Овоз бериш куни бино ва хоналар қандай жиҳозланиши ҳамда сайловчи томонидан муддатидан олдин овоз бериш учун амалга ошириладиган ишлар кетма кетлигини кўриб чиқамиз.
ОВОЗ БЕРИШ БИНОЛАРИ ҲАМДА УЧАСТКА САЙЛОВ КОМИССИЯЛАРИ БИНОЛАРИ
Сайлов кодексининг 49-моддага мувофиқ, овоз бериш бинолари махсус ажратилган жойлар бўлиб, уларда яширин овоз бериш учун етарли миқдорда кабиналар ёки хоналар жиҳозланиши, сайлов бюллетенларини бериш учун жойлар ажратилиши ҳамда сайлов қутилари ўрнатилиши керак.
Сайлов қутилари овоз берувчилар уларнинг ёнига албатта яширин овоз бериш кабиналари ёки хоналари орқали ўтиб келадиган қилиб ўрнатилади.
Овоз бериш биносида бошқа ҳеч қандай сиёсий тадбирлар ўтказилишига рухсат этилмайди.
Биноларни жиҳозлаш ва уларда зарур тартибни сақлаб туриш масъулияти участка сайлов комиссиясининг зиммасида бўлади.
Давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун зарур бинолар ва жиҳозларни сайлов комиссиялари ихтиёрига бепул бериб туриши шарт.
Лозим бўлган даражада жиҳозланган овоз бериш бинолари сайлов комиссияларига сайловдан камида ўн бир кун олдин тақдим этилиши керак.
Туташ ҳудудларни ободонлаштириш, фуқаролар, айниқса жисмоний имконияти чекланган шахслар учун зарур шарт-шароитлар яратиш, сайлов комиссияларини техник воситалар, мебель, ашёлар, офис техника воситалари, транспорт билан таъминлаш маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, алоқа воситалари билан таъминлаш эса Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг зиммасига юклатилади.
Жамоат тартибини сақлаш, сайлов ўтказиладиган бинолар ва жойларни қўриқлаш, шунингдек сайлов натижаларига доир ҳужжатларни ташиш чоғида участка сайлов комиссиялари аъзоларини кузатиб бориш тегишли ваколатли органларнинг зиммасига юклатилади.
ОВОЗ БЕРИШ ХОНАЛАРИНИ ЖИҲОЗЛАШ ТАРТИБИ
Қайд этиш жоиз, овоз бериш хоналари ёруғ ва кенг бўлиши, алоҳида кириш ва чиқиш жойи бўлиши, шунингдек уларда жисмоний имконияти чекланган шахслар учун нишаб йўлкалар назарда тутилган бўлиши лозим.
Сайлов кодексининг 50- моддасига мувофиқ, участка сайлов комиссиялари жойлашган бинолар тегишли тарзда жиҳозланиши ва қуйидагиларга эга бўлиши керак:
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи (бинонинг устида ва ичида);
Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби (бинонинг ичида);
сайлов участкасининг тартиб рақами кўрсатилган пешлавҳа;
яширин овоз бериш кабиналари ёки хоналари;
сайлов қутилари;
зарурат бўлса, жисмоний имконияти чекланган шахслар учун махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабиналари;
кузатувчилар учун алоҳида жойлар;
сайлов санасига бағишланган плакатлар;
сайлов участкасининг харитаси;
участка сайлов комиссияси аъзоларининг таркиби, иш режаси, навбатчиликлар жадвали ҳақидаги ахборот;
сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга тааллуқли маълумотлар жойлаштириладиган махсус стенд;
барча рўйхатга олинган номзодларнинг Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан нашр қилинган таржимаи ҳоли ва дастури;
зарур мебель, офис техника воситалари (телефон, принтер, Интернет жаҳон ахборот тармоғига уланган ва Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимига кириш имкониятига эга бўлган компьютерлар, сейф, канцелярия товарлари);
ёнғинга қарши воситалар.
ПАНДЕМИЯ ШАРОИТИДА ОВОЗ БЕРИШ ТАРТИБИ
Сайловчи овоз бериш биносига киришда ижтимоий масофага риоя қилиши шарт. Бунда икки сайловчи ўртасидаги масофа 1,5-2 метр бўлиши лозим.
Сайловчи бинога киришида тана ҳарорати ўлчанади, унга ҳимоя ниқоби ва тиббий қўлқоп берилади. Қўллари антисептик билан дезинфекция қилинади. Сайловчи участка сайлов комиссиясига шахсини тасдиқловчи ҳужжатини очиб кўрсатади, заруратига кўра қисқа муддатга ҳимоя ниқобини очиб юзини кўрсатади.
Эсда тутинг! Сайловда санитария қоидаларга риоя этишингиз саломатлигингизни сақлашда муҳим ҳисобланади.
САЙЛОВ УЧАСТКАСИДА МУДДАТИДАН ОЛДИН ОВОЗ БЕРИШ ТАРТИБИ
Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида тегишли участка сайлов комиссиясидан сайлов бюллетенини олади. Сайловчи сайлов бюллетенини олганлиги ҳақида тегишли участка комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхатига имзо қўяди.
Сайлов бюллетени махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида сайловчи томонидан тўлдирилади.
Сайловчи қарор қабул қилади ва тўлдирилган сайлов бюллетенини ёпиқ конвертда қолдиради, конверт тегишли участка сайлов комиссиясининг сейфида сақланади. Конвертнинг елимланган жойига участка комиссиясининг икки нафар аъзосининг имзолари қўйилиб, улар комиссиянинг муҳри билан тасдиқланади.
2021 йил 14-20 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш ўтказилади.
Сайлов участкасида муддатидан олдин овоз бериш вақти соат 9:00 дан соат 19:00 га қадар давом этади.
Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш ушбу сайлов участкалари жойлашган ердаги маҳаллий вақт билан соат 9:00 дан соат 19:00га қадар амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича Марказий сайлов комиссиясининг 12-00 қисқа рақамига, хориждаги ватандошларимиз эса 998 (55) 500-12-00 рақамига қўнғироқ қилишлари мумкин.