“Сайлов жараёнларини бошқариш” мавзусидаги икки кунлик ўқув тадбири Марказий сайлов комиссияси вакиллари учун ташкил этилди.
Тадбирнинг очилиш маросимида МСК раиси Зайниддин Низомходжаев, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) миссияси директори Микаела Мередит, Сайлов тизимлари халқаро жамғармасининг (IFES) Ўзбекистон бўйича директори Тамар Жвания иштирок этди.
З.Низомхўжаев тадбир иштирокчиларига табрик сўзи билан мурожаат қилар экан, Ўзбекистон давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларини таъминлаш эканини таъкидлади.
Мамлакатимизда охирги йилларда фуқароларнинг вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш борасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлашда кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Сўнгги йилларда демократик талабларга жавоб берадиган замонавий сайлов тизимини яратиш, фуқаролар ва сиёсий партияларнинг сайлов жараёнларида эркин ва фаол иштирокини таъминлаш, сайлов ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқаришнинг ишончли кафолатлари мамлакатимизда амалга оширилаётган янгилаш ва модернизация қилиш сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бирига айланди.
Таъкидланганидек, сайловлар кучли фуқаролик жамиятига эга демократик конституциявий давлатнинг муҳим белгисидир. Улар халқ иродасини ифодалаш, унинг сиёсий ҳаётда, жамиятда ва давлат бошқаруви, давлат ҳокимиятини шакллантиришда бевосита иштирок этишининг асосий шаклидир.
Сайлов кампаниялари демократия учун жуда муҳимдир. Демократик сайловлар туфайли инсонлар ўзини фуқаро, деб ҳис қилади, сиёсий тизимни бошқаришда иштирок этади.
Шу билан бирга, сайловга барча зарур маъмурий-ҳуқуқий, ўқув-амалий тайёргарлик ишларини амалга оширишни назарда тутувчи жабҳаларни самарали татбиқ этиш муҳим аҳамият касб этади.
Ўқув машғулотлари сайловни ташкил этиш контекстида бошқарувнинг моҳияти, уларни режалаштириш тушунчалари ва методологияларини ўзлаштириш, сайлов жараёнини бошқариш учун зарур бўлган билим ва амалий кўникмаларни шакллантиришга қаратилган.
Марказий сайлов комиссияси