• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Ўзбекистон Республикасида Сенатор сайловини ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари
06.12.2021
1899
Ўзбекистон Республикаси Сайлов Кодексининг 14-бобида Сенатни шакллантириш тартиби белгиланган бўлиб, унга кўра Сенат аъзоларини сайлаш билан боғлиқ жараёнларни амалга ошириш қоидалари акс эттирилган.

Жорий йилнинг 6 декабрь куни Марказий сайлов комиссияси ҳамда Тошкент Давлат юридик университети билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг Кенгашлари 2021 йил 7 июндаги қарори билан тасдиқланган “Аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш миллий дастури" ижроси юзасидан “Йўл харитаси”нинг 7-бандига мувофиқ “Ўзбекистон Республикасида Сенатор сайловини ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари” мавзусида маҳорат дарси ташкил этилди. Маҳорат дарсини МСК аъзоси Б.Юнусов ҳамда ТДЮУ Конституциявий хукук кафедраси профессори в.б. ю.ф.д. И. Бековлар олиб боришди.  

Маьлумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ҳудудий вакиллик палатаси ҳисобланади. Сенат ўз фаолиятини минтақавий муаммоларни умумдавлат манфаатлари билан уйғун ҳолда ҳал этишга қаратади.  Сенатнинг ваколат муддати — беш йил.

Сенат аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда — олти кишидан сайланади. Сенатга сайлов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади.

Сенатнинг ўн олти нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади.

Сенат аъзоларининг сайлови Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайланганидан кейин бир ойдан кечиктирмай ўтказилади. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг сайлов куни йигирма беш ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган депутати Сенат аъзолигига сайланиш учун номзод бўлиши мумкин.

Мамлакатимизда Олий Мажлис Сенати аъзолари сайловларининг қонун талаблари асосида демократик принциплар асосида ўтказилиши ва Парламент юқори палатасига ҳар томонлама муносиб номзодлар сайланиши Сенатнинг ҳудудлар манфаатларини умумдавлат манфаатлари билан уйғун ҳолда рўёбга чиқаришдаги фаолиятини янги босқичга олиб чиқишда муҳим роль ўйнайди.

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати