• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Сайлов кампанияси даврида ва сайлов куни судларга келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари ҳамда шикоятларни зудлик билан кўриб чиқиш бўйича судларда йўлга қўйилган навбатчилик ҳақида Олий суд раиси К.Камилов Ахбороти
24.10.2021
844
Бугун шубҳасиз, халқимиз ҳаётида энг муҳим ва мамлакатимизнинг истиқболи ва ривожланиши учун тарихий кунлардан бири.

Шуни тан олиш керакки, бу йилги Президент сайлови - миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида, юксак савияда бўлиб ўтмоқда.

Бу муҳим сиёсий кампания Янги Ўзбекистон шароитида сайловчиларимиз, барча фуқароларимизнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти, дунёқараши юксалиб бораётганини яна бир бор намоён этмоқда.

Маълумотларга кўра, ҳозир соат 16:00 ҳолатига,жами 10 мингдан ортиқ республикамизнинг барча судьялари ва суд ходимлари оила аъзолари билан биргаликда ўз фуқаролик позициясини билдириш учун сайлов участкаларида овоз беришди.

Албатта мана шу сиёсий жараённи кўтаринки рухда ва юқори савияда ўтиши аввалом бор мукаммал ва синчиклаб ўтказилган тайёргарлик жараёни билан бевосита боғлиқдир.

2019 йил 25 июнда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси қабул қилинган кунидан суд тизимида Президент сайловига бағишланган тайёргарлик ишлари бошланишига сабаб бўлди.

Албатта бу жараён давомидаги асосий эътибор суд ҳокимияти вакиллари билан Сайлов кодекси талабларини ўрганиб чиқиш ва ушбу қонунчилик мазмун-моҳиятини сайловчиларга яъни, фуқароларимизга тушунтиришга, сайлов қонунчилиги талаблари бузилиши билан боғлиқ бўлган шикоятларни кўришга доир барқарор суд амалиётини шакллантиришга, бу тоифадаги ишларни судларда белгиланган муддатларда кўриб чиқиш ва адолатли қарорларни чиқариш орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва  қонуний манфаатларини тиклаш учун шароит яратишга қаратилган.

Бундан ташқари, сайлов қонунчилигидаги халқаро стандартларнинг талабларини, илғор хорижий давлатларнинг амалиётини таҳлил қилиш борасида ишларни амалга ошириш давомида:

ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги кузатувчилари делегациялари билан Олий судда бир неча учрашувлар;

ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси кузатувчилари миссияси билан Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди ҳамда 11 та вилоят маъмурий судларида учрашувлар ўтказилди.

Мамлакатимизда ўтказилган Парламент сайловлари таҳлили ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг сайлов тизимини такомиллаштиришга қаратилган тавсиялари бўйича Сайлов кодекси ҳамда айрим қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Сайлов қонунчилигидаги ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳиятини етказиш ҳамда шундан келиб чиққан ҳолда бу тоифадаги ишлар бўйича суд амалиётини шакллантириш мақсадида:

сайлов қонунчилиги ҳамда жараёни билан боғлиқ низоларни судларда кўриб чиқиш юзасидан 14 та мавзуда, маъмурий судлар судьялари билан ;

жиноят ишлари бўйича судлар судьялари билан “Сайлов жараёнлари субъектларининг қонунчиликда белгиланган жавобгарлиги” мавзусида семинар машғулотлари ўтказилди;

Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан “Сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари ва қарорлари юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишларни кўриш тартиби тўғрисида”ги қўлланма ишлаб чиқилиб, судларга юборилди;

сайлов қонунчилиги, сайловга оид низоларни судларда кўриб чиқилиши, қонунчиликда белгиланган жавобгарлик ва бошқа мавзуларда оммавий ахборот воситалари, газета ва журналларда республика судьялари томонидан мақолалар чоп этилди.

Шу даврда, сайлов қонунчилигига доир ўқув-услубий материалларни тайёрлаш ва сайлов жараёни бўйича иштирокчиларини ўқитиш юзасидан тузилган Ишчи гуруҳда Олий суд Фарғона, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ўқишларни ташкил этиб, мониторинг қилиш ишларига бошчилик қилди.

Ҳурматли анжуман иштирокчилари,

Энди рухсатларингиз билан сайлов жараёнидаги судларга ажратилган ўрин ҳақида фикр юритишга ижозат берсангиз.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 31 майида Сайлов кодекси талабларини жаҳон андозаларига келтиришга қаратилган ўзгартишлар киритилган бўлиб, юқори турувчи сайлов комиссияларининг ваколатларидан қўйи турувчи сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тартиби бекор қилинди ва бу қоида мутлоқ вақолат сифатида маъмурий судларга берилди.

Эндиликда, номзод кўрсатган сиёсий партиялар органлари, номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва сайловчилар сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари эса сайлов комиссияларининг ҳаракатлари устидан маъмурий судларга, Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари ва ҳаракатлари устидан тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиши мумкин.

Фуқароларимиз томонидан қонунда белгиланганидек, Сайлов комиссиясининг қарори устидан шикоят билан судга, қарор қабул қилинганидан кейин 5 кун ичида бемалол ва тўсиқсиз ёзма ва электрон шаклда, шунингдек чет давлатда туриб ҳам мурожаат қилишга ва судларнинг ахборот тизими орқали дарҳол рўйхатга олиниши учун шароит ва имкониятлар яратилди.

Бундай тартиб албатта кузатувчиларга ҳам таалуқли бўлиб, улар ҳам судларга ариза ёки шикоятларни умумий тартибда беришлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов кампанияси жорий йилнинг 24 июлидан бошланди.

24-июлдан 14 октябрга қадар сайлов комиссияларининг фаолиятига аралашиш, қарорларини ижро этмаслик,  номзоднинг, ишончли вакилининг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқларини бузиш, ёлғон маълумотлар тарқатиш, сайловни молиялаштириш тартибини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик билан боғлиқ ишлар судларга келиб тушмаган.

Айни пайтда сайлов олди ташвиқот жараёни бошлангандан буён, яъни 20 сентябрдан шу кунга қадар сайловолди ташвиқотини олиб бориш шартлари ва тартибини бузиш, сайловга тайёргарлик кўриш жараёнида ахборот ва ташвиқот материалларини қасддан йўқ қилиш ёки уларга шикаст етказиш билан боғлиқ бўлган қоидабузарлик учун бирон-бир шахс маъмурий жавобгарликка тортилмаган.

Шу билан биргаликда фуқароларнинг сайлаш ёки сайланиш, сайловолди тарғиботи олиб бориш ҳуқуқларини, ишончли вакилларни ўз ваколатларини эркин амалга оширишларида зўрлик ишлатиш, қўрқитиш, алдаш ёки оғдириб олиш йўли билан тўсқинлик қилиш билан боғлиқ жиноят ишлари ҳам судларнинг иш юритувига келиб тушмаганлигини маълум қиламан.

Ушбу давр мобайнида номзодлар томонидан сайлов комиссиясига ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисидаги мурожаатларига берилган жавобларидан норози бўлиб судларга ариза (шикоят) келтирилмаган.

9 октябрда эса сайловчиларнинг рўйхатлари ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилди.

Бу босқичда сайловчи - сайловчилар рўйхатига киритилмаганлик, нотўғри киритилганлик ёки рўйхатдан чиқарилганлик ҳақидаги мурожаатлари сайлов участкалари томонидан ҳал қилинмаган тақдирда ариза билан туманлараро маъмурий судига мурожаат қилиши мумкин.

Ушбу ҳуқуқдан фойдаланиш ҳақидаги аризани кўриб чиқмаганлик ёхуд рад этганлик каби холатлар юзасидан судларга жорий йилнинг 9 октябридан 21 октябрига қадар ариза (шикоят) келиб тушмаган.

Сайловчиларнинг бузилган ҳуқуқларини қисқа муддатларда тиклаш орқали уларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланган ҳуқуқларидан эркин фойдаланишини таъминлаш мақсадида қонун ҳужжатларида ушбу тоифадаги шикоятларни кўриб чиқиш учун энг қисқа муддатлар белгиланган бўлиб, сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатлари ёки қарорлари устидан берилган шикоят шу кундан эътиборан дам олиш ёки байрам куни бўлишидан қатъий назар уч кундан кечиктирмай, агар сайловга олти кундан кам вақт қолган бўлса, дарҳол кўриб чиқилиши лозим

Ушбу ишларнинг ўзига ҳос ҳусусияти, шикоятда кўтарилган масалаларнинг моҳиятини инобатга олган ҳолда ҳамда мазкур тоифадаги ишларни ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида Олий суд томонидан судларга ишни сайлов комиссияси жойлашган бинода сайёр суд мажлисида кўриб чиқиши мақсадга мувофиқлиги ҳақида тавсиялар берилди.

Шунда, ўринли савол туғилиши мумкин: “ҳозирдаги пандемия шароитида туманлараро маъмурий судлар вилоятнинг марказида жойлашган, узоқ ҳудудларда бўлиб турган аризачилар ва ишда иштирок этувчи шахсларнинг суд мажлисида иштироки қандай ташкил этилади?”.

Юқорида таъкидлаганимдек, сайловга тайёргарлик ишларини амалга ошириш жараёнида фуқароларимиз учун одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш масаласида алоҳида эътибор берилди ва замонавий ахборот технологияларни жорий қилиш орқали исталган туманда (шаҳарда) жойлашган судлардан видеоконференцалоқа орқали суд мажлисида иштирок этиш имконияти яратилди.

Бундан ташқари, Олий суднинг Интерактив хизматлар портали яъни my.sud.uz сайтида жойлаштирилган “Видеоконференцалоқа” рукни орқали фуқаро ўз уйидан, шунингдек дунёнинг исталган нуқтасидан туриб мобиль қурилмалар (телефон, планшет ва камераси мавжуд компьютер) орқали онлайн тарзда суд мажлисларида иштирок этиш мумкин.

Ишни кўриш натижалари бўйича қабул қилинган суд ҳужжати чиқарилиши биланоқ дарҳол ёзма ёки электрон шаклда тегишли сайлов комиссиясига ва шикоят берган шахсга топширилади ёхуд электрон почта манзилларга юборилади.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, хорижий давлатлардаги ватандошларимиз учун бу каби имконият ва қулайликлардан фойдаланиш учун ҳориждаги 37 та дипломатик ваколатхона ва консуллик муассасаларида ташкил этилган 54 та сайлов участкалари ҳаракатлари ва қарорлари юзасидан берилган шикоятлари Тошкент шаҳридаги 14-сонли сайлов участкаси орқали Тошкент туманлараро маъмурий суди юритувига электрон шаклда юбориш механизми яратилди.

Амалдаги қонунларимизда сайлов қонунчилигини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик ҳам белгиланган бўлиб, бундан сайлов жараёни иштирокчиларининг сайлов қонунчилигига тўлиқ риоя этишлари ва сайлов ҳуқуқлари самарали амалга оширилишини таъминлаш кафолати кўзланган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида сайлов жараёнида содир этилиши мумкин бўлган қонунбузилишлар учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи нормалар
8 та моддадан иборат бўлиб, улар 51-моддаси прим иккидан 51-моддаси прим тўққизгача бўлган моддаларда ўз ифодасини топган.

Аҳамиятлиси, мазкур ҳуқуқбузарликлар жиноят ишлари бўйича судлар томонидан бир сутка мобайнида кўриб чиқилади.

Сайлов қонунчилигини бузганлик учун жиноий жавобгарлик масаласи Ўзбекистон Республикаси
Жиноят кодексининг 146 ва 147-моддаларида белгиланган.

Фуқароларнинг сайловга оид ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, сайлов жараёни билан боғлиқ низолар ҳамда ишларни ўз вақтида ва қонуний кўриб чиқиш мақсадида:

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнлари билан боғлиқ оммавий низолар, маъмурий ҳуқуқбузарлик ва жиноий ишларни судларда тезкор кўриб чиқилишини таъминлаш ва уларни умумлаштириш бўйича Олий судда Ишчи гуруҳи (Штаб) тузилди ҳамда кечки ва тунги навбатчилик ташкил этилди.

Ишчи гуруҳнинг фаолияти, кечки ва тунги навбатчиликнинг риоя этиш жараёни Олий суд раҳбарияти томонидан алоҳида назоратга олиниб, сайлов қонунчилиги билан боғлиқ оммавий низолар, маъмурий ҳуқуқбузарлик ва жиноят ишларининг судларга келиб тушиши ва кўриб чиқилиши юзасидан кунлик мониторинг йўлга қўйилди.

Ҳурматли юртдошлар,

Эндиликда судларда ҳозирдаги сайлов кампания жараёнига доир охирги маълумотларга батафсил тўхталсам.

Хабарингиз бор, 14 октябрдан - 20 октябрга қадар муддатидан олдин овоз бериш жараёни амалга оширилди.  

Бу босқичда маъмурий судларнинг юритувига:

сайловчи олдинроқ овоз бериш ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилиш;

ушбу ҳуқуқдан фойдаланиш ҳақидаги аризани кўриб чиқмаганлик ёхуд рад этганлик каби ҳолатлар юзасидан шикоятлар келиб тушмаган.

22 октябрь сайловолди ташвиқотининг охирги куни бўлди. Сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартибини бузиш бўйича жиноят ишлари бўйича судларга маъмурий ҳуқуқбузарликка (МЖтК 515-моддаси) оид ишлар келиб тушмаган.

Бугун, 24 октябрь куни сайлов жараёнида иштирок этган сиёсий партиялар органлари, номзодлар,
уларнинг ишончли вакиллари, кузатувчилар ва сайловчилар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари бевосита сайлов жараёнидаги:

сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан;

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан маъмурий судларга мурожаат қилишлари мумкин. 

Ҳудудлар тақдим этган ахборотларга кўра, жорий йилнинг 24 октябрь соат 16-00 ҳолатига республика судларига Президент сайлови жараёнлари билан боғлиқ оммавий низолар, маъмурий ҳуқуқбузарлик ва жиноят ишлари келиб тушмаган.

Бу ҳолат ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан бу сиёсий жараён яхши ташкил этилиб, сайлов комиссияларининг фаолияти тўғри йўлга қуйилганлигидан далолат бериб, бу масалада номзодлар, сайловчи, кузатувчи ва сиёсий партия органларидан судларга шикоят тушмаганлигига, бошқа қоидабузарликлар содир этилмаганлигига сабаб бўлган.