
Давра суҳбати чоғида юртдошларимизга Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси ҳузурида тузилган 48-сайлов участкасида сайловчилар учун барча зарур шароитлар яратилганлиги маълум қилинди. Сайловда овоз бериш жараёни 24 октябрь якшанба куни маҳаллий вақт билан эрталаб соат 8.00 дан кеч соат 20.00 гача ўтказилиши айтиб ўтилди.
Учрашувда Ўзбекистон Президентлигига бешта сиёсий партиядан кўрсатилган номзодларнинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастурларига алоҳида эътибор қаратилди. Номзодларнинг иш фаолияти, илгари сураётган ташаббус ва ғоялари ҳамда ўз олдига қўйган мақсадлари билан ҳам сайловчилар яқиндан танишди.
Ўз навбатида, юртдошларимизга сўнгги ойларда Хитойдаги эпидемиологик вазият кескинлашуви оқибатида мамлакат бўйлаб ҳудудлараро ҳаракатланиш, хусусан, Пекинга кириш – чиқиш учун қуйилган назорат чекловлари тушунтирилди.
Элчихона маълумотларига кўра, айнан шу ҳолатдан келиб чиқиб, ваколатхона сайлов участкасида ватандошларимизнинг сайлаш ҳуқуқини адо этиши учун барча хавфсизлик чоралари кўрилган. Шунингдек, зарур ҳолатлар учун биринчи тиббий хизмат кўрсатиш нуқтаси йўлга қуйилган.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган давра суҳбатида ватандошлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олди.