• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Халқаро кузатувчилар Қорақалпоғистондаги сайлов округи фаолияти билан танишди
28.09.2021
1576
Жорий йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига барча ҳудудларда пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Айни кунларда бир неча нуфузли халқаро ташкилотлар вакилларининг узоқ муддатли кузатувчилари юртимизга ташриф буюриб, ушбу сиёсий жараёнларга тайёргарлик ишлари билан танишмоқдалар.

Халқаро кузатувчиларнинг бир гуруҳи Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюриб, 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси фаолияти билан танишди.

Халқаро кузатувчилар Округ сайлов комиссияси раиси У.Жалменов билан учрашди. Кузатувчиларга сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурига мувофиқ амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берилди.

-Юртингиздаги сиёсий жараёнларни кузатиш учун ташриф буюрдик, дейди Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг узоқ муддатли кузатувчиси Якуб Херольд. –Биз, Ўзбекистон Республикаси бўйлаб кузатишга келган 14 жамоанинг биримиз. Мана ҳозир 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси раиси билан учрашиб, ушбу ҳудудда сайловларга тайёргарлик ишлари ҳақида маълумот олдик. Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотидан 250 нафарга яқин қисқа муддатли кузатувчилар ташриф буюриб, сайлов куни сиёсий жараёнларни кузатиши кутилмоқда.

Сайловларга тайёргарлик жараёнларини кузатиш учун Қорақалпоғистоннинг барча ҳудудларида бўлишни режалаштираяпмиз. Ҳозир сайлов участкалари жойлашган манзиллар ҳақида маълумотлар олдик. Имкон қадар олис ҳудудлардаги сайлов участкаларига ҳам бориб сиёсий жараёнларни кузатишга ҳаракат қиламиз. Икки кундан буён Нукус шаҳридамиз, шаҳар жуда чиройли ва кўчалари кенг экан. Энди сайлов участкалари билан танишамиз. 

Учрашувда кузатувчилар сайлов участкалари манзили ва чегаралари ва комиссия аъзолари ҳақидаги маълумотлар билан қизиқди. Бу ҳақдаги маълумотлар сайлов қонунчилигига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикакасининг марказий ва маҳаллий нашрларида чоп қилинганлиги маълум қилинди ва газеталар билан таништирилди. Шунингдек, кузатувчилар участка сайлов комиссиялари аъзолигига номзодларни танлаш тартиби ва шу каби ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олди. 

 

1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси Матбуот маркази.