2021 йил 23 июль куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда йирик сиёсий жараён Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига старт берилди.
Тадбирда сиёсий партиялар раҳбарлари, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Унда Марказий сайлов комиссияси 2021 йилнинг 24 октябрь санасини Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни, деб белгилади. Сайлов кампанияси 23 июлдан бошланиши эълон қилинди.
Президент сайлови шу йил 8 февралда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига киритилган ўзгартишга мувофиқ, октябрь ойида бўлиб ўтади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низамходжаев Президент сайлови янгиланган миллий сайлов қонунчилиги, умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос, демократик тамойиллар асосида, очиқ ва ошкора ўтказилишини алоҳида қайд этди.
Бўлажак сайлов 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган демократик ғояларнинг амалдаги яна бир ёрқин ифодаси бўлади.
2016 йил 4 декабрдаги Президент сайловидан буён ўтган беш йил мобайнида халқимиз, мамлакатимиз ҳаётида, жамиятимизда, миллий сайлов қонунчилигида улкан ўзгаришлар юз берди. Нуфузли халқаро ташкилотлар ҳамда экспертлар кенг эътироф этишганидек, бу даврда республика ҳаётининг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий соҳаларида халқ фаровонлигини юксалтиришга йўналтирилган дадил ислоҳотлар амалга оширилди.
Илк бор Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси асосида ўтадиган Президент сайловида конституциявий қоидалар ва халқаро сайлов стандартларига биноан Ўзбекистон Республикасининг Президенти, яъни давлат раҳбари даврийлик принципи асосида сайланиши таъминланади.
Қолаверса, мамлакатимизда сиёсий партиялар сони яна биттага кўпайиб, партиялараро рақобат сезиларли даражада кучайди.
Мажлисда сайлов кампанияси даврида барча сиёсий партиялар ва улар кўрсатган номзодлар учун соғлом рақобат муҳити ва тенг шароит яратилиши алоҳида таъкидланди. Бунда Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ишларни, жумладан, сайловчиларнинг овоз бериш жараёнини ўз номзодини илгари сурган сиёсий партиялар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар вакиллари, журналистлар, жумладан, хорижлик журналистлар – минглаб кузатувчилар кузатиб боради.
Бўлажак сайловни сиёсий-ҳуқуқий ва ташкилий жиҳатдан юксак савияда ўтказиш мақсадида, Марказий сайлов комиссияси томонидан шу йил 14 апрелда тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастурига биноан, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда кенг кўламли ишлар изчил амалга оширилмоқда.
Унга кўра, Президент сайловининг аҳамияти, ўзига хос жиҳатлари, Сайлов кодекси, сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ҳамда қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини сайловчиларга ва сайлов ташкилотчиларига етказиш муҳим вазифа сифатида белгиланган. Айтиш жоизки, сайлов кампанияси эълон қилингунга қадар бўлган даврда амалга оширилган бундай тадбирлар миллионлаб фуқароларни қамраб олди.
Мажлисда сайлов қонунчилигида белгиланган нормаларнинг ижросини ўз муддатида ва самарали таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича календарь режаси тасдиқланди.
Календарь режада Марказий сайлов комиссияси томонидан тегишли давлат органлари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда қадам-бақадам ва кун-бакун амалга ошириладиган вазифалар белгиланган. Округ ҳамда участка сайлов комиссияларини тузиш, кузатувчиларнинг сайловдаги иштирокини таъминлаш, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати, сиёсий партияларнинг, Президентликка номзодлар ва уларнинг ишончли вакилларининг сайловдаги иштироки, сайлов кампаниясини молиялаштириш, сайловолди ташвиқоти, сайлов жараёнини ёритиш, овоз беришни ўтказиш билан боғлиқ ишлар ана шулар жумласидандир.
Марказий сайлов комиссияси ҳамда барча даражадаги сайлов комиссиялари Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ўз ишини қонунийлик, мустақиллик, холислик, очиқлик, ошкоралик ҳамда шаффофлик тамойилларига тўла амал қилган ҳолда ташкил этади.
Мажлисда шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Матбуот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди ҳамда мазкур Марказнинг низоми тасдиқланди. Матбуот марказида тажрибали журналистлар, ҳуқуқшунослар, таржимонлар, экспертлар ва бошқа мутахассислардан иборат ихтисослаштирилган еттита гуруҳ фаолият олиб боради.
Марказий сайлов комиссиясининг Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 1-уйда (Маърифат маркази, Симпозиумлар саройи биносида) иш бошлаётган Матбуот маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланади.
Уларда журналистларга ва жамоатчиликка сайловга оид масалалар бўйича тезкор ахборот етказиш мақсадида брифинглар, матбуот анжуманлари, учрашувлар ҳамда бошқа тадбирлар ташкил қилинади.
Матбуот маркази Марказий сайлов комиссиясининг “Saylov 2021” веб-портали ҳамда бошқа ахборот ресурсларининг юритилишини таъминлайди.
Йиғилиш сўнгида Марказий сайлов комиссияси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан матбуот анжумани ва тақдимотлар ўтказилди.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати