Маълумки, сайловчилар рўйхатини тузилиши - фуқароларнинг умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқини - халқаро сайлов стандартларини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамиятга эга. Сайловчиларни рўйхатга олиниши овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларни идентификация қилиш ҳамда рўйхатга олиш имконини берадиган асосий восита ҳисобланади.
Марказий сайлов комиссияси раҳбарияти, Адлия вазирлиги, Давлат персоналлаштириш маркази, АКТ вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идораларнинг масъул раҳбарлари иштирок этган йиғилишда сайлов қонунчилигини янада такомиллаштириш ва фуқароларнинг шахсга доир маълумотлари ҳимоясини таъминлаш учун тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш юзасидан таклиф ва тавсиялари кўриб чиқилди.
Таъкидлаш жоиз, мазкур ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишдан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда бўлиб ўтадиган турли даражадаги сайловлар даврида сайлов участка биноларига осиб қўйиладиган сайловчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг шахсга доир маълумотлари хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқий нормаларни такомиллаштиришдан иборат.
Йиғилишда қайд этилганидек, қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда Австралия, Нидерландия, Озарбайжон, Россия, Қирғизистон, Қозоғистон, Эстония, Япония каби давлатларда сайловчининг шахсига оид маълумотлар билан ишлаш тажрибасига оид қонунчилик амалиёти ўрганилган.
Австралияда сайловчини рўйхатга олишда сайловчининг фамилияси, исми ва манзили федерал сайловчилар рўйхатига киритилади. Агар фуқаро ўзига ёки оила аъзолари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўз манзили сайловчилар рўйхатига киритилишини истамаса у ўзининг шахсий маълумотларини эълон қилмасдан туриб сайловчи сифатида рўйхатга олиш учун ариза бериши мумкин.
Нидерландияда сайлов участкаларида сайловчилар рўйхати тузилмайди. Овоз бериш кунига камида 14 кун қолганда ҳокимликлар рўйхатга олинган ҳар бир сайловчига шахсий сайлов картасини почта орқали жўнатади, у сайлов бюллетенини олгандан кейин сайлов участкасида шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан бирга кўрсатилиши шарт.
Озарбайжонда сайловчиларнинг доимий рўйхати ҳар йили 30-майга қадар ҳар бир сайлов участкаси бўйича участка сайлов комиссияси томонидан Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган шаклда тасдиқланади ва овоз бериш кунига камида 25 кун қолганида янгиланади.
Сайлов куни сайловчилар рўйхатига ҳеч қандай қўшимча ёки ўзгартириш киритилиши ва босма нашрда эълон қилиш таъқиқланган бўлиб, сайловчиларнинг рўйхати белгиланган тартибда Марказий сайлов комиссиясининг тегишли веб-сайтига жойлаштирилади. Бунда сайловчиларнинг яшаш манзиллари кўрсатилмайди.
Агар сайловчи қасддан бир нечта сайловчилар рўйхатига киритилган бўлса, у Озарбайжон Республикасининг Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексига мувофиқ маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Россия Федерациясида фуқарони маълум бир сайлов участкаси бўйича сайловчилар рўйхатига киритиш учун унинг яшаш жойи тўғрисида Россия Федерацияси фуқароларини рўйхатга олиш органлари томонидан сайловчининг ушбу сайлов участкаси ҳудудида белгиланган тартибда қайд этилганлиги ҳақидаги маълумоти асос бўлади.
Россия Федерациясида яшаш жойига эга бўлмаган сайловчилар Давлат Думаси депутатлари сайловида Федерал сайлов округида овоз бериш учун Мобил сайловчи механизмидан фойдаланишлари мумкин. Яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган сайловчилар эса, агар яшаш жойи шу сайлов округи ҳудудида бўлса, бир мандатли сайлов округи бўйича ҳам овоз беради.
“Мобил сайловчилар” механизми сайловчиларга овоз бериш куни унинг турган жойи рўйхатга олинган жойига тўғри келмасада ва сайлов округи ҳудудида жойлашган бўлса сайловда овоз бериш имконини беради.
Овоз бериш куни(лар)ида вақтинчалик яшаш жойида бўлган сайловчилар белгиланган тартибга мувофиқ сайловчилар рўйхатига киритиш ҳақида ариза бериш ҳуқуқига эга. Сайловчи турган жойидаги сайловчилар рўйхатига киритиш учун "Давлат хизматлари" портали орқали ёки ҳудудий сайлов комиссиясига ёхуд давлат ва коммунал хизматлар кўрсатишнинг кўп функционал маркази орқали ариза бериши мумкин.
Қирғизистонда сайловчилар рўйхати сайлов участкаларининг чегараларини ҳисобга олган ҳолда Aҳоли ягона давлат реестрига киритилган шахсий маълумотлар (шу жумладан биометрик маълумотлар) асосида тузилади. Aҳолининг ягона давлат реестрини шакллантириш, сақлаш ва янгилаш ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.
