Жумладан, бугун МСК доимий аъзоси Гулноза Раҳимова ва БМТ Тараққиёт дастурининг бош техник маслаҳатчиси Георгий Бараташвилининг Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети талабалари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Тадбирнинг асосий мақсади - ёшларга сайлов қонунчилигини тушунтириш, уларнинг сайлов жараёнларидан хабардорлигини ошириш.
Учрашувда мамлакат ёшларининг сайловда онгли иштироки масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди. Бундай тадбирларни ўтказиш орқали Ўзбекистон ёш сайловчиларининг сайлов жараёни асослари ҳақидаги билим даражаси, уларнинг сиёсий жараёнлардаги фаоллиги ва дахлдорлиги, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқларига нисбатан масъулиятли муносабатини шакллантирилиши таъминланади.
“Ёшларнинг сайловда иштирок этиши муҳим, чунки мамлакат келажаги уларга боғлиқ. Сиз, ёш сайловчилар сифатида, сайлов қонунчилигини яхши билишингиз, фаол сайлов ҳуқуқингиздан - Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг сайловда овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланишингиз лозим”, - дея таъкидлади Г. Раҳимова.
Йиғилиш иштирокчиларига мурожаат қилар экан, Г.Бараташвили шундай деди: «Кўпчилигингиз сайловда биринчи марта иштирок этасиз. Сайловчиларнинг сайлов ҳақидаги хабардорлигини оширадиган бундай учрашувнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлашни истардим. Сиз бугун олган маълумотларингизни оила аъзоларингиз билан баҳам кўришингиз мумкин, шунда улар жорий йилнинг декабридан октябрига кўчирилган сайлов куни ҳақида хабардор бўлишади. Шундай қилиб, сиз уларнинг сайловчи сифатида овоз беришда фаол иштирок этишига ўз ҳиссангизни қўшасиз”.
Г.Раҳимова ўз нутқида талабаларга ҳозирги сайлов кампанияси ва олдинги сайловлар бир-биридан тубдан фарқ қилиши ҳақида гапириб берди, уларни 2021 йилдаги сайлов кампаниясининг асосий босқичлари, сайлов жараёни субъектларининг ҳуқуқий мақоми, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ва бошқалар билан таништирди.
Учрашувда, шунингдек, бўлажак сайловларда кузатувчиларнинг иштироки масаласи муҳокама қилинди.
Хусусан, маҳаллий ва халқаро кузатувчиларнинг роли нафақат сайлов жараёнига техник баҳо бериш нуқтаи назаридан, балки шаффофликни ва сайловга бўлган ишончни ошириш учун муҳим эканлиги қайд этилди.
“Халқаро кузатувлар сонининг ортиб бориши халқаро кузатувчилар миссиялари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик туфайли маҳаллий, партиясиз кузатувларнинг ривожланишига катта ҳисса қўшди. Мониторинг ҳисоботлари ва тавсиялар тўпламининг эълон қилиниши сайлов жараёнининг ҳар томонлама баҳоланишини таъминлайди ва ҳукуматларга сайлов қонунчилигини янада такомиллаштириш йўлларини аниқлашга ёрдам беради ”, - деб қайд этди Г.Бараташвили.
Учрашув якунида сайлов жараёнининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.
МСК Матбуот хизмати