Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзоси Суяржон Қурбанқулов 1-Қорақалпоғистон сайлов округи ҳамда сайлов участкаларида бўлди.
С.Қурбанқулов дастлаб сайлов округи биносининг жиҳозланиши, комиссия аъзолари ҳамда Матбуот маркази ходимларининг самарали фаолият юритиши учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Шунингдек, Округ сайлов комиссияси раиси У.Жалменов ва ҳудудий масъуллар билан биргаликда Нукус шаҳридаги бир неча участка сайлов комиссияларининг Низом талабларига мувофиқ жиҳозланганлиги, Интернет алоқаси билан таъминланганлиги, комиссия аъзолари ўртасида ишлар тақсимоти самарали ташкил этилганлик ҳолатлари ўрганилди.
Шу куни Марказий сайлов комиссияси аъзоси иштирокида ўрганишлар натижаларини муҳокама этиш ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф қилиш юзасидан 1-Қорақалпоғистон сайлов округида йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда участка сайлов комиссиялари томонидан сайловчилар рўйхатига аниқлик киритиш бўйича аниқланаётган камчиликлар ва уларни бартараф этиш бўйича вазифалар белгиланди. Аниқланган камчиликлар, яъни, айрим сайлов участкаларида сайловчилар сонининг ортиб кетганлиги уйма-уй юриб шакллантирилган рўйхатда бартараф бўлаётганлиги маълум қилинди. Шунингдек, округ ва участка сайлов комиссиялари ўзларининг фаолиятини амалга оширишда карантин қоидаларини инобатга олган ҳолда барча тадбирларни сайлов қонунчилигида белгиланган тартибда амалга ошириши зарурлиги таъкидланди.
Қорақалпоғистондаги участка сайлов комиссиялари фаолиятини ўрганиш тадбирлари давом қилмоқда.
1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси Матбуот маркази