• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Хорижлик кузатувчи Тошкент ва Сирдарё вилоятидаги сайловга тайёргарлик жараёнларини ўрганди
13.10.2021
1824
МДҲ сайловларни кузатиш миссияси штаби бошлиғи Евгений Козяк Нурафшон шаҳридаги 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссияси биносида бўлиб, ҳудудда амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Округ сайлов комиссияси раиси Маҳмуд Болтабоев меҳмонга ҳудудда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Қайд этилганидек, хозир вилоят бўйича 963 та сайлов участкаси фаолият кўрсатади. Ўтган вақт давомида барча сайлов участкалари сайловга оид қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатлар, зарур замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланди. Жисмоний ҳаракати чекланган сайловчилар имкониятини эътиборга олган ҳолда биноларга нишаб йўлаклари барпо этилди.

Тошкент вилояти бўйича участка сайлов комиссияси аъзоларининг умумий сони 12 минг 386 нафарни ташкил этади. Ўз навбатида уларнинг таркиби шакллантирилганда кўп миллатлиликка ҳам алоҳида эътибор берилди. Жумладан, 87 нафар қорақалпоқлар, 1 минг 557 нафар қозоқлар, 116 нафар руслар, 568 нафар тожиклар, 18 нафар корейслар ва 252 нафар бошқа миллат вакиллари аъзоликка қабул қилинган. Участка сайлов комиссиялари таркиби Сайлов кодекси талаблари асосида тузилган. Жойларда тарғибот ишларини олиб бориш мақсадида, чақирув плакатлари, сайловга оид стендлар ва бошқа тарғибот материаллари белгиланган жойларга тартиб билан ўрнатилди.

Учрашувда хорижлик меҳмон Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларини кўрсатган сиёсий партияларнинг ҳудудда ўтказаётган тарғибот тадбирлари, аҳоли билан учрашувлари ҳақида ҳам ўзини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Шундан сўнг Евгений Козяк Нурафшон шаҳрида ташкил этилган сайлов участкалари фаолияти билан ҳам танишди. Сайлов кодексининг 49-моддасига асосан ҳудудда 21 та сайлов участкаси тузилиб, барча зарур жиҳозлар билан таъминланди. Сайлов участкаларига олиб бориладиган йўллар асфальт ётқизилди.

Участка сайлов комиссиялари аъзолари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва профилактика инспекторилари билан ҳамкорликда хонадонма хонадон юриб хатлов ишлари олиб борилди. Унга кўра, сайловчилар сони 24 минг 101 нафарни ташкил этмоқда.

МДҲ сайловларни кузатиш миссияси штаби бошлиғи Евгений Козяк шунингдек, Сирдарё вилоятида бўлиб, сиёсий тадбирга тайёргарлик ишлари билан танишди.

Евгений Козякни Президент сайловини ўтказувчи 8-Сирдарё округ сайлов комиссияси раиси Жамшидхон Нуритдинов кутиб олди. Округ сайлов комиссияси раиси халқаро кузатувчига вилоятда олиб борилаётган сайловга тайёргарлик ишлари, округ сайлов комиссияси ва 284 та участка сайлов комиссиялари тўғрисида маълумотлар берди.

Сайловда вилоятдаги участка сайлов комиссияларида 3511 нафар аъзо фаолият юритади. Уларнинг 2546 нафари илгари ҳам сайловларда иштирок этган, 1646 нафари аёллар, 718 нафари 21-30  ёшдаги  йигит-қизлардир.  Комиссия аъзоларининг 524 нафари ўзини-ўзи бошқариш органлари, 129 нафари ҳуқуқшунослар, 2922 нафари педагоглар ва бошқа соҳалар вакиллари бўлиб, барчаси сайлов қонунчилигидан хабардор фуқаролардир.

Халқаро кузатувчи Гулистон  шаҳрида жойлашган 15, 19, 20-сайлов участкаларида бўлиб, сайловга ҳозирлик  доирасида олиб борилаётган ишлар, пандемия шароитида сайловчи ва кузатувчиларга яратилган қулайликлар билан танишди, участка сайлов  комиссия раислари  билан суҳбатлашди. 

– Сирдарёда мен 2019 йилги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этганман, бу қисқа даврда вилоятда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилганлигининг гувохи бўлдим. Президент сайловига хам юксак даражада тайёргарлик кўрилганлиги амин бўлдим, - дейди МДҲ сайловларни кузатиш миссияси штаби бошлиғи Евгений Козяк. - Ўтказилаётган сайлов нафақат Ўзбекистон, балки МДҲ мамлакатлари  ва халқлари учун хам аҳамиятлидир.

МДҲ сайловларни кузатиш миссияси штаби бошлиғи Евгений Козяк ОАВ ходимлари билан учрашиб ,уларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.