланган сайлов комиссиялари аъзолари ва сайлов жараёнининг бошқа иштирокчиларининг малака ва кўникмасини оширишга қаратилган семинар-тренинглар Бухоро вилоятида ҳам изчил давом этмоқда.

Қайд этиш жоизки, Сайлов кодексининг 14-моддасида сайлов комиссиялари фаолиятини услубий жиҳатдан таъминлашни амалга ошириш вазифаси  белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан шу йил 27 апрелда тасдиқланган  Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш концепцияси бу борадаги ишларни тизимли йўлга қўйишга хизмат қилмоқда. 

Семинарларда сайлов округлари ва участкаларини тузиш, округ ва участка сайлов комиссиялари таркибини шакллантириш ва уларнинг ишини ташкил этиш механизмларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўқув жараёнлари мониторинг қилиниб,  тингловчиларнинг билими мунтазам баҳолаб борилмоқда.

 

“Бухоро вилоятидаги семинар тренингларга 97 нафар ҳудудий тренер ҳамда сайлов жараёнининг бошқа иштирокчилари жалб этилган, - дейди Бухоро давлат университети ректори Обиджон Хамидов. - Сайлов жараёни иштирокчилари миллий сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишлардан яхши хабардор бўлиши ва ахборот технологияларини амалда бемалол қўллай олиши керак. Бундай кенг кўламли тарғибот-тушунтириш ишларини амалга оширишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш пандемия шароитида, айниқса,  муҳим аҳамият касб этади”.

“Муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш, сайлов кунига тайёргарлик”,“Сайловчилар рўйхати билан ишлаш”,“Сайлов куни овоз беришни ташкил қилиш тартиби”,“Сайлов натижаларини аниқлаш ва эълон қилиш тартиби” каби муҳим мавзуларда назарий ва амалий машғулотлар ўтказилмоқда.

Бухоро давлат университетида ташки этилган мазкур ўқишлар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини юқори савияда ташкил этиш учун сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишга жалб этилган ҳудудий тренерларнинг сайлов қонунчилиги ва жараёни бўйича билим ҳамда кўникмаларини оширишга хизмат қилади.

Машғулотлар зарур жиҳоз ва воситалар (проектор, электрон доска, компьютер, маркер, ичимлик суви, дизенфекция воситалари, дозаторлар ҳамда антисептиклар) билан тўлиқ таъминланган аудиторияларда олиб борилмоқда.

Маълумки, мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган  семинар-тренинглар 29 майга қадар давом этади.  Кейинги босқичда қамрови янада кенгайиб, туман, шаҳарларда ташкил этиладиган шундай семинарларда участка сайлов комиссияси раиси, раис ўринбосари ва котиблигига номзодлар учун сайлов қонунчилигидаги янгиликлар ва уларни амалиётда қўллаш масалалари юзасидан машғулотлар ўтказилади.

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати