Аввал хабар берганимиздек, сайлов қонунчилиги талабларига мувофиқ сиёсий партияларнинг ўз ваколатли вакилларини тайинлаганлиги ҳамда уларни ўрнатилган тартибда рўйхатга олиш ва белгиланган намунадаги мандатни бериш ҳақидаги мурожаатлари Марказий сайлов комиссиясига келиб туша бошлаган эди.
Бугун 27 июль куни ушбу жараён ўз якунига етди. Ўзбекистон экологик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси ҳамда Халқ демократик партияси ваколатли вакилларини рўйхатга олиш тўғрисидаги мурожаатлари қабул қилинди.
Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиялар томонидан тавсия этилган ваколатли вакил номзодига тегишли ҳужжатларни кўриб чиқиб, уч кунлик муддатда уни рўйхатга олади ва унга белгиланган шаклда мандат беради.
Эслатиб ўтамиз, 26 июль куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан мурожаатлар келиб тушган эди.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати