• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси ўринбосари Бахром Кучкаровнинг брифингдаги Ахбороти
24.10.2021
712

МСК Матбуот маркази

2021 йил 24 октябрь

соат: 12:30

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимиз ҳудудида ташкил этилган 10 минг 761 та сайлов участкаларида, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган 54 та сайлов участкаларида бугун соат 8:00 да бошланиб, сайловчиларнинг овоз бериш жараёни самарали давом этмоқда.

Марказий сайлов комиссияси ҳамда барча сайлов округлари ва участкалари ўртасида доимий алоқа ўрнатилган.

Умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига ва миллий сайлов қонунчилигимизга, очиқлик ва ошкоралик, қонунийлик ва холислик принципларига тўла амал қилган ҳолда ташкил этилган сайловда, президентликка номзодлар учун овоз бериш жараёнида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида фуқароларимиз, сайловчиларимиз кўтаринки кайфиятда фаол иштирок этмоқдалар.  

Кўриб турганингиздек, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги 207 та сайлов участкасида ўрнатилган 414 та видеокамера сайловчиларнинг овоз бериш жараёнини ушбу Матубот марказида ўрнатилган мониторда, saylov2021.uz Веб-сайтида ҳамда Ўзбекистон МТРКнинг “Ўзбекистон – 24” телеканалида тўғридан-тўғри онлайн режимида намойиш қилиб турибди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари сайловда юксак сиёсий фаолликни намоён этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг
96-моддасига биноан, агар сайловчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг ўттиз уч фоизи овоз беришда иштирок этган бўлса, сайлов ўтган ҳисобланади. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка ва округ сайлов комиссияларидан олинган маълумотларга эътибор қаратсак соат 11:00 га қадар сайловчиларнинг 6 млн 669 минг 552 нафари ёки 33,6 фоизи овоз берди.

Демак жорий сайловлар ўтган деб ҳисобланади ва бу билан барча сайлов жараёни иштирокчиларини, халқимизни табриклаймиз.

Сайлов кодексига биноан, Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси – сайловчи тенг сайлов ҳуқуқига эга. Сайловда эркин ва яширин овоз берилади. Овоз берувчиларнинг хоҳиш-иродаси назорат қилинишига йўл қўйилмайди. 

Сайлов қонунчилиги нормаларига мувофиқ, соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган сайловчилар учун участка сайлов комиссиялари овоз беришни ўша сайловчилар турган жойда ташкил этмоқда. 

Сайловларни нуфузли халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий мамлакатларнинг кузатувчилари бевосита кузатиб борамоқдалар.  

Бундан ташқари, президентликка номзод кўрсатган сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан ҳам 70 мингга яқин маҳаллий кузатувчилар сайловларни бевосита кузатиб бормоқда ва бу кузатув сайловларни қонуний ўтишини таъминлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан аккредитациядан ўтказилган миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар сайловлар жараёнини фаол ёритиб бормоқда. Бунинг учун биз уларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз ва жараёнларни холис ёритиб боришларида муваффақият тилаймиз.

Умуман олганда сайловлар амалдаги қонунчилик меъёрлари ва халқаро стандартларга тўла мос равишда ўтмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, барча кузатувчилардан сайлов участкаларида овоз бериш жараёнларини, овозларни санаш ва натижаларни аниқлаш жараёнларини ҳам фаол кузатиб боришларини сўраб қолар эдик.