Пандемия туфайли юзага келган мураккаб шароитга қарамасдан, жорий йилнинг 24 октябрида илк бор Сайлов кодексига биноан, муқобиллик асосида, демократик тамойилларга мувофиқ, очиқ-ошкора ўтказилган Президент сайловида 16 миллиондан зиёд ёки 80,4 фоиз сайловчи ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиб, овоз берди.
Бу, энг аввало, мамлакатимизда собитқадамлик билан амалга оширилаётган дадил демократик ислоҳотларнинг, Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифалар амалда рўёбга чиқаётганининг ёрқин далилидир.
Айни пайтда, ўз билими, куч-ғайрати, шижоатини сайловни юксак савияда ташкил этишга сафарбар этган ўн минглаб юртдошларимизнинг заҳмати билан эришилган улкан муваффақиятдир. Бу ғоят шарафли ва масъулиятли жараённинг асосий юки сайлов комиссиялари зиммасига тушгани табиий.
Президент сайловини катта қизиқиш билан кузатиб борган халқаро ташкилотларнинг миссиялари, хорижий давлатларнинг мингга яқин кузатувчилари, юзлаб чет эллик журналистлар мамлакатимиз сайлов қонунчилиги ва амалиётида қисқа муддат ичида амалга оширилган муҳим ўзгаришни алоҳида эътироф этдилар: Ўзбекистонда эркин демократик сайловларни ўтказишга қодир замонавий ва барқарор миллий сайлов тизими яратилган!
Реал рақобат муҳитида ўтган Президент сайлови – кўп миллатли Ўзбекистон аҳли улуғ ишларга қодир буюк халқ эканлигининг яна бир ёрқин намоёнидир!
Президент сайлови, таъкидлаш жоизки, тарихи минг йилларга бориб тақалувчи ўзбек миллий давлатчилигининг, Янги Ўзбекистоннинг нуфузини янада юксалтирди. Бу мамлакатимизнинг бугунги тараққиёти ва порлоқ келажагига хизмат қиладиган муҳим омилдир.
Барчангизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, жонажон Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлидаги ишларингизда юксак муваффақиятлар, оилавий бахт, тинчлик-хотиржамлик тилаймиз!
Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссияси