• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низамходжаев Ҳиндистон Сайлов комиссияси раиси Сушил Чандра билан учрашди
21.10.2021
1741
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси таклифига биноан Ҳиндистон Сайлов комиссияси раиси Сушил Чандра бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Президент сайловини кузатиш мақсадида юртимизга ташриф буюрди.

Жорий йил 21 октябрь куни Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низамходжаевнинг Ҳиндистон Сайлов комиссияси раиси Сушил Чандра билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув давомида мехмонларга Ўзбекистондаги сайлов тизими, сайлов қонунчилигини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган амалий ишлар хусусида маълумотлар берилди.

Қайд этилганидек, президент сайловига пухта тайёргарлик кўриш, уни умумэътироф этилган халқаро тамойиллар асосида ўтказиш бевосита сайлов комиссиялари аъзоларининг миллий сайлов қонунчилиги ва халқаро сайлов стандартлари бўйича билим ва кўникмаларини оширишга боғлиқ. Шу муносабат билан сайлов ташкилотчилари бир неча босқичда сайлов қонунчилиги бўйича етакчи олимлар, маҳаллий олий ўқув юртлари профессорлари, тажрибали экспертлар томонидан ўқитилди.

Сайлов кодексига киритилган ўзгартиришларнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти учун ажратилган маблағлардан фойдаланишнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида улар томонидан сайловдан олдин оралиқ ва сайловдан сўнг якуний молиявий ҳисоботлар, қолаверса, Ҳисоб палатасининг партиялар фаолиятини текшириш натижаларини эълон қилиш тартиби жорий этилди.

Учрашувда Ҳиндистон Сайлов комиссияси раиси Сушил Чандра Ўзбекистонда сайлов қонунчилигини такомиллаштириш борасида амалга оширилган ишлар ва эришилган натижаларни ижобий баҳолади. Шунингдек, Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси ва Ҳиндистон Сайлов комиссияси ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масалаларига ҳам тўхталди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати