• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари Бахром Кучкаровнинг брифингдаги Ахбороти
24.10.2021
898

МСК Матбуот маркази

2021 йил 24 октябрь

соат: 17:30

 

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида сайловчиларнинг овоз бериш жараёнлари фаол давом этмоқда.

Мазкур сайловда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари юксак сиёсий фаолликни намоён этмоқдалар.

Жойлардан 17:00 га қадар олинган маълумотларга кўра Ўзбекистон ҳудудидаги 19 миллион 859 минг 127 нафар сайловчилардан 14 млн 258 минг 780 нафари ёки 71,8 фоизи овоз берди.

Ҳозирга қадар Владивосток, Токио, Сеул, Кванджу, Пекин, Шанхай, Гуанджоу, Куала-Лумпур ва Сингапур шаҳарларидаги сайлов участкаларида овоз бериш жараёнлари якунланди. Ушбу сайлов участкаларида овоз бериш натижаларини аниқлаш, бюллетенларни санаш жараёнлари бошланган.

Тошкент вақти билан соат 17:00 да АҚШнинг Вашингтон ва Нью-Йоркдаги сайлов участкаларида овоз бериш бошланди.

Бошқа хорижий мамлакатларда тузилган сайлов участкаларида овоз бериш жараёни давом этмоқда.

Эслатиб ўтаман хорижий давлатлардаги сайлов участкаларида 299 780 нафар сайловчи сайловчилар рўйхатига киритилган.

Сайловчиларга мурожаат

Ҳурматли сайловчилар,

Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов куни ўтказилган мониторинг натижалари баъзи сайлов участкаларида “оилавий” овоз бериш ҳолатлари қайд этилганини кўрсатмоқда.

Таъкидлаш жоизки, кўрилган кенг тарғибот ва ташвиқот ишларига қарамасдан ушбу салбий амалиётдан ҳали-ҳануз тўлақонли воз кеча олмаганимизни кўрсатмоқда.

Шунинг учун барча фуқаролардан “Бир сайловчи – бир овоз” тамойилига қатъий риоя қилишларини яна бир бор сўраб қоламиз.

Марказий сайлов комиссияси келгусидаги фаолиятида ҳам Ўзбекистон сайлов амалимётида “оилавий овоз бериш” каби салбий жиҳатларни батамом йўқ қилиш юзасидан тизимли чоралар кўришни давом эттиради албатта.

Шунингдек, бир сайловчи томонидан икки ёки ундан ортиқ сайлов бюллетенларини сайлов қутисига ташлаб юбориш каби айрим ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳаларга ҳам Марказий сайлов комиссиясининг эътибори қаратилди.

Зудлик билан бундай ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура идораларига мурожаат қилинди.

Ўрганиш натижалари бўйича кейинги матбуот анжуманларимизда ахборот берилади.

Ҳурматли сайлов жараёнининг муҳим иштирокчилари: кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари.

Қарийиб 2 соатдан сўнг, яъни соат 20:00 да мамлакатимиз ҳудудидаги 10 761 та сайлов участкаларининг барчасида сайловчиларнинг овоз бериш жараёнлари тўлиқ якунланади ва натижаларни аниқлаш жараёни бошланади.

Очиқлик ва ошкоралик билан ўтаётган мазкур сайловларда фуқароларимизнинг ҳар бир овози инобатга олиниши шарт.

Сайлов натижаларини қалбакилаштиришга қарши курашнинг энг самарали йўли бу – жамоатчилик назоратидир.

Шунинг учун барча сайлов жараёни иштирокчиларидан овозларни санаб чиқиш жараёнида қонун талабларига қатъий амал қилган ҳолда, бу жараённи қатъият билан амалга оширишларини сўраб қоламиз.