Уларда мазкур юрт ва шу юртда яшовчи халқларнинг энг эзгу орзу ва интилишлари акс этган бўлади. Ўзбекистоннинг давлат рамзлари халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, шу юртда яшовчи ҳар бир фуқарога ғурур, фахр ва ифтихор бағишлайди. Бинобарин, биз бунинг каби рамз ва тимсолларга деярли ҳар куни дуч келамиз: давлат органлари – расмий идораларнинг пештоқида шу давлатнинг герби осиғлиқ эканини, байроғи ҳилпираб турганини кўрмаган киши бўлмаса керак – эътибор бермаган киши бўлиши мумкин.
Афсуски, кўриб туриб моҳиятига етмаслик ҳам эътиборсизликдан пеш эмас. Зотан рамз ва тимсолларни билиш, қадрлаш, уларга муносиб ҳурмат кўрсатиш ҳам – ватанпарварлик намунаси бўлиб ҳисобланади. Давлат байроғи мана шундай рамзлардан бири. Тарихий манбаларда, айрим ўринларда уни туғ, ялов деб ҳам аталган. Унинг бошимиз узра ҳилпираб туришидан наинки ғурур ва ифтихор ҳиссини туямиз, шунингдек байроғимиз доимо сарбаланд бўлиши учун бурчлидирмиз.
Ўзида жуда катта маъно-мазмунни мужассам этган, юксак дид ва маҳорат билан пухта ишланган, ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истакларини, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос инсонпарварликни, аждодлар ёди ҳамда миллат ғурурини мужассам этган байроғимиз сайёрамиздаги барча мамлакатларнинг давлат рамзлари орасида биз учун алоҳида ҳурмат ва эҳтиромга сазовордир.
Деярли барча давлатлар ўз байроғига эга ва улар хилма-хил. Жумладан мустақил Ватанимизнинг ҳам жаҳон ҳамжамиятида тенглар ичида тенг эканини ифода этиб тургувчи ўз байроғи бор. Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи — байроқнинг бутун узунлиги бўйлаб ўтган тўқ мовий ранг, оқ ранг ва тўқ яшил рангли учта эндан таркиб топган тўғри тўртбурчак шаклидаги матодир. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг узунлиги 250 сантиметрга, кенглиги 125 сантиметрга тенг. Мовий ранг, оқ ранг ва яшил рангли энларнинг кенглиги бир хил. Ҳар бир эн 40 сантиметрга тенгдир. Байроғимизнинг ўртасидаги оқ рангли эннинг четларидан кенглиги 2,5 сантиметрга тенг қизил ҳошиялар ўтказилган. Бу эса осойишталик, тинчлик ва барқарорлик шунингдек бунёдкорлик рамзларидир.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг юқори қисмидаги мовий рангли эннинг юз томони ва орқа томонида дастага яқин жойида оқ рангли янги ой ва унинг ёнида ўн иккита оқ рангдаги беш қиррали юлдуз тасвирланган. Ой билан юлдузлар тасвири эса ҳаётнинг бардавомлигини, тадрижийлик ва тўкислик маъносини ифодалаб турибди.
Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳам ранг танлашга жуда эътиборли бўлган эканлар. Гарчи жангу жадалларда боши узра ислом байроғини баланд кўтарган бўлсалар-да, кўчма масжидларининг гумбазини кўк ва қароргоҳларининг қуббасини қизил рангга бўяттирганлар. Сабаби кўк ранг Аллоҳнинг кўкдаги, қизил ранг эса инсоннинг ердаги қудратини ифодалар экан. Оқ ранг – поклик, беғуборлик, софликни, орзу ва ҳаёллар тозалиги, ички гўзалликка интилишнинг тимсоли бўлиб, азал-азалдан сулҳ ва амният мазмунини ифодалаб келади.
Умуман инсоният тарихида байроқнинг қачон пайдо бўлгани ва унинг рамзий маънода истифода этила бошлагани ҳақида тугал маълумот йўқ. Фақат Абулқосим Фирдавсийнинг "Шоҳнома" асарида шунга оид бир ривоят учрайди. Унда айтилишича жоҳил ва шафқатсиз ҳукмдор Заххокнинг икки елкасидан иккита илон ўсиб чиқади-да, унинг бошига ҳамла қила бошлайди. У омонлик топиш мақсадида илонлар билан сулҳ тузишга мажбур бўлади. Келишувга кўра ҳукмдор ҳар куни икки нафар фуқаросини илонларга емиш қилиши шарт бўлган – шундай бўлади ҳам. Бу ҳол узоқ давом этади. Охир-оқибат халқнинг сабр косаси тўлиб тошади. Улар юртга ва ҳукмдорга хавф солаётган илонларга қарши бош кўтарадилар. Оломонга темирчи Кова раҳбарлик қилади: у барчани атрофига тўплаш учун пешонабандини ечиб ялов қилиб кўтаргану кишилик тарихида илк байроққа асос солган эмиш.
Бу бир ривоят, ҳартугул, байроқ – темирчи Кованинг пешонабанди, деган фикрдан йироқмиз. Шундай тахмин борлигини эслатдик холос. Бирор-бир ҳужжатда расман тасдиқланган бўлса ҳам бошқа гап эди. Зеро, фанда илмий тасдиқланмаган маълумот асос бўлиб хизмат қилмайди. Илмий назарияларни ҳам тарихий манбалар билан тасдиқлаш, ҳужжат билан гапириш лозимлиги уқдирилган. Масалан, Америка қўшма штатларининг Капитолий тепалигида бунёд этилган Президент саройи, ХIХ аср бошларида рўй берган ёнғиндан сўнг қайта таъмирланиб, ташқи безак ишларига оқ мармардан фойдаланганлар. Шундан сўнг уни "Оқ уй" деб атай бошлашган. Бироқ бу атама 1903 йили Теодор Рузвельт томонидан махсус ҳужжат қабул қилинганидан кейингина расмий мақомга эга бўлган.
Байроқ сиртдан қараган кишига бир парча мато бўлиб кўриниши мумкин. Аммо унинг моҳиятига мўралаган киши мазмуни – маҳзан эканига амин бўлади. У халқнинг ўзлигини англатади, миллатнинг ор, ғурур, ифтихор сингари туйғуларини ўзида ифода этади. Жаҳоннинг юксак ареналарида спортчиларимиз зафар қучиб, бунинг шарафига мадҳиямиз янграб, байроғимиз юқори кўтарилган лаҳзаларни эсланг: бундан шаънимиз нечоғли юксалганини, ҳеч кимдан кам эмаслигимиз учун ғуруримиз қанчалар сарбаланд бўлганини, шунингдек чексиз ҳаяжонга тушганлигимизни сўзда ифодалашнинг имкони бўлмаса керак.
Байроқ муайян бир жуғрофий ҳудудда яшовчи халқларнинг мақсадлар муштараклигини, маслаклар ҳамжиҳатлигини ҳам ўзида мужассам этади. У тарқоқ томонларни жипслаштириш қобилиятига эга куч ва қудрат тимсолидир. Байроғини бой берган ҳарбий тузилма ортиқ мавжуд бўлмайди – у тарқатилади. Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган бир отахон ибратли бир воқеани сўзлаб берганди: "Тинимсиз ёғдирилган ўқ ёмғири остида полкимиз тариқдай сачраб кетди, – дея бошлаганди у маҳзун ҳикоясини, ўша суронли йилларни хотирлаб. – Бомба ва снарядларнинг портлашидан қулоқлар батанг бўлиб, карахтлик вужудга келди. Тирик қолган жангчиларни тўплаш, қарши ҳужумга ўтиш лозим эди. Бироқ командирлар қанчалик бақириб чақирмасин бунинг имкони бўлмади. Биз мўлжални йўқотиб қўйгандик. Шу асно кимдир илма-тешик бўлиб қолган полк байроғини топиб келиб боши узра баланд кўтарди: "Жанговaр байроқ остида тўплан!" – деган буйруқ янгради. Ажабо, шу лаҳза жангчиларда жонланиш пайдо бўлди, онг равшанлашди – кўп ўтмай жанг қилишга қодир жангчилар яна сафга тизилдилар ва биз курашга кирдик, ғалабага эришдик!"
Эътибордан соқит қилиб бўлмайдиган яна бир ҳақиқат шуки, байроқ жоҳиллар қўлида тажовуз тимсоли бўлиб ҳилпираши ҳам мумкин. Зотан, шамолга фарқи йўқ, йўлида учраган матони ҳилпиратаверади. Кишилик тарихида кечган босқинчилик юришларига назар ташласак, бунга янада амин бўламиз. Масалан иккинчи жаҳон уруши йиллари, фашизм байроғи остида эллик миллионга яқин инсоннинг ёстиғи қуриди. Одамнинг бош чаноғи ва иккита суякнинг тасвири акс этган денгиз қароқчиларининг байроғи қанчадан-қанча йўловчи ва юк ташувчи кемаларга хавф-хатар солгани ҳам айни ҳақиқат. Ҳозирда ҳам очиқ океанларда мана шундай қароқчи кемалар давлатлараро қатнайдиган юк кемаларига босқинлар уюштириб келаётгани сир эмас.
Экстремистик ташкилотлар, террористик уюшмаларнинг ҳам ўз байроқлари бор: улар ҳам ана шу байроқларини эзгулик харобалари устида ўрнатиб, унинг таъсир доирасини – жаҳолат кўламини кенгайтириш истагидалар. Аммо ёвузликнинг умри ҳеч қачон узоққа чўзилмаган, сафари – қисқа. Эрксевар инсонлар ҳеч қачон тажовузкор кучларга тобе бўлмаган. Нажмиддин Кубро сингари улуғ аллома бобомиз ҳам мўғул босқинчиларининг илтифотини қабул қилмай. "Ватан озодлиги ё шарафли ўлим!" дея жанг майдонига чиққан. Тарихчиларнинг шаҳодат беришларича, оғир жароҳатланиб ерга қулаётган аллома, ўлими олдидан ёвнинг яловини (байроғини) юлиб олиб, оёқлар остига улоқтирган экан.
Башарти, эзгуликка хизмат қилмайдиган ҳар қандай рамз ва тимсоллар охир-оқибат шу кўйга тушади – оёқлар остида топталади. Башарти, шамолда ҳилпираган ҳар қандай матога байроқ деб қараб бўлмайди. Ким байроғини қаерга қўндирмоқчи, у ерда нима экиб, нима ундирмоқчи, бу борада – огоҳликни қўлдан қўймаслик лозим. Инчунун, бу масалада бизнинг мустаҳкам мақсад ва муддаомиз бор. У давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг: “Ҳеч шубҳасиз, ўз кучимиз ва имкониятларимизга бўлган ишонч бизни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек эзгу мақсад йўлида бирлаштириб, янада кучли ва мустаҳкам қилмоқда. Бу интилишлар улкан амалий ишларга айланиб, буюк халқ ҳаракати тобора кенгайиб бормоқда...
Ортимизда тоғдек таянч ва суянч бўлиб турган кўпмиллатли халқимиз, ҳаёт йўлларида тўғри йўл кўрсатадиган мўътабар нуронийларимиз, меҳнаткаш, оқила опа-сингилларимиз, илғор ва замонавий фикрлайдиган, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган азму шижоатли ёшларимиз бор. Энг муҳими, жамиятимизда тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва меҳр-оқибат муҳити ҳукм сурмоқда...
Биз барчамиз “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган ягона мақсад атрофида бирлашиб, масъулият ва жавобгарликни чуқур ҳис этган ҳолда, фидокорона меҳнат қилиб, ўз орзу-мақсадларимизга, иншооллоҳ, эришамиз” – деган сўзларида ўз аксини топган. Демакки, мақсадимиз учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш, Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшаш ҳамда тараққиёт чўққилари сари юксалиш экан байроғимиз ҳам баландга бўйлаб, юксакларда ҳилпирайверади.
Худоёр МАМАТОВ,
Марказий сайлов комиссияси котиби,
Юридик фанлар доктори, профессор