• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Тошкент Давлат Транспорт университетида онлайн семинар машғулоти
28.01.2022
672
Жамиятнинг демократия йўлидан жадал ривожланиши ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражасига боғлиқ. Мамлакатимизда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг моҳиятини англаш, ушбу жараёнда иштирок этиш фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти юқори бўлишини тақозо этади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг иккинчи бўлими “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” деб номланган, ушбу бўлмнинг 8-боби “Сиёсий ҳуқуқлар”га бағишланган бўлиб, 32-моддасида фуқароларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги иштироки ҳақидаги норма белгиланган.

Унга кўра Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилади.

 Шунингдек, Конституциянинг 117-моддасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга эканлиги, ҳар бир сайловчи бир овозга эгалиги, овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланиши белгилаб қўйилган.

Мазкур нормаларни ҳаётга тадбиқ этиш мақсадида Ягона Сайлов Кодекси ишлаб чиқилган.

Юқоридагиларни инобатга олган холда, Марказий сайлов комиссияси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2021 йил 7 июндаги Қўшма қарори билан тасдиқланган Аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури ижросини таъминлаш доирасида Тошкент Давлат Транспорт университети талабалари учун онлайн семинар ташкил этилди.

МСК аъзоси Б.Юнусов томонидан олиб борилган семинарда сайлов Кодексининг қабул қилиниши, тузилиши, асосий қоидалар мамлакатимизда ўтказиладиган сайловлар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, парламент депутатлари, маҳаллий Кенгашларга сайловлар ҳақида маълумотлар берилди.

Шунингдек, сайловларни очиқ, ошкора ўтказилиши, сайлов комиссиялари фаолияти, сиёсий партиялар иштироки, кузатувчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари фаолияти билан боғлиқ нормалар ва уларни амалга ошириш усуллари хусусида сўз юритилди.

Семинар давомида тингловчиларга анимацион ва видеороликлар ёрдамида сайлов жараёнларини ўтказиш тажрибаси амалий мисоллар билан ёритиб берилди.

Шунингдек, 150 нафар тингловчи иштирок этган семинарда СЯЭР, келгусида бўлиб ўтадиган сайловлар,  сайлов ёши тўғрисидаги  саволларга батафсил жавоб берилди.