Мажлисда Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил иккинчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлари юзасидан ахбороти ва Марказий сайлов комиссиясининг 2022 йил биринчи ярим йиллигига мўлжалланган иш режаси тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.
Комиссия аъзолари дастлаб Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил иккинчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлари юзасидан ахборотини кўриб чиқдилар.
Қайд этилганидек, Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил иккинчи ярим йилликдаги фаолияти Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Сайлов кодекси, Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил иккинчи ярим йиллигига мўлжалланган иш режаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастури ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича календарь режага мувофиқ ташкил этилди ва амалга оширди.
2021 йил иккинчи ярим йиллигида Марказий сайлов комиссияси фаолияти асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга қаратилди. Сайловни миллий қонунчилик ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқ, эркин ва демократик, очиқ ва ошкора тарзда ўтказиш учун Марказий сайлов комиссияси томонидан барча ташкилий чоралар кўрилди. Белгиланган тадбирларни муддатида ва юқори даражада бажарилиши таъминланди.
Сайлов участкаларида пандемия шароитида аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш, сайловчилар ва сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг хавфсизлиги таъминлаш мақсадида махсус йўриқнома ишлаб чиқилди.
Сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш ҳақидаги концепцияга мувофиқ, сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов қонунчилиги ва амалиёти бўйича назарий билим ва амалий кўникмаларини янада юксалтириш мақсадида каскад усулида ўқув-семинарлари ташкил этилди.
Шунингдек, сайлов комиссиялари фаолиятида замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати билан ишлашда хато-камчиликларга йўл қўймаслик ҳамда “Бир сайловчи – бир овоз” тамойилини таъминлаш мақсадида Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими операторларини тайёрлаш бўйича каскад усулидаги ўқувлар ўтказилди.
Сайлов кампанияси даврида сайловчиларга ўз сайлов участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди.
Марказий сайлов комиссиясининг янгиланган расмий веб-сайти ҳамда Ўзбекистон Респбликаси Президенти сайловига бағишланган saylov2021.uz ахборот веб-портали ишга туширилди. Сайлов комиссиялари аъзолари ва сайловчилар учун қулайлик яратиш мақсадида сайловга оид брача маълумотларни ўз ичига қамраб олган махсус Saylov 2021 мобил иловаси ишлаб чиқилди.
Сайловчиларнинг сайлов тўғрисида хабардор қилиш, уларнинг электорал маданиятини юксалтириш мақсадида Марказий сайлов комиссияси томонидан республика бўйича кенг кўламли ахборот-тушунтириш ишлари олиб борилди. Ахборот материаллари бир неча тилларда чоп этилиши, шунингдек расмий веб-сайтга жойлаштирилиши таъминланди. Имконияти чекланган сайловчиларни сайловда тўлақонли иштирок этишини таъминлаш мақсадида қатор ташкилий тадбирлар амалга оширилди.
Сайлов жараёнларида оммавий ахборот воситалари ва кузатувчилар фаолияти учун барча шароитлар яратилди. Сайлов кампанияси даврида Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот маркази ва унинг минтақавий бўлинмаларида малакали журналистлар ва экспертлар фаолият юритди.
Сайловни кузатган ЕХҲТ ДИИҲБ ўзининг дастлабки хулосасида COVID-19 пандемияси билан боғлиқ муаммоларга қарамай, Марказий сайлов комиссияси ўз фаолиятини қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда профессионал ва самарали амалга оширди, илк бор очиқ мажлислар ўтказиб, қарорларини ўз вақтида эълон қилди, бу билан эса, у сайлов жараёнининг ошкора бўлаётганлигини кўрсатиб берди деб таъкидлади.
Бу эътироф бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига мамлакат миқёсида кўрилган тайёргарликка берилган муносиб баҳо бўлди.
Мажлисда Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил иккинчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлари юзасидан тайёрланган ахборот кенг муҳокама қилиниб, Комиссия аъзолари томонидан маъқулланди.
Мажлисда Марказий сайлов комиссиясининг 2022 йилдаги устувор вазифалари белгилаб олинди ҳамда 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигига мўлжалланган иш режаси тасдиқланди.
Марказий сайлов комиссиясининг иш режаси Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси бошлаб берган миллий ривожланишимизнинг янги босқичида Комиссия фаолиятини “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил асосида самарали ташкил этиш, белгиланган устувор вазифаларни тизимли амалга ошириш ҳамда уларнинг натижадорлигини таъминлашга қаратилган.
Комиссия аъзолари келгуси йилда амалга ошириладиган ишлар, муҳим вазифаларни муҳокама этар эканлар, сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш, норма ижодкорлиги, сайлов жараёнлари ва сайлов қонунчилигини қўллаш амалиётини таҳлил қилиш, Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, сайлов тизими ва сайлов жараёнларини кенг ёритиш, жамоатчилик билан алоқаларни мустаҳкамлаш, сайлов тизимига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш, сайлов жараёнларига замонавий ўқув технологиялари ва услубий ёндашувларни тадбиқ этиш, халқаро ҳамкорлик йўналишида амалга оширилиши лозим бўлган ишларга алоҳида этибор қаратдилар.
Кун тартибига киритилган масалалар юзасидан Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати