Участка сайлов комиссиялари таркиби 10760 та сайлов участкаси бўйича жами 142 044 нафар комиссия аъзосини ташкил этди.
Комиссия аъзоларининг 89 897 нафари аввал ҳам сайлов жараёнларида иштирок этган бўлса, биринчи марта қатнашаётганлар 52 147 нафарни ташкил этмоқда.
Участка сайлов комиссияси аъзоларининг 90 703 нафари олий маълумотли, 43 761 нафари ўрта махсус ва 7 580 нафари ўрта маълумотга эга мутахассислар. Улар орасида ҳуқуқшунос, шифокор, муҳандис, педагог, иқтисодчи, журналист каби соҳа вакиллари бор.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 23-моддасига мувофиқ, участка сайлов комиссияси округ сайлов комиссияси томонидан сайловга камида қирқ кун қолганида беш-ўн тўққиз нафар аъзодан, шу жумладан раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда тузилади.
Участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан таклиф этилиб, бу номзодлар халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда тегишли округ сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати