• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
БОШ ПРОКУРОР НИҒМАТИЛЛА ЙЎЛДОШЕВНИНГ БРИФИНГДАГИ АХБОРОТИ
24.10.2021
739
Аввало, шуни қайд этиш жоизки, бу галги сайлов  жараёнлари мамлакатимиз тараққиётининг янги бос қичидаги муҳим тарихий воқеликлардан бири сифатида кечмоқда.

 

Мазкур босқичда Ватан ва халқ манфаатларини, инсон  ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли таъминлаш, унинг  қадрини кўтариш йўлида жиддий  қадамлар қўйилди.

Бинобарин, Янги Ўзбекистонни барпо этишдек улуғ  мақсад аввало, ҳар бир инсоннинг бахтиёр яшаши учун  эркин муҳит, зарур шарт - шароит ва кенг имкониятлар яратишга қаратилди.

Жумладан, фуқароларнинг устувор саналган сайлаш  ҳамда сайланиш бўйича конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилди.

Бу борада юртимизда амалга оширилган демократик ўзгаришлардан, сайлов қонунчилигидаги муҳим янгиликлардан   барчангиз   яхши   хабардорсиз,   деб   ўйлайман.

Биз учун энг муҳими шундаки, бундай ўзгаришлар фуқароларимизда юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссини кучайтирди, жамият аъзоларининг сиёсий - ҳуқуқий онги кескин ўсишига олиб келди.

Ҳозирда барчамиз муҳим сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнларига гувоҳ  бўлиб турибмиз.

Сайлов жараёнлари умумэътироф этилган халқаро қоидалар, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Сайлов кодекси асосида ошкоралик, тортишувчанлик ҳамда демократия тамойиллари остида, мутлақо янгича руҳда кечмоқда десам, хато қилмаган бўламан.

Албатта, барча соҳалар ва жараёнларда бўлгани каби сайлов кампанияси даврида ҳам қонун устуворлигини таъминлаш, тегишли қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан самарали назоратни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга.

Шу боис, сайлов кампаниясининг илк кунлариданоқ, мазкур назоратни таъминлаш ваколатига эга  бўлган прокуратура органлари томонидан фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқларига қатъий риоя этилишига, бу жараёнда қонунийликни таъминлашга қаратилган барча чоралар кўрилмоқда.

Энг аввало, бу борадаги ишларни тўғри ва самарали амалга ошириш учун Бош прокуратурада салоҳиятли ходимлардан  иборат Штаб ташкил этдик.

Барча ҳудудларга Бош прокуратура бошқарма бошлиқлари даражасидаги, сайлов қонунчилигини мукаммал  ўзлаштирган ва уни амалга ошириш механизмларини чуқур тушунадиган ходимлар бириктирилди.

Ҳудудий прокуратураларда ҳам вилоят прокурорлари бошчилигида штаблар тузилди.

Штабларга:

– сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш давомида қонунларга аниқ ва бир хилда риоя этилишини таъминлаш;

– сайловни ташкил этиш ва ўтказишга оид, шунингдек, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ мурожаатларни тезкор кўриб чиқиш ва қонун доирасида ҳал этиш;

– оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғида  эълон қилинаётган хабарларни мониторинг қилиб бориш, сайлов жараёнидаги қонун бузилиши билан боғлиқ хабарларни зудлик билан ўрганиш ва тезкор муносабат билдириш;

– сайлов жараёнларида аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини тезкор равишда бартараф этилишини таъминлаш вазифалари юклатилди.

Штабларимиз халқаро ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатди.

Жумладан, Бош прокуратурада Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитасининг халқаро кузатувчилари билан бевосита учрашувлар ўтказилди, маълумот алмашинуви йўлга қўйилди.

Марказий сайлов комиссиясининг халқаро ахборот маркази билан ҳам доимий алоқа ўрнатилди ва мунтазам равишда ахборот алмашинуви амалга оширилмоқда.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, муҳим сиёсий тадбир ўтказилиши жараёнида қонунийликни таъминлаш, мурожаатлар ва хабарларни тезкор, холис ва қонуний ҳал этиш учун айнан сайлов бўйича малакали ходимлар корпусини ҳам шакллантирдик.

Жумладан, Бош прокуратурадан 13 нафар, ҳудудий прокуратуралардан 248 нафар ходим билан сайлов қонунчилиги бўйича алоҳида ўқув машғулотлари ўтказилиб, уларнинг малакалари оширилди.

Бу ходимларимиз прокуратура органларининг барча бўғинларида ташкил этилган 24 соатлик узлуксиз навбатчиликда хизмат қилмоқда, сайлов жараёнида қонунийликни таъминлаш ишларига тўлиқ жалб   этилган.

Сизларга яхши маълум, оммавий тарзда, кенг жамоатчилик иштирокида ўтказиладиган ҳар қандай тадбирнинг тартибли, самарали ва осойишта ўтиши хавфсизлик чора-ларининг қай даражада кўрилганига ҳам боғлиқ.

Табиийки, сайлов кампанияси даврида ўтказиладиган тадбирлар ҳам бундан мустасно эмас. Шу боис, мазкур жараёнларда осойишталикни, хавфсизликни таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш учун ҳуқуқни   муҳофаза қилувчи органлар сафарбар этилади.

Қонунчиликка кўра, прокуратура органлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмаларнинг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштиради.

Айни шу дамларда, ходимларимиз бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда кенг жамоатчилик билан биргаликда ҳудудларда жамоат тартибини ва криминоген вазият барқарорлигини сақлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқ-бузарликларнинг олдини олиш чораларини ҳам кўриб бормоқда.

Ички ишлар, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати ва суд идоралари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилиб, мамлакатдаги вазият ҳақида реал вақт режимида ахборот алмашилмоқда.

Барча ҳудудлардаги тезкор - тергов гуруҳлари ўз фаолиятини кучайтирилган ҳолда узлуксиз амалга оширмоқда.

Ҳар қандай воқеа - ҳодиса, шу жумладан, сайлов  жараёнида юзага келиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ҳолатларини зудлик билан текширишга ҳамда зарур процессуал ҳаракатларни ўтказишга бу гуруҳлар ва барча воситалар шай ҳолатда.

Умуман олганда, бугунги сиёсий тадбирнинг тинч ва осойишта ўтказилиши, жамоат тартибининг сақланиши қатъий назоратга олинган.

Ишни ана шундай тартибда ташкил этганимиз, сайлов жараёнида қонунийликни таъминлаш, қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўймасликка замин яратмоқда.

Энг муҳими, бу жиҳат ҳар бир фуқаронинг сайлов билан боғлиқ ҳуқуқини рўёбга чиқариши, ўз хоҳиш - иродасини эмин  -  эркин ифода этишига имкон бермоқда.

Зотан, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, соат 15-00га қадар прокуратура органларига сайлов жараёнида қонун бузилиши ҳолати рўй бергани ҳақида хабар ва мурожаат келиб тушмади.

Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси ва бошқа идоралардан ҳам қонун бузилиши билан боғлиқ материаллар бизга тақдим этилмади.

Хабарингиз бор, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчиларга қонун талабларига мувофиқ муддатидан олдин овоз бериш имкони яратиб берилди.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 14 - 20 октябрь кунлари жами 421.618 нафар, жумладан Ўзбекистон ҳудудида бўлиб турган 301 минг нафардан ортиқ фуқаро муддатидан олдин овоз берди ва шу тариқа ўзининг сиёсий ҳуқуқидан фойдаланди.

Бу жараёнларда ҳам прокуратура органларига қонун бузилишига йўл қўйилганлиги ҳақида мурожаатлар   келиб тушмади.          

Умуман олганда, агар сайлов қонунчилиги бузилганлиги ҳақида хабар ва мурожаатлар келиб тушса ёки оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда бирор маълумотлар эълон қилинса, улар ўша заҳоти Штабимиз томонидан   алоҳида   назоратга   олинади.

Бундай мурожаатлар тезкор равишда қонун доирасида мукаммал ўрганилади ва улардаги ҳар бир ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилади.

Шу ўринда, барча юртдошларимизга айрим жиҳатларни яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман.

Сайлов қонунчилигини бузиш, яъни:

– сайлов комиссияларининг фаолиятига аралашиш, уларнинг қарорларини бажармаслик;

– номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқларини бузиш;

– номзодлар, сиёсий партиялар тўғрисида ёлғон маълумотлар тарқатиш;

– ахборот ҳамда ташвиқот материалларини қасддан йўқ қилиб юбориш ёки уларга қасддан шикаст етказиш;

– сайловни молиялаштириш тартибини бузиш;

– сайлов натижаларини эълон қилиш тартибини бузиш каби ҳаракатлар маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

Овоз беришнинг яширинлигини бузиш, сайлов ҳужжатларини қалбакилаштириш, овозларни атайлаб нотўғри ҳисоблаш, сайлов ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилиш каби жиддий қонун бузилиши ҳолатлари эса, жиноий жавобгарликка асос бўлади.

Фурсатдан фойдаланиб, кимнингки, сайлаш ёки сайланиш ҳуқуқлари бузилса ёхуд фуқароларимиз сайлов қонунчилигини бузиш ҳолатларига гувоҳ бўлса, зудлик билан ҳудудий прокуратура органларига ёки Бош прокуратуранинг 1007 ишонч телефонига мурожаат   қилишларини   сўраймиз.

Фуқароларимизнинг прокуратурага бемалол мурожаат қилишлари учун барча имконият ва шароитлар яратилган.

Асосийси, мурожаат қонун доирасида албатта кўриб чиқилади.

Ҳурматли журналистлар ва халқаро кузатувчиларга ҳам алоҳида мурожаат қилмоқчиман!

Прокуратура органлари сайлов жараёнида қонун устуворлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратмоқда ва бунинг учун барча саъй - ҳаракатларни рўёбга чиқармоқда.

Ўз навбатида, буни ҳам истисно этмаслигимиз керак – қонун бузилиши ҳолатлари ҳақидаги ҳамма маълумот ҳам бизгача етиб келмаслиги мумкин.

Сизлар бевосита жойларда сайлов участкалари ва округларида вазиятни ўрганиб, сайловчилар, сайлов комиссиялари вакиллари билан мулоқотдасиз.

Агарда, Сизларда қонун бузилиши тўғрисида бирон - бир маълумот мавжуд бўлса, уни Бош прокуратурага тақдим этсангиз, уни зудлик билан ўрганиб, тегишли баҳо берилишини таъминлаш чораларини кўрамиз.

Биз бундай ҳамкорликка тайёрмиз. Бундан буён тушадиган мурожаатлар бўйича эса, навбатдаги учрашувимизда маълум қилинади.