• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси
25.08.2021
2755
2021 йил 25 август куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Мажлисни Комиссия Раиси З.Низамходжаев олиб борди.

 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишининг олдини олиш, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ҳузурида сайлов участкаларини тузиш, оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш ҳамда Д.А.Хидоятовни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси этиб рўйхатга олиш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.

Марказий сайлов комиссияси аъзолари мажлис кун тартибидаги биринчи масала – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишининг олдини олиш бўйича Йўриқномани тасдиқлаш масаласини кўриб чиқдилар.

Йўриқномада сайлов округлари ва участкаларида, овоз бериш хоналарида сайлов комиссияси аъзолари, сайловчилар, кузатувчилар ва ОАВ вакиллари учун карантин қоидаларига риоя қилиш талаблари акс эттирилган. 

Қайд этилганидек, округ ва участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларнинг кириш қисмида ва овоз бериш хонасида ижтимоий масофани сақлаш учун 1,5–2 метр оралиқ масофани белгиловчи ҳамда ҳаракатланиш йўналишини кўрсатувчи чизиқлар бўлиши лозим.

 

Округ ва участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларга камида бир нафар тиббиёт ходими бириктирилади.  Сайлов округи ҳудудида эпидемиологик вазиятнинг кунлик таҳлили Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳудудий бошқармалари томонидан олиб борилади.

Мажлисда шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ҳузурида сайлов участкаларини тузиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси кўриб чиқилди.

 Қайд этилганидек, Сайлов кодексининг 10, 14 ва 16-моддаларига мувофиқ ҳамда Ташқи ишлар вазирлигининг Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов участкаларини тузиш ҳақидаги тақдимномасига асосан мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ҳузурида 54 та Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов участкалари тузилади.

Шунингдек, мажлисда оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги МСК қарорига мувофиқ 9 нафар маҳаллий ОАВ вакили рўйхатдан ўтказилди. Қайд этиш жоиз, шу кунга қадар аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ОАВ вакиллари сони 757 нафар, хорижий ОАВ вакиллари  сони 48 нафарни ташкил этмоқда.

Кун тартибига киритилган навбатдаги масала юзасидан Комиссия аъзолари томонидан  Тошкент вилояти давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг бўшаб қолган ўринга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзоси сайлови бўйича 2021 йил 24 август куни ўтказилган қўшма мажлиси баённомасига асосан Даврон Абдулпаттахович Хидоятов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзоси этиб рўйхатга олинди.

Мажлис сўнгида кун тартибига киритилган масалалар юзасидан Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати