Лойиҳа доирасидаги 2021 йилда амалга ошириладиган тадбирлар президент сайлови кампанияси даврида ҳамкорлик қилишга қаратилган. Ишчи режада МСК ва бошқа манфаатдор томонларнинг сайлов жараёнининг шаффофлиги ва инклюзивлигини таъминлаш, аёллар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайловда фаол иштирокини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлар кўзда тутилган.
Бу борада алоҳида эътибор сайлов жараёни иштирокчилари учун ўқув тадбирларини ташкил этишга қаратилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг август ойида «Оммавий ахборот воситаларида сайловларни самарали ёритиш масалалари» мавзусидаги бир қатор ўқув семинарлари бошланди. Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини ёритаётган минтақавий оммавий ахборот воситалари вакиллари онлайн тренингдан ўтиш имкониятига эга бўлишди.
Ўқув семинарларининг асосий мақсади - Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларига ПР ва медиа маҳсулотлар сифатини яхшилашга кўмаклашиш. Ўқув машғулотлари давомида асосий эътибор миллий сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар, сайлов жараёнини ёритишда тез-тез учрайдиган камчиликлар, журналистик ва ПР материалларини тайёрлашнинг ўзига хос хусусиятлари, Ўзбекистон сайловларини ёритишнинг гендер жиҳатлари каби мавзуларга қаратилди.
Ўқув семинарларига миллий мутахассислар билан бир қаторда БМТ Тараққиёт дастурининг халқаро экспертлари ҳам жалб қилинган.
Бугун Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ушбу мавзу бўйича якуний еттинчи ўқув семинари офлайн шаклда бўлиб ўтди.
Ўқув семинари очилиш қисмида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси З.М.Низамходжаев, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили М.Димовска, Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Д.Куролова мурожаат қилди ва иштирокчиларга муваффақият тилади.
МСК раиси тадбирда «Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилиги: асосий янгиликлар, эътибор бериш керак бўлган муҳим жиҳатлар» мавзусидаги тақдимот билан чиқиш қилди ва иштирокчиларнинг саволларига жавоб берди.