Жорий йилнинг 13 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 14-Тошкент шаҳар округ сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 37 давлатдаги 54 та участка сайлов комиссияларининг шахсий таркиби тасдиқланди.
Участка сайлов комиссиялари таркибига элчихона ходимлари, консуллар, элчихона маслаҳатчилари, хориждаги тадбиркор юртдошларимиз, маданий марказ вакиллари, Uzbekistan Airways ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакиллари, шунингдек хорижда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ҳам киритилган.
Сайлов кодексининг 23-моддасига мувофиқ, участка сайлов комиссияси округ сайлов комиссияси томонидан сайловга камида қирқ кун қолганида беш — ўн тўққиз нафар аъзодан, шу жумладан раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда тузилади. Агар комиссия етти нафаргача аъзодан иборат таркибда тузилса, раис ва котиб сайланади. Зарур бўлган ҳолларда, участка сайлов комиссиясининг сон таркиби ўзгартирилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналарида участка сайлов комиссияси раисининг вазифаларини ушбу ваколатхоналарнинг раҳбари амалга оширади.
Сайлов кодексининг 271 - моддасига асосан, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида сайловчиларнинг рўйхатлари мазкур муассасалар бошлиқлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида тузилади.
Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиялари чет давлатларда турган фуқароларни сайловчилар рўйхати билан танишиш усули, жойи ва вақти тўғрисида хабардор қилади.
Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиялари чет давлатларда турган фуқароларнинг уларни сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисидаги мурожаатида кўрсатилган шахсга доир маълумотларни текширади ва фуқарони сайловчилар рўйхатига киритиш ҳақидаги масалани ҳал қилади.
Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиялари сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этади.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати