• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИ ВА АМАЛИЁТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ДЕМОКРАТИЯНИНГ МУҲИМ ШАРТИ
03.06.2021
2542
Истиқлол йилларида мамлакатимизда ўз моҳиятига кўра ноёб, турли даражадаги сайловлар хусусияти инобатга олинган сайлов тўғрисидаги бир қатор қонунлар қабул қилинди. Сайлов тўғрисидаги миллий қонун ҳужжатлари аксарият ривожланган демократик давлатларда бўлгани сингари сайловлардан сайловларгача бўлган даврларда тобора такомиллаштирилмоқда ва ривожлантирилмоқда.

Истиқлол йилларида мамлакатимизда ўз моҳиятига кўра ноёб, турли даражадаги сайловлар хусусияти инобатга олинган сайлов тўғрисидаги бир қатор қонунлар қабул қилинди. Сайлов тўғрисидаги миллий қонун ҳужжатлари аксарият ривожланган демократик давлатларда бўлгани сингари сайловлардан сайловларгача бўлган даврларда тобора такомиллаштирилмоқда ва ривожлантирилмоқда. Бу табиий тадрижий жараён бўлиб, у бир томондан юртимизда рўй бераётган муҳим таркибий демократик ўзгаришларнинг натижаси бўлса, иккинчи тарафдан, бу жараённинг ўзи Ўзбекистонда амалга оширилаётган давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги демократик инсонпарвар ислоҳотларнинг бориши ва мазмунига таъсир кўрсатмоқда.

Янги демократик ва эркин Ўзбекистонни бунёд этиш мақсадида сўнги беш йил давомида амалга оширилаётган кенг қамровли, изчил ислоҳотларда асосий эътибор – халқ хокимиятчилиги конституциявий тамойилини хаётга кенг тадбиқ этиш, давлат ва жамиятни бошқаришда фуқароларнинг иштирокини кенгайтириш, шунингдек миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётини янада такомиллаштириш, уни халқаро сайлов стандартлари ва илғор демократик ҳуқуқий давлатлар тажрибасига мувофиқлаштиришга қаратилган. Зеро, эркин ва адолатли сайловлар демократиянинг муҳим ва зарурий шарти ҳисобланади.

Сўнги йилларда Ўзбекистонда бўлиб ўтган сайловлар, сайлов қонунчилиги ва амалиётига киритилган ўзгартиш ва янгиликлар мамлакатимизда янги сиёсий вазият шаклланганлигини ёрқин ифода қилмоқда. Биринчи бор Сайлов кодекси асосида 2019 йил декабрида мамлакатимиз парламенти ва Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига бўлиб ўтган сайловлар жараёнида муҳим ижобий тажриба ортирилди, сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш амалиёти сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Шу билан бирга сайлов қонунчилиги ва амалиётида айрим камчиликлар ва бўшлиқлар ҳам борлиги кўзга ташланди.

Ушбу камчликларни бартараф қилиш, бўшлиқларни тўлдириш мақсадида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси қизғин муҳокамалардан сўнг жорий йил 8 февралда қабул қилинди ва ижрога қаратилди. Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ҳам муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Мазкур янгиликларни ўз ичига олган Сайлов кодекси нормаларини Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг сайлов жараёнларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилган қарор, низом ва йўриқномаларида акс эттириш жараёнида ишчи гуруҳимиз томонидан нуфузли халқаро ташкилотларнинг кузатувчилари, хорижий ва маҳаллий экспертлар ва олимларнинг берган таклиф ва тавсиялари яна бир бор таҳлил қилинди. Шу жараёнда амалдаги Сайлов кодексининг айрим моддаларини янада такомиллаштириш ва халқаро сайлов стандартларига уйғунлаштиришга эҳтиёж борлиги аниқланди.

Ишчи гуруҳи томонидан таҳлилларга асосан ишлаб чиқилган ва асослантирилган таклифлари ўрнатилган тартибда кўриб чиқиш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тақдим этилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси бир гуруҳ депутатларининг ташаббусига асосан Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Жорий йил 1 июнь куни мазкур қонун матбуотда эълон қилинди. Бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан қабул қилинган мазкур Қонун мамлакатимизнинг сайлов қонунчилигини изчил эркинлаштириш ва демократлаштириш йўлида қўйилган яна бир муҳим дадил қадам бўлди.

Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг ўн битта моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши белгиланган. Жумладан, Кодекснинг бешта моддасида, яъни 14, 20, 22, 101 ва 102 моддаларида – қуйи турувчи сайлов органларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятларнинг юқори турувчи сайлов органлари томонидан кўриб чиқилиши бекор қилиниб, фақат судлар томонидан кўриб чиқилиши мумкинлиги ўрнатилди. Ушбу тартиб Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича Бюроси Сайловни кузатиш бўйича миссиясининг 2019 йил 22 декабрдаги Парламент сайловлари бўйича якуний ҳисоботида берилган “такрорий мурожаатлар ва қарама-қарши қарорлар қабул қилинишининг олдини олиш мақсадида мурожаатларни иккита органга бериш тизимини қайта кўриб чиқиш ва устувор равишда шикоятлар фақат судларга берилиши лозим”лиги ҳақидаги тавсиясига ҳам мос келади. Шунингдек, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган инсонпарвар ислоҳотларга ҳамоҳангдир.

Амалдаги Сайлов кодексининг 21 моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларининг таркиби Марказий сайлов комиссияси томонидан – комиссия раиси, раис ўринбосари, котиби ва олти-саккиз нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилиши белгиланган. Сайлов кодексининг 9-моддасига асосан эса, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича сайлов округлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегаралари доирасида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси  томонидан тузилади. Бундан кўриниб турибдики, Республикамиз ҳудудларида жами 14 та сайлов округи тузилиши ва уларнинг ҳар бирида 9 нафардан – 11 нафарга қадар округ сайлов комиссияси аъзолари фаолият юритиши мумкин.

Сайлов кодексининг 22-моддасига асосан – округ сайлов комиссиясига ўзига тегишли ҳудудда сайлов кодексининг ижроси устидан назоратни амалга ошириш, сайлов участкаларини тузиш, участка сайлов комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, сайлов участкаларининг жойлашган ери ҳақида сайловчиларни хабардор қилиш, участка сайлов комиссияларини тузиш ва уларнинг таркиби ҳақидаги маълумотларни эълон қилиш, номзодларга сайлов кампаниясида иштирок этиш учун тенг шароитларни таъминлаш, сиёсий партиялар, бошқа жамоат бирлашмалари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларининг, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотини эшитиш, сайловчилар рўйхатларининг тузилишини ва уларнинг ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилишини кузатиб бориш, сайлов округи бўйича сайлов натижаларини аниқлаш ва уларни Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиш, сайловчиларнинг ва сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда улар юзасидан қарорлар қабул қилиш каби ўта муҳим вазифалар юклатилган.

Агар мамлакатимизнинг айрим вилоятлари, масалан Самарқанд, Фарғона, Тошкент, Наманган, Қашқадарё каби вилоятларининг ҳар бири ҳудудида мингдан зиёд сайлов участкалари тузилиши ва фаолият юритишини инобатга олсак, ушбу сайлов участкаларини тузиш, участка сайлов комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириш каби юқорида санаб ўтилган муҳим вазифаларни бажариш 9–11 нафардан иборат округ сайлов комиссияси учун қанчалик машаққат туғдиришини тасаввур қилиш қийин эмас. Қонун ижодкорлари Сайлов кодексидаги ушбу бўшлиқни тўлдириш мақсадида округ сайлов комиссияси таркибини 11 нафардан 21 нафаргача бўлиши мумкинлиги ҳақидаги нормани белгилади.

Сайлов кодексининг 31-моддасида – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловига доир сайлов бюллетенининг шакли ва матни Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланиши, сайлов бюллетенига номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми унинг туғилган йили, эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури), иш жойи ва уни номзод этиб кўрсатган сиёсий партия кўрсатилган ҳолда алифбо тартибида киритилиши ҳамда сайлов бюллетенида уни тўлдириш тартиби тўғрисидаги тушунтириш бўлиши кераклиги белгиланган.

Маълумки, сиёсий партиялар, номзодлар ёки уларнинг ишончли вакиллари томонидан ўтказиладиган сайловолди ташвиқоти, сайловчилар билан учрашувлар каби тадбирларда номзодлар тўғрисидаги барча маълумотлар, шу жумладан уларнинг эгаллаб турган лавозими машғулотининг тури, иш жойи ҳақида батафсил ахборот берилади. Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси томонидан чоп этиладиган ва сайловдан деярли бир ой олдин  ҳар бир сайлов участкасига етказиб бериладиган номзодларнинг сайловолди дастури ва автобиографияси акс этган плакатларда ҳам номзодлар тўғрисида юқоридаги маълумотлар тўлиқ аск этган бўлади. Ушбу плакатлар  сайлов кунида ҳам ҳар бир сайлов участкасида осиб қўйилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, сайлов бюллетенига номзоднинг фақат фамилияси, исми, отасининг исми унинг туғилган йили ва уни номзод этиб кўрсатган сиёсий партия кўрсатилган ҳолда алифбо тартибида киритилиши белгиланди. Сайлов бюллетенига номзод ҳақида киритиладиган маълумотларнинг қисқартилиши натижасида, бююлетенда номзодлар ҳақидаги барча маълумотларни каттароқ шрифтда акс эттириш орқали сайловчиларга қулайлик яратиш, барча номзодлар тўғрисида бир хил маълумотни акс эттириш йўли билан сайловнинг тенглик принципини таъминлаш имконияти кенгайди.

Сайлов кодексининг 38-моддасида – сайловчилар битта ёки бир нечта сиёсий партияни ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо варақаларига имзо қўйишга ҳақли эканлиги, бунда сайловчи ўз фамилиясини, исмини, отасининг исмини, туғилган йилини (ёши ўн саккизда бўлса, қўшимча равишда туғилган куни ва ойини), яшаш жойи манзилини, паспортининг серияси ва тартиб рақамини, шунингдек имзо қўйилган санани кўрсатиши, мазкур маълумотлар қўлда ёзиб киритилиши белгиланган эди. Киритилган қўшимчага асосан, эндиликда сайловчилар имзо варақасига юқоридаги маълумотларни киритишда  паспортининг ёки ID  картасининг серияси ва тартиб рақамини киритиши мумкин. Ушбу янгилик, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарини расмийлаштириш ва бериш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ киритилмоқда. Чунки, ушбу қарорга асосан 2021 йил 1 январдан бошлаб мамлакатимиз фуқароларига паспорт ўрнига белгиланган намунадаги идентификация ID-картаси берилиши назарда тутилган ва ушбу карта шахсни тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29 июлда қабул қилинган “Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 205-сонли қарорига асосан – “100 ва ундан кўп кишиларнинг иштирокида ташкил этиладиган ва фуқароларнинг биргаликда қатнашиши назарда тутилган ижтимоий-сиёсий ва бошқа турдаги тадбирлар оммавий тадбир ҳисобланиши, бундай тадбирларни ўтказиш учун тегишли давлат ваколатли органларидан рухсатнома олиш талаби” белгиланган. Ушбу талабга кўра, сайлов кампанияси даврида сиёсий партиялар, номзодлар ёки уларнинг ишончли вакиллари томонидан сайловчилар билан ўтказиладиган учрашувлар, ташвиқот тадбирлари учун ҳам тегишли давлат органларидан рухсатнома олиш керак деган тушунча шаклланган. Жумладан, ЕХҲТ ДИИҲБнинг Сайловни кузатиш бўйича миссиясининг 2019 йил 22 декабрдаги Парламент сайловлари бўйича якуний ҳисоботида “сайловолди ташвиқоти давридаги тадбирларни ўтказиш бўйича халқаро стандартларга мувофиқ қонунни қабул қилиб, унда сайловолди ташвиқоти давридаги йиғилишлар учун тегишли давлат органларини хабардор қилиш тизимини жорий этиш” тавсия этилган.

Шу сабабли, Сайлов кодексининг 48-моддаси – сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирлар уларнинг ўтказилиш жойи ва вақти ҳақида тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари камида уч кун олдин ёзма равишда хабардор қилинган ҳолда ўтказилади. Бунда ушбу оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома талаб қилинмайди, деган учинчи қисм билан тўлдирилди.

Сайлов кодексининг 58-моддасида – “Овозларни санаб чиқиш натижалари участка сайлов комиссиясининг мажлисида кўриб чиқилади ҳамда раис, раис ўринбосари, котиб, сайлов комиссиясининг бошқа аъзолари томонидан имзоланадиган баённомага киритилади. Шундан сўнг баённома участка сайлов комиссиясининг раиси ёки раис ўринбосари томонидан ўқиб эшиттирилади ҳамда мазкур баённоманинг кўчирма нусхаси ҳамма танишиб чиқиши учун участка сайлов комиссияси биносига камида қирқ саккиз соат муддатга дарҳол осиб қўйилади.

Участка сайлов комиссияси баённомасининг кўчирма нусхаси ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда дарҳол тегишли округ сайлов комиссиясига ... тақдим этилади, асл нусха эса раис ёки унинг ўринбосари томонидан ички ишлар органлари ходимлари кузатувида олиб бориб топширилади” деган норма мавжуд.

Сайлов кодексининг 95-моддасига асосан, округ бўйича сайлов натижалари участка сайлов комиссиялари томонидан тақдим этилган баённомалари асосида, округ сайлов комиссиясининг мажлисида аниқланиши ва баённомага киритилиши, баённома комиссиянинг раиси, раис ўринбосари, котиби, бошқа аъзолари томонидан имзоланиши ҳамда тегишли сайлов комиссиясига тақдим этилиши белгиланган. Бироқ, участка сайлов комиссияларидан фарқли ўлароқ, мазкур баённоманинг кўчирма нусхаси ҳамма танишиб чиқиши учун дарҳол округ сайлов комиссияси биносига камида қирқ саккиз соат муддатга осиб қўйилиши назарда тутилмаган.

Шу боис, кодексдаги ушбу бўшлиқ ҳам қонун ижодкорлари томонидан бартараф этилиб, округ бўйича сайлов натижалари акс этган баённоманинг кўчирма нусхаси ҳамма танишиб чиқиши учун дарҳол округ сайлов комиссияси биносига камида қирқ саккиз соат муддатга осиб қўйилиши кераклиги белгиланди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозим, британиянинг The Economist Intelligence Unit тадқиқот ташкилоти томонидан тузиладиган дунё мамлакатлари “Демократия индекси”да 2019 йил ҳолатига Ўзбекистон 165 давлат ичида 157-ўринни эгаллаган. Шунинг учун давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 2 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида”ги Фармонида ушбу индекснинг “12.1 - Сайлов жараёни ва плюрализм йўналиши” бўйича Ўзбекистоннинг кўрсатгичларини 2022 йилга қадар олти баробарга кўтариш белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда, юқоридаги сайлов қонунчилигига киритилган ушбу ўзгаришлар мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини янада юксалтириш, мамлакатимиз сайлов қонунчилигини янада демократлаштириш ва сайлов амалиётини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, сайловчиларнинг демократик, очиқ-ошкора сайловларда фаол иштирок этиб, ўз ҳохиш-иродасини эркин ифода этишида муҳим омил бўлади.

Зеро, очиқ демократик сайловлар одамларнинг сиёсий салоҳиятини рўёбга чиқариш имкониятини беради. Ўзбекистонда демократик жараёнларнинг самарадорлигини оширишга йўналтирилган ижобий ўзгаришларни кузатиш эса эртанги кунга бўлган ишончни мустаҳкамлаб, кишини ғоят руҳлантиради. Халқаро қоидаларга биноан, "Ҳар бир сайловчи ўз эркинлигининг ғамхўридир". Шундай экан, эртанги кунимиз қандай бўлиши ҳар биримизнинг сиёсий онгимиз, мавжуд сайлов тизими ва ўз ҳуқуқимиздан қандай фойдалана олишимиз ҳамда масъулиятни ҳис этган ҳолда фуқаролик бурчимизни самарали адо этишимизга бевосита боғлиқ. Шундагина демократик сайлов тамойиллари ҳақиқий тараққиёт кафолатига айланади.

 

Худоёр МАМАТОВ,

Марказий сайлов комиссияси Котибият раҳбари,

юридик фанлари доктори, профессор.