Ҳар бир сайловчи сайловчиларнинг дастлабки рўйхатида хато ёки ноаниқлик аниқланган тақдирда, овоз бериш кунига камида 15 календар кун қолганда тегишли участка сайлов комиссиясига тасдиқловчи ҳужжатлар нусхасини илова қилган ҳолда ариза билан мурожаат қилишга ҳақли, бунда сайловчи биометрик идентификациядан ўтади. Ҳар бир сайлов участкаси бўйича сайловчиларнинг қоғоздаги якуний рўйхатининг осиб қўйиш учун мўлжалланган иккинчи нусхасида якуний рўйхатга киритилган сайловчиларнинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар бўлмаслиги керак.
Сайловчиларнинг якуний рўйхатларида мавжуд бўлган шахсий маълумотларга тегишли маълумотларни тузатиш, нусха кўчириш, эълон қилиш йўли билан ошкор қилиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади.
Қозоғистон Республикасида фуқаронинг сайловчилар рўйхатига киритилиши учун сайловчиларнинг сайлов участкаси ҳудудидаги яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги асос бўлади, фуқароларини яшаш жойи бўйича рўйхатга олишни амалга оширишга ваколатли органлар адлия органлари ҳисобланади.
Эстониянинг аҳоли реестрининг назоратчиси аҳоли рўйхати маълумотлари асосида сайловчилар рўйхатини тузишни ташкил этади ва уни сайлов кунига 25 кундан кечиктирмай Давлат сайлов комиссиясига юборади. Аҳоли реестрининг назоратчиси сайловга камида 10 кун қолганида сайлов тўғрисидаги ахборот варақасини тайёрлаш ва юборишни ташкил этади. Маълумот варақаси электрон шаклда Эстония маълумотлар порталидан рўйхатга ўтган ёки аҳоли рўйхатига киритилган электрон почта манзилига эга сайловчиларга юборилади. Ушбу давлат қонунчилигида сайловчилар рўйхатини участка биносида осиб қўйиш тартиби мавжуд эмас.
Японияда актив сайлов ҳуқуқини рўёбга чиқаришнинг асосий шарти сайловчининг сайловчилар рўйхатига киритилиши ҳисобланади. Японияда сайловчилар рўйхатини даврий тузиб борилиши мажбурий ҳисобланади.
Сайловчининг шахсий маълумотларини текшириш ҳар чоракда – март, июнь, сентябрь ва декабрда ҳамда ҳар бир сайловдан олдин амалга оширилади. Сайловчилар рўйхати муниципал сайлов комиссияларида тайёрланади ва сақланади.
Марказий сайлов комиссияси томонидан шунингдек сайловчилар рўйхатини аниқ юритиш мақсадида сайловчилар рўйхатига ўзгартириш киритиш муддатини тўхтатишнинг оптимал муддатлари ҳам ўрганилмоқда.
Бу ҳақда сўз юритганда, сайловчилар ягона электрон рўйхатига ўзгартиришлар киритишни сайловга бир неча кун қолганида тўхтатиш тажрибаси хорижий мамлакатлар қонунчилигида кенг қўлланилишини кўриш мумкин.Жумладан, Литвада сайловчилар рўйхати сайловга 7 кун қолганида ёпилади, Францияда - 5 кун қолганида, Жанубий Корея ва Швецияда – 12 кун қолганида, Данияда-15 кун қолганида, Германияда – 16 кун қолганида, Латвияда -18 кун қолганида ёпилади.
МСК бўлиб ўтган йиғилишда, хорижий давлатлар сайлов қонунчилигига асосланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 28-моддасини – “Сайловчиларнинг дастлабки рўйхатидан сайлов комиссиялари мазкур участка ҳудудида яшовчи аҳолини уйма-уй айланиб чиқиш йўли билан аниқлаштириш учун фойдаланади. Ушбу рўйхатни расмга олиш, видео тасвирга тушириш ёки бошқа йўллар билан кўпайтириш ва тарқатиш, шу жумладан интернет тармоғи ва ижтимоий тармоқларга барча танишиши мумкин тарзда, очиқ жойлаштириш тақиқланади” деган норма билан тўлдириш, шунингдек, Сайлов кодексининг 29-моддасини “Участка сайлов комиссияси биносида сайловчилар рўйхати ҳамма танишиб чиқиши учун қулай бўлган стендларга осиб қўйилади. Бундай рўйхатда сайловчиларнинг яшаш жойи манзили кўрсатилмайди” деган норма билан тўлдириш таклиф этилди”.
Тадбирда мазкур ҳужжат лойиҳаси учун билдирилган таклифлар ва тавсиялар ўрганилиб тез фурсат ичида жамоатчилик муҳокамасига киритиш вазифаси белгилаб олинди.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати