Учрашув давомида Марказий сайлов комиссияси Раиси З.Низамходжаев ЕХҲТ ДИИҲБ билан ҳамкорлик самарали ривожланиб бораётгани ва ўзининг ижобий натижаларини бераётганини таъкидлаб, халқаро кузатувчиларга жорий йил бўлиб ўтадиган Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурига мувофиқ амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот бериб ўтди. Миссия вакиллари Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси билан сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти, уларнинг сайловларни демократик асосларда ташкил этишдаги роли билан таништирилди.
Қайд этиш жоиз, ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон ЕХҲТ ДИИҲБ миссиясининг сайловларни кузатиш борасидаги бир қатор тавсияларини амалга оширди. Бугунги кунга келиб ЕХҲТ ДИИҲБ томонидан 2019 йилги ҳисоботида тақдим этилган 32 тавсиянинг 18 таси тўла қабул қилинди, 3 таси қисман қабул қилинди, 8 таси кўриб чиқилмоқда.
Ўз навбатида, СКМ раҳбари О.Мерфи ўз сўзида миссиянинг асосий вазифалари, ишлаш методологияси, миссия таркиби ҳақида маълумотлар бериб ўтди.
Таъкидлаш лозимки, Бюронинг сайловни кузатиш бўйича миссияси таркибига асосий гуруҳ билан бирга узоқ муддатли кузатувчилар, шунингдек овоз бериш куни сайлов участкаларида кузатувни амалга оширадиган қисқа муддатли кузатувчилар киритилган.
Ўзбекистонга келиши режалаштирилган узоқ муддатли кузатувчиларнинг фаолияти ДИИҲБга минтақалардаги кузатув натижаларини инобатга олган ҳолда сайлов жараёни ҳақида тўлалигича ҳисобот тузиш имконини беради.
Қисқа муддатли кузатувчиларнинг вазифалари уларга бириктирилган ҳудудда сайлов куни кузатувни амалга ошириш, шунингдек ўз хулосалари ҳақида аниқ ва тўлалигича миссиянинг бош қароргоҳига хабар беришдан иборатдир.
Учрашув сўнгида ДИИҲБ ЕХҲТнинг СКМ вакилларидан 12 нафарига халқаро кузатувчи мандатлари топширилди.