• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Хорижлик экспертлар 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссияси фаолияти билан танишмоқда
28.09.2021
897
ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) вакиллари Хелен Корнблюм ва Пол Свэйнэ Нурафшон шаҳридаги 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссияси биносида бўлиб, ҳудудда амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Округ сайлов комиссияси раиси Маҳмуд Болтабоев меҳмонларни қабул қилиб, уларга атрофлича маълумот берди. Вилоят бўйича 963 та сайлов участкаси фаолият кўрсатади. Эътиборлиси, сайлов участкалари аҳоли учун қулай ҳудудларда бўлишига алоҳида эътибор қаратилиб, кейинги беш йил ичида янги қурилган бино ва иншоотларни танлашга алоҳида эътибор берилди. Ҳозирда барча сайлов участкаларига кўрсаткичлар, пешлавҳалар ва ахборот стендлари тайёрланиб жойлаштирилди.

Барча сайлов участкалари сайловга оид қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатлар, зарур замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланди. Жисмоний ҳаракати чекланган сайловчилар имкониятини эътиборга олган ҳолда биноларга нишаб йўлаклари барпо этилди.  

Ҳозир Тошкент вилояти бўйича участка сайлов комиссияси аъзоларининг умумий сони 12 минг 386 нафарни ташкил этмоқда. Улар орасида 7 минг 165 нафар аёллар, 1 минг 833 нафари 21-30 ёшдаги йигит-қизлар, 235 нафари ҳуқуқшунослар, 5 минг 741 нафари педагоглар ва бошқа соҳа вакиллари 4 минг 686 нафардир.

Ўз навбатида сайлов комиссияси аъзолари таркиби шакллантирилганда кўп миллатлиликка ҳам алоҳида эътибор берилди. Жумладан, 87 нафар қорақалпоқлар, 1 минг 557 нафар қозоқлар, 116 нафар руслар, 568 нафар тожиклар, 18 нафар корейслар ва 252 нафар бошқа миллат вакиллари аъзоликка қабул қилинган.

Участка сайлов комиссиялари таркиби Сайлов Кодекси талаблари асосида тузилган. Учрашув давомида меҳмонлар ўзларига юклатилган вазифалар ҳақида ҳам айтиб ўтди. Хусусан, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) жорий йил 24 октябрь куни мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Президент сайловини кузатиш миссиясини очди. Йохан Мерфи раҳбарлигидаги миссия таркибига 28 та узоқ муддатли кузатувчилар киради. Бундан ташқари, ЕХҲТга аъзо давлатлардан 250 нафар қисқа муддатли кузатувчи ҳам Президент сайлови арафасида мамлакатимизга келиши режалаштирилган.  

Хорижлик кузатувчилар жойларда бўлиб, сайловчиларнинг рўйхатга олиниши, сайловолди ташвиқоти қай тарзда амалга оширилаётгани, сайловга оид қонунчилик ва унинг ижроси каби кўплаб йўналишларни кузатиб боради. Давлат ҳокимияти органлари, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳам учрашувлар ўтказилади.