Бугун Тошкент вилояти ҳокимлигида 2021 йил 24 октябрь куни мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда фаоллик кўрсатган 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссияси аъзоларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Унда Марказий сайлов комиссияси аъзоси Суяржон Қурбонқулов, Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев, шунингдек давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссиясида самарали фаолият кўрсатган бир гуруҳ фидойи инсонлар меҳнати эътироф этилди. Қайд этиш жоиз, комиссия ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси, Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Календар режаси ҳамда амалдаги қонун ҳужжатлари асосида олиб борди. Унинг таркиби жами 21 нафардан иборат бўлиб, улардан 7 нафарини аёллар ташкил этди. Вилоят бўйича 900дан зиёд сайлов участкалари аҳоли учун қулай ҳудудларда бўлишига алоҳида эътибор қаратилиб, имкон қадар, кейинги беш йил ичида янги қурилган бино ва иншоотлар танланди.