• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Халқ ишончи ва меҳрини қозониш - энг олий саодат
07.12.2021
1321
Жорий йилнинг 24 октябрь куни мамалакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеа - Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтди. Муқобиллик асосида ва қизғин рақобат муҳитида ўтган сайловда Шавкат Мирзиёев сайловчиларнинг энг кўп – 80,12 фоиз овозини олиб, ишончли ғалаба қозонди.

Сайловда конституциявий нормалар ва халқаро сайлов стандартларига биноан Ўзбекистон Республикасининг Президенти даврийлик принципи асосида сайланди.

Бу Ўзбекистон Республикасининг умум эътироф этилган халқаро демократик сайлов тамойилларига садоқатининг амалдаги яна бир исботидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови халқаро мезонлар ва стандартларга мос миллий сайлов қонунчилигимизга, унда белгиланган очиқлик, ошкоралик, эркинлик ва адолат каби умумэътироф этилган демократик принципларга тўла мос ҳолда, кўтаринки руҳда ўтказилди.

Бу,  энг аввало, мамлакатимизда собитқадамлик билан амалга оширилаётган дадил демократик ислоҳотларнинг, Ҳаракатлар стратегиясида  белгилаб берилган вазифалар амалда рўёбга чиқаётгани ва юксак самаралар бераётганининг ёрқин далилидир.

Айни пайтда, яратилган ана шундай кенг шароит ва улкан имкониятлардан фойдаланиб, ўз билими, куч-ғайрати, шижоатини сайловни юксак савияда ташкил этишга сафарбар этган  ўн минглаб юртдошларимизнинг заҳмати билан  эришилган улкан муваффақиятдир.

Бу ғоят шарафли ва масъулиятли жараённинг  асосий юки сайлов комиссиялари зиммасига тушгани табиий. Бешта сиёсий партия ва уларнинг номзодлари ўртасида муқобиллик асосида ва реал рақобат муҳитида ўтган сайлов Ўзбекистонда эркинлик ва  демократия амалда мустаҳкамланиб бораётганининг  ёрқин намойишига айланди.

Сўнгги беш йил мобайнида мамлакатимиз миллий сайлов қонунчилигида жиддий ўзгаришлар юз берди. Нуфузли халқаро экспертлар таъкидлаганидек, Янги Ўзбекистонда сайлов қонунчилигини изчил такомиллаштириш ҳамда сайловларни ўтказиш амалиёти сифат жиҳатидан янги поғонага кўтарилди.

Бу галги Президент сайлови илк бор 2019 йилда қабул қилинган Сайлов кодекси асосида ўтди.

Сайлов қонунчилигига шу йилнинг 8 февраль ва 31 май кунлари киритилган ўзгартишлар ва қўшимчаларга биноан, энг аввало, сайлов жараёни иштирокчилари, яъни сайловчилар, сиёсий партиялар, сайлов комиссиялари, оммавий ахорот воситалари ҳамда кузатувчиларнинг ҳуқуқлари ва кафолатлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Замонавий ахборот технологияларини жорий этиш орқали сайлов жараёнларини бошқариш тизими янада такомиллаштирилди.  

Барча даражадаги сайлов комиссиялари ўз ишини Сайлов кодекси талабларига биноан, қонунийлик, мустақиллик, холислик, очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик тамойилларига тўла амал қилган ҳолда ташкил этди.

Сиёсий партиялар ва Президентликка номзодлар учун сайлов кампанияси даврида сайловолди  ташвиқоти учун тенг ва кенг имкониятлар яратилди.

Сайлов участкаларида пандемия шароитида аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш, сайловчилар ва сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш учун зарур шароитлар яратилди.

Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, айни куз фасли бўлишига қарамай, сайлов куни она Ўзбекистонимизнинг барча ҳудудларида, Яратганнинг инояти билан, майин кўклам қуёшининг чарақлаб тургани ҳам сайловчиларимизга баҳорий кайфият, кўтаринки руҳ ва улкан ишонч бағишлади. Фуқароларнинг сайловда фаол ва эркин овоз беришида муҳим омил бўлди. 

Айни пайтда, сайловчиларнинг бу фаоллиги жорий йилда миллий сайлов қонунчилигимизга халқимиз билан бамаслаҳат киритилган ўзгартиришларга биноан сайлов кунининг қорли-қировли совуқ декабридан мутадил октябрь ойига   кўчирилиши ғоят  тўғри иш бўлганлигининг амалдаги яна бир далолатидир. 

Президент сайловини нуфузли халқаро ташкилотлар, жумладан, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотнинг Парламент Ассамблеяси ҳамда Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, Туркий тиллий давлатлар Ҳамкорлик Кенгаши, Туркий Кенгаш Парламент Ассамблеяси ҳамда Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти каби йигирмага яқин халқаро ташкилотдан ва элликка яқин хорижий давлатдан жами мингга яқин  халқаро кузатувчи ҳамда 1672 нафар маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг вакиллари бевосита кузатиб ва ёритиб борди.

Халқаро кузатувчилар ва оммавий ахборот воситаларининг бундай кенг кўламли иштироки Ўзбекистонда ўтган сайловлар тарихидаги рекорд кўрсаткичдир.

Шунингдек, сайловда иштирок этган бешта сиёсий партиядан ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан қарийб 64,5 минг нафар вакил сайловни бевосита кузатиб борди.

Биринчи марта мамлакатимизнинг туман ва шаҳарларидаги 207  сайлов участкасига ўрнатилган 414 видеокамера орқали узатилган онлайн трансляцияни миллионлаб одамлар кузатиш имкониятига эга бўлди.

Шунингдек, минглаб сайлов участкаларидан журналистлар томонидан теле- ва радио, фото репортажлар, интервьюлар ва хабарлар мунтазам узатиб турилди. Интернетдаги ижтимоий тармоқлар, веб-сайтлар орқали бутун дунёга намойиш қилинди.

Сайлов кампанияси даврида Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот маркази ва унинг ҳудудий бўлимларида сайлов жараёнининг барча иштирокчилари учун кенг медиа-майдон яратилди. Уларда юзлаб матбуот анжуманлари, брифинглар, интервьюлар, семинарлар, учрашувлар ўтказилди.

Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг раҳбарлари, Олий суди раиси, Бош прокурори, Ички ишлар, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлари, округ сайлов комиссиялари раисларининг ахборотлари тингланди.

Сайлов кампаниясига старт берилган кундан буён хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида 76 мингдан ортиқ материаллар эълон қилинди.

Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури қабул қилингани ва изчиллик билан амалга оширилгани сайловларни қонун талаблари асосида, юксак ташкилий даражада ўтказишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этди.

Бу йилги Президент сайловининг ўзига хос жиҳатларидан яна бири – бу сайловчиларимизнинг фуқаролик масъулияти, мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотларга дахлдорлик туйғусининг янада ошганлиги билан боғлиқ.

Сайлов Ўзбекистон халқининг юксалиб бораётган сиёсий тафаккурини, ижтимоий фаоллиги ва маданий савиясини яна бир бор яққол намоён этди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Зеро, сайлов ўзининг, фарзандларининг эртасини ўйлаган миллат, халқ ҳамда Ватанини севган ҳар бир садоқатли инсон учун улкан имкониятдир.

Сайловчилар рўйхатига киритилган 20 миллиондан ортиқ сайловчидан 80,4 фоиздан кўпроғи иштирок этгани бунинг далилидир. 

Сайловда консуллик рўйхатида турган турмаганлигидан қатъи назар, хорижда истиқомат қилаётган барча ватандошларимиз учун 37  давлатда ташкил этилган 54 сайлов участкасида овоз бериш имконияти яратилди. Авваллари фақат консуллик ваколатхоналаридан расман рўйхатдан ўтган Ўзбекистон фуқароларигина сайловларда қатнашарди.

Сиёсий партиялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодлар сайловчиларнинг қуйидаги миқдордаги овозини олди:

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод Баҳром Абдуҳалимов – 3,39 фоиз;

Ўзбекистон Экологик партиясидан номзод Нарзулло Обломурадов – 4,14 фоиз;

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод Алишер Қодиров – 5,48 фоиз;

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Максуда Варисова – 6,63 фоиз;

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Мирзиёев – 80,12 фоиз.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига кўра, овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 50 фоиздан ортиғининг овозини олган номзод Президент этиб сайланган, деб ҳисобланади.

Ушбу маълумотларга таяниб, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Мирзиёев сайловчиларнинг энг кўп – 80,12 фоиз овозини олиб, ишончли ғалаба қозонди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.

Халқ ишончи ва меҳрини қозониш инсон учун энг олий саодатдир!

Шавкат Миромоновичнинг энг олий мартаба ва  ана шундай олий саодатга иккинчи маротаба мушарраф бўлгани бағрикенг давлат раҳбарининг фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини, хавфсизлиги ва фаровонлиги, қонуний манфаатларини таъминлаш, бир сўз билан айтганда, инсон қадр-қимматини юксалтириш борасида узоқни кўзлаб юритаётган  сиёсатига халқимизнинг берган юксак баҳосидир.

Бу бағрикенглик нафақат сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида, балки сайловдан кейин ҳам янада ёрқин намоён бўлди. Давлатимиз раҳбари муқобиллик асосида ўтган сайловда бошқа партиялардан кўрсатилган номзодларнинг келгуси фаолиятларига омад тилар экан, биз куни кеча ўзаро рақобат қилган бўлсак, энди барча орзу-интилиш ва ҳаракатларимизни бирлаштириб, жонажон Ватанимиз равнақи йўлида фаол ҳамкорлик қиламиз, деб алоҳида таъкидлади.

Дунёдаги энг осойишта, энг барқарор ва энг гуркираб ривожланаётган демократик мамлакатлардан бири сифатида тан олинган Янги Ўзбекистонимизга ҳеч қачон кўз тегмасин.

 

Зайниддин НИЗАМХОДЖАЕВ,

 Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси Раиси,

 Ўзбекистон Қаҳрамони

 

(Манба: “Гулистон” журнали, 2021 йил 5-сон)