Мажлисни Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низамходжаев олиб борди.
Мажлис кун тартибидаги асосий масала – сиёсий партияларнинг ваколатли вакилларини рўйхатга олиш.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 34-моддасида белгиланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар, Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партия сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун ваколатли вакил тайинлашга ҳақли.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 11 сентябрдаги 935-сонли қарори билан Сиёсий партиянинг ваколатли вакили тўғрисида низом тасдиқланган. Мазкур Низомга мувофиқ, Марказий сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда иштирок этиш учун сиёсий партия юқори органининг раҳбари сайлов кампанияси бошланганлиги расман эълон қилинган кундан бошлаб беш кунлик муддатда ўз ваколатли вакилини тайинлайди ҳамда уни рўйхатдан ўтказиш учун Марказий сайлов комиссиясига тегишли ҳужжатларни тақдим этади. Марказий сайлов комиссияси, ўз навбатида, сиёсий партия томонидан тавсия этилган ваколатли вакил номзодига тегишли ҳужжатларни кўриб чиқиб, уч кунлик муддатда уни рўйхатга олади ва унга белгиланган шаклда мандат беради.
2021 йил 23 июль куни Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланишини эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шундан сўнг мамлакатимиз сиёсий майдонида фаолият олиб бораётган бешта сиёсий партия раҳбарлари ўз ваколатли вакилларини тайинлаб, уларни рўйхатдан ўтказиш учун Марказий сайлов комиссиясига мурожаат этди ва тегишли ҳужжатларни тақдим қилди.
Марказий сайлов комиссияси Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси раҳбарлари тавсия этган ваколатли вакилларга тегишли ҳужжатларни кўриб чиқиб, ваколатли вакилларни рўйхатга олиш ҳамда уларга белгиланган шаклдаги гувоҳнома (мандат)ни бериш ҳақида қарор қабул қилди.
Юқоридагиларга асосан, куннинг иккинчи ярмида Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партияларнинг ваколатли вакилларига уларнинг рўйхатга олинганлиги ҳақида гувоҳномалар (мандат) топширилди.
Қонунчиликка кўра, сиёсий партия ваколатли вакилининг ваколат муддати сайлов якунлари тўғрисидаги ахборот матбуотда эълон қилинган кундан эътиборан тугаган ҳисобланади.
Мазкур институтнинг сайлов кампанияси даврида фаол иш олиб бориши сайловларнинг ошкоралиги, адолатлилиги ва қонунунийлигини таъминлашга ҳамда сайлов комиссиялари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга хизмат қилади.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати